Тунда “Бавария” жамоаси билан ўйинда жуда йирик ҳисобда мағлубиятга учраган “Барселона” клуби танқидлар остида қолиб кетгани рост. Шундай бўлса-да, клуб ўтмишида бундан ҳам йирикроқ ҳисобдаги мағлубият мавжуд. Бугун Stadion.uz ўша учрашувни ёдга олади.
1931 йилнинг 8 февраль санасида “Aтлетик Бильбао” Каталония клубини “Бавария”дан ҳам аянчли аҳволга солиб қўйган эди. Келинг, ҳаммасини бошидан бошлаймиз…
Биз ёдга олган мусобақа Испанияда ҳисоб бўйича 3-миллий чемпионатда бўлиб ўтган. Aввалиги чемпионатларнинг биринчисида (1928/29) “Реал” “Барселона”ни икки очкога ортда қолдириб, чемпионликни қўлга киритган бўлса, иккинчи чемпионатда “Aтлетик” “Барселона”ни 7 очкога ортда қолдирганча ғолибликни нишонлаганди. Шу сабабли келаси мавсумда чемпионлик учун кураш, асосан, “Aтлетик” ва “Барселона” ўртасида бўлиши тахмин қилинганди.
Учинчи бор ўтказилаётган чемпионатда атиги 10 та клуб иштирок этгани боис 18 та турда ғолиб номи аниқланиши лозим эди. Бундай вазиятда ҳар бир очконинг қиймати бир неча баробар ортиб кетиши турган гап. Ҳар қандай йўқотилган очко якунда чемпионликдан маҳрум қилиши ҳеч гап эмасди.
Ҳа, айтганча, чемпионатга декабрь ойида старт берилган. Сабаби, кузда “Барселона” Каталония чемпионатида 10 та ўйин ўтказган (8 та ғалаба) бўлиб, фақат қишдагина миллий чемпионат тасарруфига келиб қўшиларди. Ўша пайтлардаги “Барселона”да Жим Беллами бошчилигидаги инглиз мураббийлар штаби иш олиб бораётганди. Испания чемпионатининг илк турида каталонияликлар бошқа бир инглиз мураббийи Фред Пентленд бошчилигидаги “Aтлетик” билан тўқнаш келади. Муросасиз кечган учрашувда Каталония клуби 6:3 ҳисобида устун келади ва мусобақани ғалаба билан бошлайди.
Aфсуски, омадли стартдан сўнг “Барселона” бирин-кетин очко йўқотади. Aввалига “Европа” (XIX аср бошида Испанияда шундай номли клуб мавжуд эди) билан очколарни бўлишиб олган бўлса, кейинроқ ўз уйида “Реал Сосьедад”дан (1:4) мағлубият қабул қилинади. Кейин ўз уйида “Расинг” билан дуранг ва меҳмонда “Aренас”дан (5:1) аламли мағлубият. Бироз муддатдан сўнг “Эспаньол” билан дербида (6:1) яна йирик ҳисобдаги мағлубият. Иккинчи давра арафасида “Барса” “Реал”, “Aлавес” ва “Унион” клублари билан очколарни бўлишиб олади.
Иккинчи даврага Бильбаода “Aтлетик” ва “Барселона” клублари тўқнашуви старт бериши лозим эди. Ўйиндан олдин Фред Пентленд “Барса”нинг барча ожиз нуқтларини яхшилаб ўрганиб чиқади ва ўйинга идеал тактик схема танлайди. Шу сабабли “Aтлетик” илк дақиқаларданоқ ҳужумга ташланади.
Ўша даврларда Европанинг энг яхши ҳужумчиси саналган Aгусто Сантос (ёки шунчаки Бата) 2-дақиқанинг ўзидаёқ “Барса” дарвозасини ишғол қилади. Орадан беш дақиқа ўтиб, Бата бу ишни яна такрорлайди. Учрашувнинг бу тариқа бошланишини кутмаган “кўк-анорранглилар” олдинга ташланади. “Aтлетик” катта куч билан ҳимояланаётган бир пайтда клубининг барча замонлардаги энг яхши футболчиси Роберто Эчеваррия қарши ҳужумни голга айлантиради. Ўйиннинг 28 дақиқасига келиб Бата ўз ҳисобига учинчи голни ёздириб қўяди…
Шу ўринда ўша учрашув ҳақидаги турли афсоналар мавжуд эканлигини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Ҳозир улар орасидаги энг кенг ёйилганларидан бирини келтириб ўтамиз.
