Футбол тарихида шундай ўйинчилар борки, болалигида эрталаб нима ейишини билмас эдилар. Ҳатто, оёғига бутса олишга ҳам пули йўқ бўлган. Севган инсонини хурсанд қилиш учун футболга қайтиб, машҳурлик даражасигача эришган. Ҳозир шундай оғир синовларни мардонавор енгиб ўтган футбол юлфузлари ҳақида ҳикоя қиламиз.
Диего Марадона
Марадона афсонага айланишдан олдин Буенос-Айресдан ташқаридаги шинамгина Вилла Фиорито шаҳрида ўсган. У ерда битта хонада етти ака-ука бирга яшашган. Яшайдиган жойи шунчалик ҳароб эдики, баъзан Диегонинг ўзи ҳам бу жойлардан бош олиб кетишни хоҳлаб қоларди. "Унда футболдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди", дейди шу ердаги маҳаллий аҳоли. "Ўқимаган, кўйлаксиз ва ялангоёқ эди. У шунчаки худонинг инъоми билан тирик қолган". Камбағалликда ўсган Марадона ўн беш ёшида ўзининг биринчи профессионал шартномасини имзолади. Шундан кейин унинг оиласида ҳам кўплаб егуликлар пайдо бўлишни бошлади. Йигирма бир ёшда жуда катта пул эвазига "Барселона" жамоасига қўшилди. Ҳа, яхши кунлари ҳали олдиндалигини сезар эди. Марадонадан 100000 доллар атрофида мерос қолган.
Алексис Санчес
Оддийгина Санчес номи билан ҳам танилган чилилик профессионал футболчи, А сериянинг "Интер" клуби ҳужумчиси. Футболчилик фаолияти давомида "Удинезе", "Барселона", "Арсенал", "Манчестер Юнайтед" каби жамоаларда тўп тепган футболчининг болалиги жуда ачинарли аҳволда кечган. Санчес Чилининг камбағал кончилар шаҳри — Токопиллада ўсган. Унинг истеъдодига қарамай, оиласи футболчига бутса сотиб олиб беришга қурби етмади. Санчеснинг онаси ўзи ўқийдиган мактабида фаррошлик қилган. "Ойим мактабда фаррошлик қилаётганида, мени уни у ерда кўришни ёқтирмаганим учун яширинардим", деб эслайди Алексис. Санчеснинг ўзи ҳам ишлар эди. Кўчада машиналарни ювиб, оиласи учун қўшимча даромад келтиришга ҳаракат қиларди. Ҳозирги пайтда чилилик футболчининг бойлиги тахминан 50 миллион долларни ташкил этади.
Неймар
Кичик Неймар ёки шунчаки Неймар номи билан танилган. “ПСЖ” ва Бразилия терма жамоасининг ҳужумчиси. Неймар ўта камбағал оилада туғилган, унинг рекорд даражадаги трансфер нархи 222 миллион еврони ташкил этган. Буларнинг ҳаммаси Бразилиянинг жанубидаги кичик туманидаги ахлатхонадан бир неча чақирим наридан бошланган. Неймарнинг оиласи шунчалик оғир аҳволда яшардики, баъзида чиқиндихонадаги қолдиқ овқатлар билан қорин тўйдиришган. Футболчининг иқтидори ёшлигидан намоён бўла бошлаган. Жуниор 12 ёшида биринчи шартномасини имзолаганидан сўнг Неймарга айланди. Кўпинча у анча ёши катта рақибларга қарши ўйнарди. Футболчи "Палмейрас" клубига мухлислик қилиб улғайганига қарамай, у "Сантос" футболчиси бўлган. Кейинчалик "Барселона" жамоасида ҳам тўп тепган. Неймарнинг бойлиги ҳозирда тахминан 185 миллион долларни ташкил этади.
Дани Алвеш
Оиласидаги беш фарзанддан бири бўлган Алвеш қишлоқда туғилган. Данининг оиласи деҳқончилик билан кун ўтказган. Алвеш ҳар куни елкасига белкуракни қўйганча далага ишлагани кетар, ишдан бўшаганидан футбол майдонига югурар эди. Унинг кунлари шу тарзда ўтган. Дани Алвеш туғилган қишлоқ Бразилиянинг шимолий-шарқида жойлашган миттигина туманда жойлашган бўлиб, у жойларга эътибор жуда кам бўлар эди. Футболчи шу жойдан машҳурликка эришган жуда оз кишилардан биридир. Ҳозирги пайтга келиб, бразилиялик иқтидорнинг футбол орқасидан тўплаган маблағи 60 миллион долларни ташкил этади.
