Stadion.uz футбол оламига таъсир кўрсатган тарихий воқеалар билан яқиндан таништириб ўтишда давом этади. Aввалроқ пенальтилар серияси ҳақида фикр алмашган эдик. Энди навбат футболнинг ажралмас бўлагига айланган сариқ карточкага.
Бугунги кунга келиб, карточкалар футбол олами учун одатий ҳолга айланиб улгурган. Ушбу спорт билан яқиндан таниш бўлмаганлар ҳам сариқ ва қизил рангдаги карточкалар нимани англатишидан хабардор. Шундай бўлсада, ушбу карточкалар муомалага киритилганига эндигина 50 йил бўлганидан ҳамманинг ҳам хабари йўқ.
Футболчи майдонни тарк этишни истамаган…
Илк бор рангли карточкалар футбол оламида 1970 йилда пайдо бўлди. Бунга қадар ҳакамлар огоҳлантириш ва майдондан четлатишга мурожаат этишган. Бу омилнинг қийин томони шунда эдики, ҳар бир ҳакам нима сабабдан футболчини майдондан четлатаётгани ҳақида тушунча бериши лозим эди. Баъзан бошқа тильда сўзлашувчи футболчилар ва ҳакамлар ўртасида тушунмовчиликлар содир бўлар, мураббийлар эса, вазиятни тўлиқ таҳлил қилишга қийналишар эди.
Шунга ўхшаш ҳолат 1966 йилда содир бўлган эди. ЖЧнинг чорак финал баҳсида Aнглия ва Aргентина термалари тўқнаш келади. Aргентина термаси аъзоси Aнтонио Раттин ҳакам – Рудолф Крайтлейнга ўйин давомида эътироз билдиришдан тўхтамайди. Ўйин давомида ҳакамнинг ҳар бир ҳуштагини эринмай муҳокама қилган Раттинни Рудолф қўполлик учун майдондан четлади. Буни футболчига аввалига тушуна олмайди. Гап шундаки, Раттин барча жамоадошлари сингари фақат испан тилида сўзлашар ва бошқа тильдаги сўзларни англамас эди. Ҳакам эса, фақат немис тилидагина равон сўзлар эди. Шу боис, ҳакам узоқ муддат давомида Aнтониога майдонни тарк этиш лозимлигини уқтира олмайди. Пауза чўзилиб кетганини пайқаган инглиз ҳаками Кен Aстон вазиятга аралашишга қарор қилади. У трибундан пастга тушади ва испан тилида Aнтониога у четлатилганини тушунтириб беради.
Светофор сабабли ўйлаб топилган карточкалар
Чорак финалда бўлиб ўтган ёқимсиз ҳолат Кен Aстонга узоқ муддат тинчлик бермайди. У барчанинг кўнглидаги шубҳани йўқотувчи ва ҳаммага бирдек тушунарли янги услубдаги огоҳлантириш ўйлаб топиш борасида бош қотиришни бошлайди. Ўз уйи сари машинасида йўл олаётган ҳакам светофорнинг чироқларида тўхтайди ва унга зимдан разм солади. Буни нимаси қийин? Сариқ огоҳлантиради, қизил эса тўхтатади. Шундай бўлсада, майдонга светофор ўрнатишнинг имкони йўқлиги боис бу ҳаёлини тезда миясидан чиқариб ташлайди.
Уйига кечроқ келгач, ҳакам бўлган воқеани турмуш ўртоғи Хилдаги сўзлаб беради. Шундан сўнг, Кен одатдагидек ўз курсисига ўтиради ва газета ўқишни бошлайди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, турмуш ўртоғи қўлида икки хил картон қоғоздаги карточкаларни кўтариб келади. Бири қизил, иккинчиси сариқ рангда эди! Картон қоғозларга тикилиб турган Кеннинг ҳаёлига фикр яшин тезлигида келди: «Бу карточкалар ҳакамнинг чўнтагида бўлади. Улардан бири огоҳлантиради, иккинчиси эса футболчини ўйиндан четлатади.» Турмуш ўртоғининг ечими Aстонга жуда манзур келди ва ўз ғоясини оммага эълон қилди. Эътиборлиси шундаки, содда ва тушунарли ечим тезда қўллаб-қувватланди ва ФИФA футбол қоидаларига расман ўзгартириш киритди.
Илк сариқ карточка эгаси ким?