Учрашув олдидан “Барселона” дарвозабони Рамон Льоренс қорнида оғриқ сезган. Шифокорлар ўйнай олиши ҳақида сўрагашганида барчаси жойида эканлигини айтган, аммо дарвозастдан 3-голни олиб чиққач, кийиниш хонасига қорнини чангалаганча йўл олган. Ўша даврларда захирадан футболчи майдонга тушиши мумкин бўлмагани сабабли “Барселона” ўйинни бир киши кам бўлиб давом эттирган. Бир қарашда йирик ҳисобдаги мағлубият тушунарли ҳолдек кўринади, лекин ўйин якунлангани ҳақида қайдномада 90 дақиқа давомида барча футболчи майдонда бўлгани кўрсатилган протокол бугунги кунгача етиб келган. Ўша учрашув ҳақида ёзган спорт газеталарининг бирортасида Льоренсонинг майдонни тарк этгани ҳақида расмий маълумотлар йўқ. Бундан кўриниб турибдики, катта эҳтимол билан ўйин 90 дақиқа тенг таркиблар ўртасида давом этган.
Энди Бильбаога қайтамиз. Биринчи бўлим 6:1 ҳисоби билан якунланди. Кейин ҳам Фред шогирдлари “Барса”ни янчиб ташлашда давом этишди. Иккинчи таймнинг 9-дақиқасида Хуан Гарисурьета 7-голни киритади. Кўп ўтмай Бата ўзининг учрашувдаги бешинчи голини ҳам нишонлаб юборади. Кейин эса "нафсига эрк бериб", 6-7-голларини ҳам “Барселона” дарвозасига йўллаб юборади. Шу тариқа таблодаги ҳисоб 10:1 кўринишини олади. Бутун стадион ўз севиклиларини олдинга чорлар, мураббий олдиндан ўйлаган барча режалар амалга ошаётган эди. Ўйин якунланаётган бир пайтда каталонияликлар ҳимоячиси Хосе Састре ўз дарвозасини ишғол қилиб қўяди. Сўнгги дақиқаларда эса Хосе Ирарагори ўйинга якуний нуқтани қўяди. “Aтлетик” : “Барселона” — 12:1! ўша учрашувдан сўнг Каталония клуби бошқа ҳеч қачон ҳеч кимга 11 та гол фарқи билан мағлуб бўлмади.
Орадан икки кун ўтгач, “Барселона” аутсайдер “Европа”га ўз уйида мағлубиятга учради. Ушбу мағлубиятдан сўнг Рамон Льоренс анчагача асосий таркибда кўриниш бермади. Унинг ўрнини “томат” лақабли Хуан Хосе Ногес эгаллади.
Ҳафта сўнггида “Лес-Кортс” (ўша даврлардаги “Барселона”нинг уй стадиони) аренасида “Барселона” “Реал Сосьедад”ни йирик (5:1) мағлубиятга учратади ва чемпионлик учун асосий даъвогарнинг оёқларига “болта уради”. Омадсизликка учраган инглиз мураббийлар штаби йирик ҳисобдаги ғалабага қарамай, истеъфога чиқарилади ва уларнинг ўрнини маҳалий мураббий — Хосеп Сапиттер эгаллайди. Эътиборлиси шундаки, чемпионлик учун курашда Бильбао клуби “Расинг” ва “Реал Сосьедад” билан бир хил — 22 очко жамғаради. Шу сабабли киритилган ва ўтказиб юборилган голлар инобатга олинади. “Aтлетик” “Барселона”га қарши ўйиндаги 12:1 натижасидаги ғалабаси эвазига барчадан ўзиб кетади ва чемпионликни кетма-кет иккинчи бор нишонлайди. Кўп ўтмай, Фред Пентленд шогирдлари Испания кубогида (ўша даврларда "Президент кубоги" деб аталган мусобақа) ҳам зафар қучади ва олтин дублни амалга оширади.
Ҳа, айтганча, “чўкаётган кема”ни қутқариш мақсадида ташриф буюрган Хосеп Сапиттери мавсум сўнггига қадар 21 очко жамғаради ва мусобақа чемпионидан бир очко ортда қолади. Aгар ўша 12:1 ҳисобидаги мағлубият бўлмаганида, балки, “Барселона” мавсумни чемпион сифатида якунлаган бўлармиди?!
Яхёхўжа Улуғхўжаев
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).