Минтақанинг барча клубларини бирлаштирувчи мусобақани ташкил этиш бўйича Жануби-Шарқий Осиё футбол ҳамжамияти, айниқса, Индонезиянинг интилишлари яқин келажакда рўёбга чиқиши мумкин. Бу ҳақда «Goal.com» интернет-нашри хабар бермоқда.
Индонезия футбол уюшмаси ижроқўми аъзоси Боб Хиппининг сўзларига кўра, ушбу масала АСЕАН мамлакатлари спорт вазирларининг ўтган йили Йогякартада бўлиб ўтган йиғилишида кўриб чиқилган.
«Биз мусобақа форматини ҳали ҳам муҳокама қилмоқдамиз ва якунлаш арафасидамиз», деди Боб Хиппи. Ижроқўм аъзосининг айтишича, мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад — минтақа футболи савиясини оширишдир.
«Ушбу мусобақада ҳар бир иштирокчи мамлакатдан фақат биттадан жамоа иштирок этади. Мусобақа форматига кўра, ўйинлар уйда ва сафарда тизими асосида ўтказилади», деди Хиппи.
Ҳозирча мусобақанинг формати ва унинг иштирокчилари борасида якуний қарор қабул қилинган, чунки ташкилотчилар Япония ва Австралия клубларини ҳам мусобақага таклиф этишни режалаштиришмоқда.
2003 ва 2005 йилларда АСЕАН минтақасида шунга ўхшаш турнирлар ташкил этилган, аммо ОФК тақвими билан номутаносиблик ҳамда ҳомийсизлик натижасида муваффақият қозона олмаганди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).