Криштиану Роналду
"Ювентус" клуби ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси. Роналду Португалиянинг Мадейра шаҳридаги қашшоқ Сан-Антонио маҳалласида туғилган. Онаси Долорес Авейро Роналду туғилишидан олдин уни аборт қилмоқчи ҳам бўлган, чунки оиласидаги етишмовчилик сабаб яна бир фарзанд туғилиши ортиқчалик қиларди деб ўйлаган. Роналдунинг отаси боғбон, онаси эса ошпаз бўлиб ишларди. 14 ёшида у ўзига нисбатан ҳурматсизлик қилгани сабаб ўқитувчисига стул отгани учун мактабдан ҳайдалиб кетади. Кейин, Роналду оиласини боқиш учун ишлашга мажбур бўлади. Роналду 8 ёшида "Андориньо" ҳаваскорлар жамоасида тўп тепишни бошлайди. Бироз вақтдан кейин Роналду Лиссабоннинг "Спортинг" жамоаси таркибига қўшилади. Фаолиятининг бошида мураббийлар Роналдунинг нозиклигидан хавотирда эдилар ва шу сабабли унга машғулотдан сўнг қўшимча овқат беришарди. 2003-йилда Роналдуни "Манчестер Юнайтед" билан шартнома имзолади. У клубга қўшилгач, 28-рақамни сўради, аммо унинг ўрнига 7-рақамни беришган. Улар бўлажак юлдузга рақамини ҳурмат қилишга ва CR7 сифатида танилишига ундайди. Ҳозирги кунда Роналдунинг бойлиги тахминан 460 миллион долларни ташкил қилади ва бу уни дунёнинг энг бой спортчиларидан бирига айлантирган.
Лука Модрич
Болалик йиллари Хорватия мустақиллик уруши авж олган пайт тўғри келган. У ёшлигида жуда кўп қийинчиликларни кўрган. Бироқ, Лука ўша даврларда ҳам футбол ўйнашни давом эттирди. Ота-онасининг моддий аҳволи ёмонлиги сабабли Модрич болалигининг кўп қисмини бобоси ва бувисиникида ўтказган. У 5 ёшида эчки боқадиган чўпон бўлиб ишлаган, кейинчалик унинг бобоси сербиялик исёнчилар томонидан қатл этилган. Уларнинг уйи ёниб кетган ва натижада оила ушбу ҳудудни тарк этишга мажбур бўлган. Модрич болалигиданоқ футболга қизиқиб қолган. У ўзининг бўйи паст ва озғин бўлса-да, ҳатто "сендан футболчи чиқмайди", деб айишганда ҳам ортга чекинмаган. Модрич илк шартномасини "Динамо Загреб" жамоаси билан имзолаган. Кейинчалик, Лондоннинг "Тоттенхэм" жамоасига қўшилган. 2012 йилда Лука дунёнинг энг яхши футбол клубларидан бири "Реал Мадрид"га ўтади. Ҳа, Модрич қашшоқликдан қиролликкача кўтарилди. Бу унинг фаолиятидаги энг муваффақиятли давр бўлган. Модрич ўз терма жамоасини билан 2018-йилги Жаҳон чемпионати финалигача чиқди ва мусобақанинг энг яхши футболчисига бериладиган "Олтин тўп" мукофотини олди. Хабарларга кўра, Модричнинг бойлиги 75 миллион долларни ташкил қилади.
Луис Суарес
Суареснинг болалик йиллари Салто шаҳридаги чанг кўчаларда, поябзалсиз тўп тепиш билан ўтган. Унинг отаси шу шаҳарда юк ташувчи бўлиб ишларди. Шунинг учун ҳам Суареснинг болалик йилларининг кўп қисмини олти ака-укаси билан ишлашга сарфлаган. Суарес ҳар доим футболдаги муваффақиятини ёшлигида дуч келган қийинчиликлар билан изоҳлаган. Суарес Уругвайнинг Монтевидео шаҳридан қарийб 500 километр шимолда жойлашган Салто шаҳрида ўсган етти ака-уканинг ўртанчаси эди. Уларнинг оиласи етти ёшида пойтахтга кўчиб ўтишади. Луиснинг ота-онаси тўққиз ёшида ажралиб кетишди ва у бу нарса унга жуда таъсир қилган. Бу ҳодисадан сўнг Суарес футболдан кетишга қарор қилади. Аммо, у ёқтирадиган София исмли қиз, агар мен билан бўлишни хоҳласанг футболга қайтасан деган шартни қўяди. Кейинчалик, "Гронинген" жамоаси сафига қўшилган. Шундан сўнг унинг ҳаётида ҳам ёрқин кунлар бошланган. Ҳозирда Суарес ва София иккита фарзанднинг от-онасидир. Тахминларга кўра, ҳозирда Суареснинг бойлиги 70 миллион долларни ташкил қилади.
