Шимолий Македония футболининг бугунги бош юлдузи Горан Пандев Евро-2020 старти арафасида FourFourTwo журналига интервью бериб, баъзи ҳолатлардан умуман норози эканлигини яширмади. «Женоа»да Элдор Шомуродов билан бирга тўп сурган фахрий ҳужумчига аввало, ўз мамлакати футболидаги кескин вазият ёқмаяпти. Шунга қарамай, катта футболда кўп нарсани кўришга улгурган тажрибали ижрочи бўлажак қитъа биринчилигига ишонч билан қарамоқда.
- Горан, мамлакатингиз учун қитъа чемпионатида иштирок этиш нимани англатади?
- Ҳозирнинг ўзида тарихга кирдик, бу абадий қолади. Европа миллатлар лигаси «D» дивизиони иштирокчиларидан бирига қитъа чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини беришини эшитганимда, Шимолий Македония термаси учун ажойиб имконият юзага келганини тушундим. 5 йилча муқаддам барчамиз жамланиб, бир-биримизга сўз бердик: «Бундай имкониятни қўлдан чиқаришга асло ҳаққимиз йўқ». Жамоамизда тажриба ва ёш иқтидорлар уйғунлиги аъло даражада, кўплаб йигитларимиз 2017 йили U-21 тоифасидаги Европа чемпионатида ўйнашган. Шунингдек, Игор Ангеловскидек малакали мураббий қўл остида шуғулланяпмиз. У футболимиз ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Ангеловски асосан 20 нафар футболчини саралаб олиб, 5 йилдан буён улар билан тинимсиз ишламоқда. Бу оралиқда асосий таркиб шаклланди, футболчилар ижобий ўзгаришларни амалга ошириш мумкинлигини исботлашга аҳдлашган чинакам дўстларга айланишди. Қудратимиз - аҳиллик.
- Йўлланма тортиқ этган Грузия термасига қарши кечган финал ўйини ҳақида озгина гапириб берсангиз.
- Тбилисига етиб борганимизда, стадион олдида 10000дан кўп грузиялик мухлислар кутиб туришганди. У ерда кескин вазият ҳукмрон эди. Чунки грузинлар ҳам финал босқичи йўлланмасидан умидвор бўлганлар. Ўйиннинг «ёпиқ эшиклар» ортида ўтказилгани бизга қўл келди. Менимча, мезбонлардан ишончлироқ ҳаракатландик. Ўзи ғалабага ишонгандик: шунчалик кучли чоғландикки, ютқазишга ҳаққимиз йўқ эди. Ўйин арафасида жамоадошларимга алоҳида мурожаат этганим ёдимда: «Йигитлар, бу терма жамоадаги охирги учрашув бўлиши мумкин. Илтимос, бунга йўл қўйманглар». Йўлланма тақдирини ҳал қилган гол муаллифига айланганимдан беҳад мамнунман. Ўша гол ватанимизга Европа чемпионатида ғалаба қозонган даражада шодлик келтирди. Эҳ, қандай кучли эҳтирос... Энди Евро-2020да ҳам шундай кайфиятда ўйнашга уриниб кўрамиз, албатта.
- Сизнингча, нуфузли турнирдаги иштирок Македония футболидаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатармикан?
- Муайян даражада таъсир этишига шубҳа йўқ. Оғир даврни бошдан кечирган юртимизда ҳали кўп ишларни амалга ошириш талаб этилади. Бизга вазиятни теран ҳис этиш ва тўғри қарор қабул қилиш етишмади, бундан эса кўпчилик фойдаланишга уринди. Дейлик, орада терма жамоадаги фаолиятимни 2-3 йилга тўхтатиб қўйишимга тўғри келди. Чунки ўша пайт мавжуд шароитларга чидай олмадим. Ангеловски келганидан кейингина вазият ижобий томонга ўзгарди. Ҳеч бўлмаганда, майдондаги муҳит. У мени йўқлаб Генуяга борганида, самимий суҳбатлашдик. Мураббийга нуқтаи назаримни рўй-рост айтдим, у ҳам очиқ гапирди. Якунда мени қайтишга кўндирди, шундан буён сезиларли силжиш кузатилди. Афсуски, ҳалигача бор эътиборни жамлаб, футболга кенг кўламда таъсир этиш қўлимиздан келмаяпти. Бунда аввало, болалар ва ўсмирлар футболини назарда тутяпман. Македонияда стадионлар харобага айланмоқда, машғулот базалари замон талабларидан анча йироқ...
