Лионель Мессининг «ПСЖ»га ўтганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлмади, лекин дунё ўзгаришларга ҳамон мослашолмаяпти: «Барселона» асосий юлдузининг кетишидан қанча йўқотишларга учрашини баён этмоқда, «ПСЖ» эса хурсанд, рекорд даромадларни ҳисоблаш билан банд.
Ҳозирча аниқ рақамларни фақат ижтимоий тармоқлар бўйича кўрсатиш мумкин, аммо йилнинг (ҳатто ўн йилликнинг) энг йирик трансферига шу томонлама назар солсак, бу ерда ҳам қизиқ маълумотларга кўзимиз тушади.Лионель Мессининг «ПСЖ»га ўтганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлмади, лекин дунё ўзгаришларга ҳамон мослашолмаяпти: «Барселона» асосий юлдузининг кетишидан қанча йўқотишларга учрашини баён этмоқда, «ПСЖ» эса хурсанд, рекорд даромадларни ҳисоблаш билан банд. Ҳозирча аниқ рақамларни фақат ижтимоий тармоқлар бўйича кўрсатиш мумкин, аммо йилнинг (ҳатто ўн йилликнинг) энг йирик трансферига шу томонлама назар солсак, бу ерда ҳам қизиқ маълумотларга кўзимиз тушади.
«Инстаграм»
Клуб Месси билан шартнома имзолагани ҳақида хабар беришидан аввал, унинг «Инстаграм»даги саҳифасида 38,7 млн. обуначиси бор эди, ҳозрига келиб бу кўрсаткич 45 млн.га етди. Уч кун ичида 6,3 млн. ўсиш - футбол клуби аккаунти учун жуда катта сакрашдир.
Энди эса «ПСЖ» қўйган постларга билдирилган муносабатлар («лайк»лар) сонига эътибор қаратинг:
8 август - 2 млн.дан бироз кўпроқ;
9 август - 6,2 млн.;
10 август (Мессининг келганини эълон қилиб, нақ 11та пост қўйилганди) - 39,3 млн.;
11 август - (Лео ҳақида яна 10та пост) - 51,8 млн.;
12 август (биргина пост) - 1 млн. лайк, лекин бу IGTV форматидаги видео бўлиб, бундай постлар одатда муносабатдан кўра кўпроқ томошалар тўплайди.
Энг кўп «лайк» йиққан пост 8 668 305та «лайк» тўплади.
Анонс ҳақидаги видео бундан бироз камроқ йиғди - 7 475 222та.
Мессининг обуначилари сони ҳам ошди, энди у «Инстаграм» рейтингида 7-ўринда (Ким Кардашьянни ортда қолдирди). Топ-8 қуйидагича кўриниш олган:
«Инстаграм» (расмий аккаунт) - 413 млн.
Криштиану Роналду - 326 млн.
Дуэйн Жонсон - 261 млн.
Ариана Гранде - 258 млн.
Кайли Женнер - 257 млн.
Селена Гомес - 251 млн.
Лео Месси - 247 млн.
Ким Кардашьян - 243 млн.
* маълумотлар Livedune таҳлилий сайтидан олинган.
Футболкалар
Дастлаб «Барселона» ҳақида: клуб футболкалари сотувининг 80 фоизини ортида Мессининг номи ёзилганлари ташкил этарди. Marca нашрининг ёзишича, «Барса» биргина Леонинг эвазига бир мавсумда 20дан 30 млн.гача даромад қилган, энди эса дўконларга тарқатиб улгурилган либослар тўпламини Nike офисига қайтаришига тўғри келади. Уларни нима қилишни экипировкачининг ўзи ҳал қилади, аммо маҳсулотни қайтариш тажрибаси янгилик эмас - 2017 йили Неймар «ПСЖ»га йўл олганда ҳам шундай ҳолат рўй берганди.
«Барселона» Мемфис Депай даромадларнинг 30 фоиздан кўпроққа тушиб кетишидан асрашига умид қилмоқда, лекин қисқа муддатда ушбу мақсадни амалга ошириш осон бўлмайди: тасаввур қилайлик, сотилган футболкаларнинг 10дан 8таси Месси ҳиссасига тўғри келган бўлса, Депайнинг ҳолати бу кўрсаткич нари борса 5тани ташкил этади. Diagonal Inversiones бош директори ва «Барселона» экспертларидан бири Марко Сирио вазиятни шундай баҳолади. Шунда ҳам клубдан футболчи сиймосини оқилона сотиш талаб этилади.
