Тобора яқинлашиб келаётган Ёзги Олимпиада ўйинлари стартига 4 ойдан камроқ вақт қолди. Спорт байрамининг эркаклар футболи турнирида 23 ёшгача бўлган ўйинчилардан тузилган 16 жамоа нуфузли соврин учун курашади. Жамоалар ўз таркибларига 3 нафар ёши чекланмаган футболчини жалб этиш ҳуқуқига эгалар. Хўш, мусобақада иштирок этиш бахтига муяссар бўлиш футбол оламининг қайси юлдузларига насиб этади?
Мексикада ниҳоясига етган сўнгги саралаш турниридан кейин Токио Олимпиадасининг барча иштирокчилари маълум бўлди. Жумладан, Европа шарафини Франция, Германия, Испания ва Руминия терма жамоалари ҳимоя қиладилар. Қитъамиз номидан Австралия, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва мусобақа мезбони - Япония қатнашади. Шунингдек, Америка қитъасидан Бразилия, Аргентина, Мексика ва Гондурас, Африкадан Миср, Кот-д“Ивуар ҳамда ЖАР, Океаниянинг ягона вакили бўлмиш Янги Зеландия терма жамоаларига нуфузли йўлланма насиб этди.
Анъанага кўра, Олимпия ўйинларида ёшлар терма жамоалари қатнашади. Шу боис, барча иштирокчилар имтиёздан унумли фойдаланиб, таркибга 3 нафар тажрибали ўйинчиларни жалб этадилар. 2016 йилда Бразилия таркибида майдонга тушган Неймар, ундан 4 йил аввалроқ Уругвайга ёрдам берган Луис Суареслар бунинг яққол мисоли. Энди Токиога йўл олиши мумкин бўлган номдор юлдузлар мавзусига ўтамиз.
МУҲАММАД САЛОҲ (Миср)
Олимпиада ўйинлари «Ливерпуль» ҳужумчиси учун янгилик эмас. У 2012 йилда Лондонга «Базел»нинг 20 ёшли мисрлик вакили сифатида келганди. Гуруҳ босқичининг ҳар бир учрашувида гол урган ҳужумчи жамоасининг 28 йиллик танаффусдан кейин чорак финалга чиқишига улкан ҳисса қўшди. Бироқ Миср Японияга имкониятни бой бериб (0:3), кейинги босқичга ўта олмади.
9 йилдан кейин Салоҳни яна Олимпия терма жамоаси кутмоқда. Бош мураббий Шавқи Ғарибнинг айтишича, у Муҳаммадни бир неча бор жамоага таклиф этган, ҳужумчи ҳозирча таклифни рад этмади. Демак, Японияга ташриф буюриш иштиёқи йўқ эмас. Мисрликлар ўз тарихларида илк бора ғолиблик учун курашиш ниятидалар. Бу борада Европанинг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлган Муҳаммад Салоҳнинг иштироки муҳим аҳамият касб этади. Тўғри, бунинг учун Токио турнири пайтида янги мавсумга тайёргарлик кўраётган «Ливерпул»нинг розилигини олиш талаб этилади.
СОН ХЮН МИН (Жанубий Корея)
АПЛнинг бу вакилини ҳам мухлислар Олимпиада ўйинларида кўриш умидидалар. «Тоттенхэм»даги қитъадошимиз барча мусобақаларда ватани шарафини ҳимоя қилишга одатланган. У ЖЧ ва Осиё кубоги, Осиё ўйинларида, Рио-де-Жанейро Олимпиадасида майдонга тушган. Унинг кўмаги билан кореяликлар охирги Олимпия ўйинларида чорак финалгача етиб боришганди.
Соннинг терма жамоалардаги мунтазам иштироки сабабларидан бири шуки, у ҳарбий хизмат мажбуриятини адо этишни истамаган ва ўзига ўхшаган профессионал футболчилар қатори ватанига медаль келтириш мажбуриятини олганди. 2018 йилдаги Осиё ўйинларида ғолиб чиқиш орқали ваъдани бажарди.
НЕЙМАР (Бразилия)
Бу ҳужумчи 2016 йилда Рио Олимпиадаси финалида ғолибликни нақд қилган пенальтини амалга ошириш ва Бразилияга дастлабки Олимпиада чемпионлигини ҳадя этиш билан миллат қаҳрамонига айланди. Неймар 4 йил аввалги турнирда ҳам қатнашган ва Лондондан кумуш медаль соҳиби сифатида қайтганди.
