Охирги йилларда футбол жамоалари катта трансферларни амалга ошириши мухлисларни унчалик ажаблантирмай қўйди. Ҳаттоки клублар ёш иқтидорлар учун ҳам миллион евродан воз кечиб юбормоқда. Мисол учун, Англия Премmер лигасини олайлик. Шу йилларда АПЛ жамоалари таркибни кучайтириш мақсадида миллиардлаб суммани сарфлашдан ҳам қайтишмайди. Лекин, шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, гарчи Премьер лига клублари футболчи учун катта харажат қилса-да, футболчиларини бошқа жамоаларга қиммат нархларда сотишни ҳам яхшигина уддалашади. Қуйида эса биз сизлар билан айнан шу ҳақида суҳбатлашамиз. Демак, АПЛ тарихидаги энг қиммат трансферлар.
Оскар
"Челси"дан "Шанхай СИПГ"га
Трансфер нархи: 60 миллион фунт
Оскар 2017 йилнинг ёзида "Челси"ни тарк этди. Лондонги сўнги мавсумида футболчи жуда кам майдонга тушди. Шунинг учун ҳам бразилияликнинг кетиши мантиқан тўғри эди. Бироқ, кўпчилик футболчининг чин мамлакати чемпионатига борганига ҳайрон бўлишди. Чунки, Оскар иқтидорли ва Шанхай жамоасига ўтиш вақтида вингер бор йўғи 24 ёшда эди. Футболчининг ўзи эса Хитой Суперлигасини танлаганидан афсусланмаслигини таъкидлаб ўтди. Оскар ушбу мамлакат чемпионатида ўзини жуда яхши ҳис қилди. Аммо, футболчи сўнгги интерьвюларида фаолиятининг кейинги қисмида "Челси"га қайтиш режаси борлигини ҳам яширмаяпти. Аммо бразилияликнинг Лондонга қайтиши ҳозир иложи бўлмагандек, келажакда ҳам даргумон.
Ромелу Лукаку
"Манчестер Юнайтед"дан "Интер"га
Трансфер нархи: 73 миллион фунт
Лукакунинг "Манчестер Юнайтед"даги фаолияти унчалик яхши бўлмаган. Шу сабабли футболчи 2019 йилнинг ёзида Манчестерни тарк этди. Белгиялик учун "Интер" "манкунианларъ" ҳисоб рақамига 73 миллион фунтни ўтказиб беришга мажбур бўлишган. Ушбу келишувдан сўнг "Манчестер Юнайтед" раҳбарлари афсусланган бўлса ажаб эмас. Сабаби, Ромелу А Серияга ўтгандан кейин "нерадзурри"ларнинг муҳим футболчисига айланди. Кетма-кет учрашувларда майдонга тушиб, жамоаси учун муҳим голларни уришга муваффақ бўлган. Лукакунинг Миланга келиши Италия клуби учун анча омадли бўлди. Сабаби, Антонио Конте бошчилигидаги "Интер" ушбу мавсумда "скудетто"ни қўлга киритишга эришди. Белгиялик Италия чемпионатидаги иккинчи мавсумида ҳам тўпурарлар қаторида кетмоқда. Яқинда чиққан хабарларга асосланадиган бўлсак, Ромелунинг голеадорлик қобилияти қайта уйғонганини кўрган "Манчестер Юнайтед" футболчини яна қайта сотиб олишни кўзламоқда.
Луис Суарес
"Ливерпул"дан "Барселона"га.
Трансфер нархи: 75 миллион фунт
Суарес "Ливерпуль" таркибида 3,5 мавсум ўйнаган ва 133 ўйинда 82 гол киритишни уддалаган. Уругвайлик фаолиятининг энг юқори чўққисида бўлган пайтда, яъни 2014 йилнинг ёзида Ливерпулни Каталонияга алмаштирди. Ушбу трансфер ўша пайтда "қизиллар" тарихидаги энг қиммат сотувга айланди. "Барселона"да Луис янада ёрқинроқ ўйнади. У "кўк-анорранглилар" сафидаги 283 учрашувида майдонга тушиб, ўз ҳисобига 195 гол ва 112 голли пасни ёздириб қўйишга эришди. Суарес Испанияга келиши олдидан берган интервьюларида "Барса" тарихидаги энг яхши тўурарлардан бири бўлишни хоҳлашини айтиб ўтганди. Лекин, Луиснинг ушбу орзуси амалга ошмади. Сабаби, футболчи 34 ёшида жамоасининг азалий рақиби бўлган "Атлетико" сафига кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Суарес "мартасчилар" сафида ҳам ўзининг ажойиб ўйинини намойиш этмоқда ва ҳозирда Ла-лига тўпурарлари қаторида. Шунингдек, Мадрид жамоаси мухлисларининг анчадан бери хоҳлаётган орзуси Испания чемпионлигини қўлга киритишга ҳам яқин турибди.