- Шимолий Македония футбол федерацияси профессионалроқ иш юритиши мумкинмиди?
- Федерация ҳозир спортдан кўра, сиёсатга яқинроқ тузилма. Дейлик, ташкилотни спорт билан чинакамига алоқаси йўқ кишилар бошқаряптилар. Афсуски, бу бемаънилик. Оддий мисол, Евро-2020 саралашидан муваффақиятли ўтганимиздан сўнг раҳбарият белгиланган мукофот пулининг маълум қисмини ўзида олиб қолди. Раҳбарлар ҳам саралаш жараёнида иштирок этган эканлар... Бу қанақаси? Аслида ўша маблағни болалар майдончаларини бунёд этиш, керакли ускуналар харид қилиш, ёшлар секторини ривожлантириш ва йигитларнинг яхши шароитларда ўйнашларини таъминлашга сарфлаш лозим эди. Ишонинг, юртимизда иқтидорлар етарли. Бироқ улар 15 ёшдан кейин шуғулланишни шунчаки, тўхтатадилар. Чунки истеъдодларни қадрлаб, уларни бошқарадиган ташкилот йўқ. Евро-2020 - шу каби камчиликларга барҳам бериш учун улкан имконият. Ундан самарали фойдаланишимиз шарт.
- Келажакда Македонияга қайтиб, мамлакат футболи ривожига янада кўпроқ ҳисса қўшиш режангиз борми?
- Айримлар футбол федерацияси президенти бўлишимни сўрашди. Лекин буни истамайман, яхшиси, ўзимга тегишли ишларни амалга ошираман. 2010 йили жонажон шаҳрим - Струмицеда Пандев академиясини очдим. 400 нафар болага мўлжалланган масканда замонавий ўқув маркази, 60 хонали ётоқхона, 2та сунъий ва 1та табиий чимли майдон бор. Академия шунингдек, кийиниш хоналари ва машғулот залига эга. Биринчи жамоамиз 2 йил аввал Македония кубогини қўлга киритиб, ЕЛ саралаш босқичида иштирок этди. Шахсий жамғармамдан футбол ривожига сармоя ажратдим, аммо тушунинг, ҳозир академияни таъминлаш бир ўзимга оғирлик қиляпти.
- Евро-2020 муваффақиятли ўтса, УЕФА келажакда Европа миллатлар лигасини сақлаб қолиши мумкинми?
- Бу турнир шахсан ўзимга ёқди. Адолатпарвар мусобақа. Қаранг, ЖЧ-2022 саралаш турнирида Германия ва Лихтенштейн термалари билан 1та гуруҳдамиз. Кимнидир ранжитиш фикридан йироқман, ўзимиз ҳам шундай мақомдамиз, лекин шундай жамоаларнинг ўзаро куч синашишида қандай маъно бор? Бу вақтни беҳуда ўтказишдан ўзга нарса эмас. Миллатлар лигасида эса жамоалар ўз савиясига яқин рақибларга қарши майдонга тушади. Бу қандай натижа олиб келишини Шимолий Македония термаси мисолида билиб оламиз. Қитъа чемпионатидаги муваффақиятимиз митти жамоалар ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Лекин ҳаммаси аксинча тус олиши ҳам мумкин.
- Хўш, Евро-2020дан нималар кутяпсиз? Шимолий Македония термаси қайси жиҳати билан мухлисларни лол қолдириши мумкин?