Ўтган йили бразилияликлар Неймарнинг навбатдаги иштироки хусусида «ПСЖ» билан музокара ўтказишганди. Бироқ турнир пандемия туфайли бир йилга кечиктирилди. Энди ҳужумчининг қатнашиши қийинлашиб қолди - мавсум якунида Америка кубоги стартга чиқади, миллий терма жамоа ҳам унинг кўмагидан умидвор. Аммо бу ўлкада юксак савия соҳиблари етарли. Агар Неймар таклифни рад этса, Японияга бошқа ватандоши йўл олади.
АНТУАН ГРИЗМАНН
(Франция)
Иқтидорли ҳужумчи 2018 йилда Олимпия терма жамоасида ватан шарафини ҳимоя қилиш истагини билдирганди. Ўшанда у 2024 йилда Париж мезбонлигида ўтадиган турнирни назарда тутганди. Бироқ францияликлар Олимпия ўйинлари саралашидан муваффақиятли ўтиб, Токио йўлланмасини қўлга киритишди. Шу тариқа Антуанда шу йилнинг ўзида қатнашиш имконияти юзага келди. Ундан фойдаланишга худди Неймар каби Гризманнга ҳам тақвим тиғизлиги халал бериши мумкин. Боиси, миллий терма жамоа бўлажак Евро иштирокчиси, Антуан савиясидаги футболчилар учун қитъа чемпионати муҳимроқ. Агарда Гризманн Японияни афзал кўриб, «Барселона» бунга қаршилик қилмаса, у нафақат ўз термаси, балки Олимпия турнирининг ёрқин юлдузларидан бирига айланиши мумкин.
Бошқа бир француз - Килиан Мбаппе эса ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам Олимпиада беллашувларидан четда қолиши мумкин. Аввалроқ, «ПСЖ» ҳужумчиси Японияда ватани шарафини ҳимоя қилишга тайёрлигини маълум қилганди. Лекин энди бунинг иложи йўқлиги хусусида ўз федерациясини огоҳлантирди. Чунки ёзда Килианнинг «ПСЖ» билан шартномаси ниҳоясига етади. Шу боис, таътилни Олимпия ўйинларига эмас, ўз келажагини белгилашга сарфлаши муҳимроқ.
СЕРХИО РАМОС (Испания)
Немислардан фарқли равишда, испанлар етакчи ўйинчиларни Олимпиада беллашувларидан маҳрум этмоқчи эмаслар. Бундан бир йил муқаддам ёшлар терма жамоаси устози Луис де ла Фуэнте дастлабки рўйхатдан 300дан ортиқ ўйинчилар жой олганлигини баён этганди. Асосий номзодлар орасида Серхио Рамосга алоҳида ўрин берилган. AS нашри хабарига кўра, таниқли ҳимоячининг «қизил фурия»даги хизматларини муносиб рағбатлантириш мақсадида, унга Олимпия терма жамоаси сардорлигини топширмоқчилар. Жаҳон ва Европа чемпиони унвонлари соҳиби 2019 йилда Олимпиадада иштирок этиш орзусини тасдиқлаганди. Агар орзу рўёбга чиқса, 35 ёшли ҳимоячи Олимпия ўйинлари тарихидаги энг кекса футболчилардан бирига айланади.
МАТС ХУММЕЛЬС (Германия)
2020 йил бошида мамлакат Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Штефан Кунц Токиога бориши мумкин бўлган ўйинчилар рўйхатини тақдим этганди. Унда мухлисларга яхши таниш бўлган Томас Мюллер ва Матс Хуммельслар зикр этилганди. Аммо Олимпиададаги иштирок Еврони ўтказиб юборишни тақозо этарди. Боиси, Германия футбол иттифоқи бир ўйинчининг 2та турнирда қатнашувига изн бериш ниятида эмасди.
Бир йилдан сўнг Мюллернинг олимпиячилар рўйхатидан чиқарилгани маълум бўлди. Немис ОАВ хабарларига кўра, Бундесманншафт бош мураббийи Йоахим Лёв ЕЧЛ турнирининг сўнгги ғолибини ўз жамоасига жалб этиш ниятида экан. Шундай бўлса, Томас Токиога бора олмайди. Лекин Хуммельс ҳамон номзод мақомида турибди, унинг улкан тажрибаси Олимпия баҳсларида ёш жамоага асқотиши аниқ.
Х.ЮСУПОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).