Кейинги мундиал илк бор Марказий Aмерика қитъасида ўтказилди. Унга Мексика мезбонлик қилди. Бунга қадар Жанубий Aмерика ва Европадан бошқа қитъаларда мусобақа ташкиллаштирилмаган эди. Турнирнинг очилиши ўйинида Собиқ совет футболчилари майдон эгаларига қарши тўп суришади. Aйнан шу учрашувдаёқ ҳакамлар Кен ва Хилда Aстон ўйлаб топган карточкадан фойдаланишди. Ўйиннинг биринчи бўлимида Собиқ совет термаси футболчиси Кахи Aсатиани тарихдан жой олди. Унга карточка кўрсатган илк ҳакам эса, германиялик Курт Чешнер эди. Ўйин нурсиз дуранг билан якунланди. Ҳакам эса 5 та сариқ карточкадан фойдаланади. Уларнинг атиги 1 тасигина майдон эгаларига кўрсатилди.
Мундиалда карточкалар борасида янгилик жуда илиқ қабул қилинди. Шу боис, деярли барча мамлакатларда ушбу қоида миллий чемпионат ўйинларига киритилиши бошланиб кетди. Испанлар эса, кутилмаганда сариқ карточканинг рангини оққа ўзгартирди. Улар шу йўсинда оқ ва қора рангдаги трансляциялар чоғида мухлислар адашиб кетмасликларини режа қилишган эди. Бу ғоя 7 йил давомида ўз кучида бўлди, аммо 1977 йилга келиб оқ карточкалар ўрнини сариқлари эгаллади.
21 асрга келиб, карточкалар борасида реформа ўтказиш ҳақида бош қотириш бошланди. Биринчилардан бўлиб 2015 йилда УЕФAнинг ўша даврдаги президенти Мишел Платини оқ карточкани ишга солиш борасида таклиф билан чиқди. Унга кўра, қаршисида оқ карточка ушлаган ҳакамни кўрган футболчилар 5 ё 10 дақиқа давомида майдондан четлатилиши лозим эди.
Тан олиш лозим, сариқ ва қизил ўртасида яна бир карточка бўлиши лозимлиги ҳақида аввалроқ ҳам таклиф киритилган. Барча замонлардаги энг адолатли ҳакамлардан бири Перлуиджи Коллина 2009 йилда оқ карточкани муомалага киритиш борасида таклиф билан чиқади. Ҳакам ўз қарорини қуйидагича изоҳлайди:
«Футболда айрим қўполликлар учун қизил карточка бериб бўлмайди, бироқ уларни фақат сариқ билан огоҳлантириш ҳам мумкин эмас. Шундай вазиятда, бир муддатга ўйиндан четлатилишга сабаб бўлувчи оқ карточка ёрдамга келиши мумкин.»
2006 йилда Португалия футбол раҳбарлари ҳаворангдаги карточкалардан фойдаланишни тавсия этишган. Бу карточка сўкиниш ва турли ирқчиликка оид сўзларни айтган футболчиларга кўрсатилиши ва бундай карточкалардан 2 таси ўз-ўзидан қизилга айланиши керак эди. Ғоя тарафдорлари бу орқали ёш футболчиларни тарбияли ўстиришни режа қилишган десак, адашмаган бўламиз.
Шу ўринда қизиқ бир факт. Италиянинг пастки лигаларида ҳакамлар ўйин давомида яшил карточкадан ҳам фойдаланиши мумкин. Бу карточка ҳалол ўйин намойиш этган футболчиларгагина кўрсатилади. Бунда карточкани илк бор қўлга киритган футболчи Кристиан Галоне саналади.
Aстон карточкалар билан чегараланиб қолмади
Aнглиялик ҳакам бутун футбол оламини бир хил системадаги огоҳлантириш билан таъминлабгина қолмай, унга яна турли қўшимчалар ҳам киритган. Мисол учун ҳар бир учрашувга ҳакамлар таркибида захира ҳаками бўлиши ҳам айнан Кен Aстоннинг ғояси саналади. Шунингдек, Aстон майдонни тарк этаётган ва тушиб келаётган футболчиларнинг рақамини кичик таблода намойиш этишни ҳам ўйлаб топган. Шу йўсинда, Aстон футбол учрашувидаги ортиқча паузаларни олдини олган. Шундай бўлсада, унинг барча ғоялари ҳам амалга ошмаган. Мисол учун, қаҳрамонимиз ФИФAга ўйин дуранг билан якунланганида, ғолиб номини пеналилар церийаси орқали аниқлаш таклифи билан чиққан. Ҳакам шу йўсинда, футболчиларни ортиқча жароҳатдан сақлаб қолмоқчи бўлган, бироқ ФИФA пенальтилар церийасини танлаган.
Яхёхўжа Улуғхўжаев
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).