АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида старт олаётган 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳакамларнинг қанча маош олиши маълум бўлди. The Times нашрининг хабар беришича, Жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳакамлар турнир давомида 100 минг долларгача даромад қилади. Ҳал қилувчи босқичларда ишлайдиган рефериларга эса қўшимча миқдорда бонуслар тўланади. Манбага кўра, FIFA ушбу юқори тўловлар орқали мусобақага дунёнинг энг малакали ҳакамларини жалб қилишни кўзлаган.
FIFA энг кучли ҳакамларни мусобақага жалб этиш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида гонорарлар миқдорини 2014 йилги мундиалга нисбатан қарийб икки баробарга оширган. Таққослаш учун, мусобақада ишлаши кутилаётган Майкл Оливер ва Энтони Тейлор каби англиялик ҳакамлар Англия Премьер Лигасидаги бутун бир мавсум учун ўртача 170—180 минг фунт стерлинг (тахминан 215—230 минг доллар) маош олади. Шу нуқтаи назардан, мундиалдаги бир ойлик меҳнат учун 100 минг долларлик тўлов ҳакамлар учун жуда яхши даромад ҳисобланади.
Тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида ишлаш учун Илгиз Танташев бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси ҳам жалб этилган. Унга қанотларда Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради. 2013 йилдан буён FIFA ҳаками мақомига эга бўлган 42 ёшли мутахассис сўнгги ўн йил давомида қитъа ва жаҳоннинг энг йирик мусобақаларида мунтазам ишлаб келмоқда. Танташев 2015 йилдан бери ОФК Чемпионлар Лигасининг барча мавсумларида ишлаган. Шунингдек, у Париж—2024 Олимпия ўйинларининг тўртта ўйинида, 2025 йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳамда 2019 ва 2023-йилги Осиё Кубоги финал босқичларида фаолият юритган. Жорий йилнинг апрель ойида эса Осиё Элит Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи финал учрашувини бошқариш айнан унга ишониб топширилганди.
Маълумот учун, 11 июнь – 19 июль кунлари бўлиб ўтадиган ЖЧ—2026 мусобақаси учун FIFA дастлаб 52 нафар бош ҳакам, 88 нафар қанот ҳаками ва 30 нафар VAR мутахассисини танлаб олган эди. Бироқ сомалилик ҳакам Умар Артан АҚШ чегарасидан киритилмагани ва Истанбулдан орқага қайтарилгани ортидан рўйхатдаги бош ҳакамлар сони биттага қисқарган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).