«ПСЖ» эса ҳеч нима ўйлаб топиши шарт эмас: 11 август, футболкалар сотувининг дастлабки куни дўкон олдида 30-рақам туширилган формани биринчилардан бўлиб қўлга киритиш илинжидагилардан иборат каттагина навбат юзага келди. 20 дақиқадан кейин эса футболкалар сотиб тугатилди.
«ПСЖ» президенти Носир ал Хелаифи журналистларга бергин интервьюсида Мессининг клубга келтирадиган даромадлари одамларни лол қолдиришини ошкора таъкидлади - якуний ҳисоб-китобни амалга оширишга ҳали эрта, лекин ҳозирнинг ўзида ҳаммаси тушунарли: маблағ поезди тезлик олмоқда. Парижликлар раҳбарияти анчадан буён йилига 1 млн.та футболка сотишни мақсад қилган, айни пайтга келиб ниятларига етишга яқин туришибди: биринчидан, Месси; иккинчидан, жорий йил клуб кийим-кечаклар сотишга ихтисослашган йирик халқаро компания - Fanatics билан келишувга эришди. Ҳозир «ПСЖ» 110дан 120тагача расмий фан-шопларга эга бўлиб (асосан Европада), улар йилига тахминан 12 млн. евро олиб келади. Лекин Fanatics бутун дунёда 1000дан ортиқ ҳамкорларга эга, уларнинг 45 млн. нафар фаол мижози бор, бу эса «ПСЖ»га даромадлари миқдорини 30 млн. еврогача ошириш имконини беради.
* Тўғри, футболкалар сотуви бўйича ёдда тутиш керакки, ўйинчилар трансфер нархи ва маоши миқдорини уларнинг фамилиялари ёзилган футболкаларни пуллаш орқали қоплаш имконияти паст. «ПСЖ» форма фан-шопда сотилган бўлса, 20 фоизга эга бўлади, агар харидлар Nike дўконида амалга ошса фоиз миқдори 8-12ни ташкил этади.
Ҳомийлар
Brand Finance ҳисоб-китобларига кўра, «Барселона» мазкур ҳолатда жабрланган томон сифатида ўз брендига қўйилган нархнинг 11 фоизини (137 млн. евро) йўқотишга улгурди: кутилишича, Мессининг кетиши келажакда ҳомийлар, либослар сотуви ва бошқа даромадлар масаласида клубга тўғридан-тўғри негатив таъсир ўтказади, зеро Лео «Барса»нинг синоними ва унинг рамзи ҳисобланарди. «Уларнинг ўйинларда қайд этадиган натижалари ҳомийларни сақлаб қолишнинг асосий омили бўлади, - деб ҳисоблайди Сирио. - Каталония клубининг тақдири аччиқлигига сабаб шуки, уларнинг молиявий аҳволи Мессини сақлаб қолиш имконини бермайди, лекин ушбу футболчини йўқотиш аҳволни янада ёмонлаштиради». Яқин орада клуб тўқнаш келиши мумкин бўлган дастлабки муаммо - титул ҳомий Rakuten билан янги шартнома тузиш. Мессининг келажаги номаълумлиги сабаб компания шундоқ ҳам тўловларни 55 млн.дан 30 млн.гача пасайтирди, аммо «Барса» кейинги йилнинг ёзида аввалги суммага қайтишни режалаштирганди. Музокаралар давом этмоқда, бироқ вужудга келган вазият клуб позициясига ижобий таъсир кўрсатиши амримаҳол.
«ПСЖ» эса, кўриниб турибдики, янги ҳомийлар келишини кутмоқда. Фанатлар сони ва клуб брендининг нархи ошишини инобатга олганлар аллақачон навбатга туришган.
Криптовалюта
Бозордаги капитали 52 млн.га яқин бўлган $PSG токенининг нархи Мессининг келиши ҳақида гап-сўзлар янграши ҳамоно, беш кун ичида 130 фоиздан кўпроққа ($22дан $61,53гача) ошди. Дарвоқе, бу токенлар Леонинг «кутиб олиш пакети»га ҳам киритилган - ОАВда айтилишича, футболчи маошининг маълум қисмини клуб криптовалютасида олади.
* Фанатлар токенлари уларнинг эгаларига клуб ҳаётига таъсир ўтказувчи айрим қарорларга таъсир ўтказиш, шунингдек, эксклюзив контентга кириш имконини беради.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).