- Стартдаги 2та учрашувни Австрия ва Украина жамоалари билан ўтказамиз. Табиийки, осон бўлмайди. Тушунарлики, стартдаги муваффақият муҳим аҳамиятга эга. Асосийси, ўз салоҳиятимизга ишонамиз. Оёқда дадил турсак, бас. Март ойида ЖЧ саралаши доирасида Германия термасини маҳв этганимиздан кейин юртдошларимизда ҳар қандай рақибни енга олишимизга умид туғилди. Балки немисларга қарши баҳсда салбий натижа қайд этганимиз фойдалироқ бўлармиди (кулади). Энди рақиблар бизга нисбатан эҳтиёткорроқ ёндашишлари аниқ. Нима бўлганда ҳам, ўзимиз ва ўйинимизга ишонишимиз керак.
- Германия термасининг ЖЧ саралашига боғлиқ 20 йиллик мағлубиятсиз сериясига чек қўйдинглар. Ўша учрашувга қандай баҳо берасиз?
- Очиғи, катта хавотир билан майдонга тушгандик. Бундан олдин руминларга қарши ажойиб ўйин кўрсатган бўлсакда, бир қатор қулай вазиятлардан фойдаланолмай, якунда 2:3 ҳисобида имкониятни бой бердик. Кейин ўз майдонимизда Лихтенштейн термаси дарвозасига 5та жавобсиз гол урдик. Хуллас, немисларга қарши баҳс ҳафта давомидаги 3-ўйин эди. Демакки, анча толиққандик ва кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатиш осон эмаслигини билардик. Лекин имкон борича тайёрландик, ўйинда эса омадимиз кулиб боқди. Яъни таблода 0:0 ҳисоби порлаб турган танаффус арафасида вазиятдан унумли фойдаландик. Кейин ойдинлашдики, рақиб ҳам анча чарчаган экан. Шу тариқа иккинчи бўлимда дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолдик. Якунда немислар ғалаба ва мазмунли ўйин билан табриклашди - жуда ёқимли ҳолат.
- Терма жамоангизнинг евросаҳнага чиққанини 10 йил аввал «Интер» билан ЧЛда зафар қозонганингизга қиёслаш мумкинми?
- Икки қувончли воқеани ўзаро таққослаш унча тўғри эмас. Лекин «Интер»да тарихий ғалабага эришганимни ҳам ҳеч қачон унутмайман. Ахир 45 йиллик танаффусдан кейин клубни яна ғолиблик сари етаклагандик. Эсимда, Мадриддан қайтганимизда, кўчалар мухлислар ва байроқларга тўлганди. Ўшанда Жозе Моуриньо муваффақиятимиз отаси сифатида муҳим роль ўйнагани ҳам рост. Бу тантаналарда оилам аъзолари иштирок этишмаган, улар Македонияда эдилар. Энди миллий жамоамиз гуруҳдан чиқса, юртдошларим қатори яқинларим ҳам кўчага отиладилар - бу аниқ.
- Агар қитъа биринчилигида жамоангиз қатори ўзингиз ҳам муваффақиятли тўп сурсангиз, бу фаолиятингизни давом эттиришингизга туртки берадими? «Женоа» бош мураббийи Давиде Баллардини агар нафақага чиқсангиз, сизни боплаб дўппослашини айтди...
- О, у ўта бақувват! Демак, доимо ҳушёр юришим талаб этилади (кулади). Жиддий гапирсам, Евро-2020дан кейин фаолиятимни тўхтатмоқчиман. Бу ёғига оилам ёнида бўлишни истайман. 3 нафар фарзанднинг отасиман, аммо уларни жуда кам кўраман. Тўғри, қатъий тўхтамга келиш жуда қийин, барибир. Баъзан тунда ўзимга ўзим гапираман: «20 йил давомида минглаб мухлислар қаршисида тўп сурдинг. Энди трибуналар бўм-бўш. Мухлислар билан юзма-юз кўришиб, хайрлашсанг, ёмон бўлмасди...». Мана, германияликларни таслим этишни уддаладик. Демак, ЖЧ саралашидан ўтиш имкониятига ҳам эгамиз. Иккинчи томондан, Австриядаги йиғин ўйлантириб қўяди, ёзнинг жазирама кунлари жиддий юмушлар кутмоқда. Очиғи, нимани хоҳлашимни ўзим ҳам билмайман! Унутманг, ҳозир 37 ёшдаман.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).