Анхел Ди Мария
Аргентинада болалиги камбағалликда ўтган Ди Мария оиласига пул топишда ёрдам бериш учун кўмир конида ишлашга мажбур бўлган. Улар жуда камбағал эдилар, ҳатто унинг футбол ўйнаш учун поябзали ҳам йўқ эди. Унинг оиласининг даромади камлиги сабабли, футбол бутсаларини сотиб олиш ва Ди Мариянинг севимли машғулотларини бажариши учун шароит яратиб бериш ота-онасига жуда қийин бўлган. Ди Мария оиласи олдин озиқ-овқат дўкони бўлган уйда яшаган. "Бу нарса мен доимо ичимда сақлаб келаман. Менинг футбол ўйнашим ва бутса кийишим учун менинг икки синглим уйсиз қолиши керак эди" , - деган Ди Мария интервюсида. "Мен ва опа-сингилларим кўмир конида ҳам ишлардик, яшаш ниҳоятда қийин эди". Анхел гиперактивликдан азият чеккан, шунинг учун ота-онаси шифокор билан маслаҳатлашиб, унинг соғлом ҳолатига қайтишга фақат спорт ёрдам бериши мумкинлигини маслаҳат беришди ва шу тариқа Ди Мария футбол футбол ўртасидаги севги ҳикояси бошланган. Кейинчалик катта футболдан даромад олишни бошлагандан сўнг, шундай деган: "Футбол нафақат менинг ҳаётимни, қолаверса, бутун оила-аъзоларимни ҳаётини сақлаб қолган. Уйсизликда, очликда, азобланишлардан... Аргентиналик профессионал футболчининг бойлиги 22 миллион долларни ташкил этади.
Садио Мане
Сенегалда жуда қашшоқ оилада туғилган, шу сабабли унинг ота-онаси ҳатто уни таълим олишига ҳам маблағ топиб беролмасди. Садио ҳам футболни бутсасиз бошлаган футболчилар қаторида. У футболга бўлган эҳтиросини ҳаётда жуда эрта топган, чунки мактабга боришга пул йўқлиги сабабли, маҳалладаги бошқа болалар билан футбол ўйнаш энг яхши тўғри йўл эди. 15 ёшида француз скаути уни Сенегалда тасодифан учратиб қолиб, унинг ажойиб истеъдоди борлигини сезади ва ўзи билан Францияга олиб кетади. Мане Франциянинг "Метц" жамоасида ўйнай бошлайди. Болалигида кўп қийинчиликни кўрганлиги сабабли, Сенегалдаги қашшоқ ва ночор оилаларга ёрдам бериб келади. Мане ўз интервьюсида "Нега мен ўнта Феррари, 20 дона олмосли соат ва иккита реактив самолётни хоҳламайман? Бу нарсалар дунё учун нима қиларди? Мен очликдан қийналдим, далада ишладим, ялангоёқ футбол ўйнадим ва мен мактабга бормаганман. Энди мен одамларга ёрдам бера оламан. Мен мактаблар қуришни ва камбағалларга овқат ёки кийим-кечак беришни афзал кўраман. Биз мактаблар, стадион қурдик, биз жуда қашшоқ одамларни кийим-кечак, поябзал ва озиқ-овқат билан таъминладик. Бундан ташқари, мен жуда камбағал Сенегал минтақасидан бўлган одамларга оилавий иқтисодиётига ўз ҳиссаларини қўшиш учун ойига 70 евро бераман", — деган эди Садио. Мане ҳафтасига ўртача 90 минг фунт ишлаб топади, бу ҳафтасига 121 минг доллар. Унинг тахминий бойлиги 24 миллион долларни ташкил этади.
Златан Ибраҳимович
Златаннинг отаси ичкиликбоз эди, шунинг учун ота-онаси у атиги икки ёшида ажралиб кетишган. Бир куни Ибраҳимовичнинг велосипедини ўғрлаб кетишади. Шундан сўнг у ўғирлик йўлига ўтиб кетади. Устозлари бу нарсани сезиб қолиб, унга танбеҳ берганидан сўнг, ўғирлик қилмай қўяди. Агар, у дўстлари билан овқатланишга кирса, фақат битта гапни қайтарарди, "Мен ҳеч нарса буюртма бермадим, ҳатто уни тўлаш учун пулим ҳам йўқ”, деб айтарди.
"Мен бутун дунёга қарши туришни ва мендан шубҳаланадиган ҳар кимга ҳақиқатан ҳам кимлигимни кўрсатишни истадим", деб ёзган Златан "Мен Златан" автобиографиясида. "Ҳеч мени тўхтата оладиган одамни тасаввур қила олмадим". Ҳа, Златанга бундай характер ярашар эди. Камбағал бўлиб туғилган футболчи ҳозирда қарийб 90 миллион доллар миқдорида маблағ йиғди, бу уни дунёдаги энг бой 14-футболчига айлантиради.
Жамшиджон Маҳмудов.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).