Криштиану Роналду
"Манчестер Юнайтед"дан "Реал Мадрид"га
Трансфер нархи: 80 миллион фунт
Роналду "Манчестер Юнайтед"ни тарк этганда анча ёш эди. 2009 йилнинг июл ойида "Реал Мадрид" Криштиану учун Англия клубига нақд 80 миллион фунт тўлаган ва албатта бундан сира ҳам афсусланмаган бўлса керак. Португалияликларнинг "қироллик клуби"даги даври жуда ёрқин ўтди. Ҳужумчи бир мавсум давомида 40, 46 ва 48талаб тўп киритишга эришган. Роналдунинг ушбу голлари "қаймоқранглилар"га кўплаб совринларни ютишига ёрдам берди. 2018 йилнинг июлида Роналду Мадрид жамоасини тарк этиб ва "Ювентус" клубига ўтди. Криштиану ҳали ҳам кўп гол урмоқда, аммо унинг ушбу голлари Турин клубининг муваффақиятларига унчалик катта ёрдам бермаяпти. Сабаби, "кекса синьора"нинг ишлари на Италияда, на халқаро майдонларида юришмаяпти. Португалиялик ушбу мавсумда ҳам А Серия тўпурари сифатида мавсумни якунлаётган бўлса-да,лекин унинг жамоаси 10 йил деганда "скудетто"ни қўлга кирита олмади. Қолаверса, Чемпионлар лигасидаги юришини ҳам эрта якунлашга мажбур бўлди. Миш-мишларга қараганда, Роналду ушбу мавсум сўнгида клубдан кетади. Лекин, шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, португалиялик қайси клубга ўтса ҳам, ушбу жамоани максимал даражада кучайтиришга қодир.
Гарет Бэйл
"Тоттенхэм"дан "Реал Мадрид"га
Трансфер нархи: 86 миллион фунт
Бэйлнинг ҳикояси ҳамма учун яхши маълум. Уэлслик футболчининг Мадриддаги фаолияти унчалик яхши якун топмаяпти. Сабаби, "қаймоқранглилар" Гаретни ушбу мавсум сўнгида сотиб юборишни мўлжалламоқда. Илгари Бэйл "қироллик клуби"нинг муҳим футболчиси бўлган. Клубга ўтганидан кейинги дастлабки мавсумларда вингер 15, 13 ва 19талаб гол урди. Футболчи ички майдонда ҳам, Европа майдонида ҳам "қаймоқранглилар"га ёрдам берди. Лекин охирги йилларда уэлсликнинг Мадриддаги ишлари яхши кетмаяпти. Шунинг учун ҳам ўтган мавсумда "Реал" раҳбарияти уни собиқ жамоаси "Тоттенхэм"га ижарага бериб юборди. Сўнги хабарларга эътибор берадиган бўлсак, Мадрид жамоаси ушбу мавсум сўнгида Бэйлни сотиб юбормоқчи. Вазиятлар ривожи қай ҳолда кетишини эса яқин кунларда билиб оламиз.
Эден Азар
"Челси"дан "Реал Мадрид"га
Трансфер нархи: 88 миллион фунт
Аслида "Реал" Азар учун 88 миллион фунтдан кўпроқ пул тўлаган (ёки энди тўлайди), аммо дастлабки трансфер суммаси худди шунча этиб белгиланган. Белгиялик аллақачон "қироллик клуби"нинг тарихидаги энг омадсиз трансферлардан бирига айланиб улгурган. Чунки, Эден Мадрид клубида "аристократлар" таркибидаги ўйининг ярмини ҳам намойиш этмаяпти. Қолаверса, футболчи испан клубига кўчиб ўтгандан кейин жароҳатга мойил бўлиб қолиши, шунингдек жанжалли ҳолатлар ва ортиқча вазн билан боғлиқ муаммолар ҳам Азарнинг яхши ўйин кўрсата олмаслигига сабаб бўлмоқда. Футболчининг ўзи ҳам Испания пойтахтда ажойиб ўйин кўрсатишга максимал даражада ҳаракат қилмоқда ва ушбу ҳолатга "қаймоқранглилар" раҳбариятини ҳам ишонтиришга уриниб кўрмоқда, аммо вақт ўтган сайин, "Реал" мухлислари белгияликдан умидларини узишмоқда.
Филиппе Коутиньо
"Ливерпул"дан "Барселона"га
Трансфер нархи: 145 миллион фунт
Коутино ҳали 30 ёшда ҳам эмас, лекин у аллақачон Испания ва Англия футболи тарихига кириб келган. Бразилиялик футболчининг трансфери "Ливерпуль", "Барселона" ва АПЛ учун рекорд даражадаги нарх бўлди. Энди Фил ҳам Каталония клуби тарихидаги энг "хавфли" трансферлардан бирига айланишга яқин турибди. Ярим ҳимоячининг ўйини "кўк-анорранглилар"га ўтганидан сўнг дарҳол пасайиб кетди. Ҳатто, "Бавария" таркибида бир мавсум ижарада ўйнаши ҳам футболчига ёрдам бермади. "Барселона" энди Коутиньога ортиқ умид боғламоқчи эмас. Бундан ташқари, каталонияликлар футболчини учун "Ливерпул"га ҳар хил бонусларни тўламаслик учун ҳам, уни тезроқ сотишга ҳаракат қилишмоқда. Албатта, Филиппеда яна яхши даражага қайтиш учун вақт бўлади. Аммо футболчининг карьераси ўткинчи ва ҳеч ким йўқотилган йилларини унга қайтариб бермайди.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).