2018-2019 йилги футбол мавсуми кўплаб футбол мухлисларининг ёдида бўлса керак. Ўшанда Клоппнинг “Ливерпуль”и Чемпионлар лигасида ғолиб бўлган эди. Ушбу мақола “мерсисайдликлар” ҳақида эмас. Негаки ўша йили яна бир жамоа ҳаммани кўплаб ўйинларда ҳайратга сола олган эди. Бу мавсум ҳам ўша жамоа ҳозирда жуда ҳам мазмунли футбол намойиш этмоқда. Бугун stadion.uz ўша мўжизаларни хуш кўрувчи “Аякс”нинг ушбу мавсумдаги кучли томонлари ҳақида сўз юритади.
Мураббийнинг имзоси
Футбол дунёсида агар муваффақиятли натижага эришилса бу футболчиларнинг даражаси туфайли рўй берди деймиз. Мисол ўша “Реал Мадрид”нинг кетма-кет уч карра Чемпионлар лигаси соҳиби бўлгани. Ўша пайтлар “галактикос”нинг барча аъзоси ажойиб ўйин кўрсатган ва кўплаб мақтовлар эшитишган. Лекин Зиданни улардан кам олқишлашган. Францияликни истефога чиқариб, ўрнига Лопотеги келганида ҳамма тушунган: аслида бундай ютуққа эришишнинг асосий сабабчиси ким бўлганлигини. Агар жамоада муваффақияциз иштирок бўлса ҳамма мураббийни айблайди. Бундай холатлар ҳозирги футболда ҳар қадамда учраётган ҳодиса. Хўш, “Аякс”нинг мураббийи жамоа учун нималар қилмоқда? Тен Ҳаг ҳозирги кундаги энг кучли футбол мутахассислардан бири. У қўлидаги бор масаллиғдан фойдаланишга уста. 2019 йилги мўжизасидан сўнг кўплаб гранд жамоалар “Аякс”нинг футболчиларига “совчи” қўйишганди. Жамоанинг асосий ўзаги сақланиб қолган бўлсада тен Ҳагнинг қўлида аввалги ижрочилар йўқ эди. Эрик клубга бошқа жиддий трансфер қилишини талаб қилмади. Шунчаки академиядан ўринбосарларни топди ва 2 йил сабр қилди. Энди у ниҳолларнинг мева беришини кўринг. Агар жамоа Чемпионлар лигасида узоққа борса, кўпчилик футболчиларни гапирмайди. Негаки улар ҳали ўзини футбол оммасига у даражада танитган эмас. Бу ерда мураббийнинг имзоси яққол кўзга ташланмоқда. “Аякс”нинг юлдузи у. Ҳамма уни ҳурмат қилади. Унинг режаларига амал қилади. Шу сабабли ҳам уларнинг ўйинига ҳамма ошиқ бўлишади. Бу мавсум ҳам голландияликлар шу ўйинида давом этса камида чорак финалгача етиб бора олса керак.
Академия трансфердан устун
“Аякс” жиддий трансфер амалга оширганини кўрган ёки эшитганмисиз. Уларнинг услуби шундай. Академия нидерландияликларнинг асоси ҳисобланади. Шу туфайли ҳам амстердамликлар катта трансферни амалга ошириб уларга таянишмайди. Ёки номи чиқмаган йигитчаларни харид қилиб уларни машҳурликка олиб чиқади. “Аякс”нинг ҳозирги таркибига эътибор қаратинг. Деярли кўпчилиги ёшлардан иборат топган. Менимча бу йилги иштирокдан сўнг яна клуб кўплаб футболчиларни катта суммага пуллайди. Лекин бу сафар тен Ҳаг ҳам кетиши мумкин. 2019-йилдаги юлдузли таркибнинг асосий футболчиларини ҳам албатта ҳамма “Аякс” сафида таниган. Де Йонг, Де Лигт, ван де Бек ва Зиеш шулар жумласидан. Бир пайтлар “Барселона” ҳам мана шундай режимда ишлар эди. Улар ҳам кўпроқ академия футболчиларига ишонч билдирарди.
Жамоада етакчилар ва ёшлар орасидаги муносабат
“Аякс” таркибида ҳеч қандай юлдуз футболчи йўқ. Ўша пайтлар ҳам шундай эди. Аммо катта футболни кўрган ва катта жамоалар таркибида ўйнаб энг гуллаган даврини ўтказган бир нечта етакчилар мавжуд. Ўша “Аякс”даги етакчилар ҳам шулар эди. Душан Тадич ёки Дейли Блинд жамоадаги футболчиларнинг ўйини ўсишидаги асосий кучлар ҳисобланишади. Бу рўйхатга албатта Мартен Стекеленбургни ҳам қўшса бўлади. “Аякс”да таркиб шу даражада мукаммал ва нозик йиғилганки, уларнинг орасидан бир ёш йигитчани олиб ўрнига жаҳон даражасидаги юлдузни қўшишса ҳаммаси бузилиб кетади. Тен Ҳаг албатта бундай жамоани йиғиш учун анча тер тўккан. Агар мураббий бошқа бўлганда бу ишни бажаргунча унинг сочи тўкилиб кетар эди. Тадич ва Блинд билан биргаликда ўйнаётган ёшларнинг келажаги порлоқ десак бўлади. Негаки ҳозирдан уларнинг кўпчилиги грандлар эътиборида. Менимча “Аякс” мавсум охиригача уларни ушлаб қолишга кучи етса керак.
“Аякс”нинг бўлажак юлдузлари
Албатта тенҲаг, Тадич ва Блинд билан биргаликда бундай ўйин кўрсата олмайди. “Аякс”да юқори даражадаги, аммо ҳали футбол мухлислари яхши таниб улгурмаган иқтидорли ижрочилар кўп.
Райан Гравенберх (2002 йилда туғилган)
Райан жамоанинг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. “Аякс”да Де Йонгдан кейин марказда ажойиб ижрочи пайдо бўлган ва у Гравенберх. Жуда бўйдор футболчи ўзининг ўйинлари билан кўпчилик эътиборини тортиб улгурди. Унинг ҳаракатлари жуссаси билан парадокс десак бўлади. Негаки баланд бўйлиларда юқори техника кам учрайди. Гравенберх майдонни ҳам яхши кўра олади ва майда пасларда жуда яхши ўйнайди. Баъзи ҳаракатлари билан Бускетсни эслатиши мумкин. Лекин унинг услуби умуман бошқача.
Антони (2000 йилда туғилган)
Ушбу ёш бразилияликни биз Токиодаги олимпиада ўйинларида кўрган эдик. У ҳозир ўшандан буёғига ҳам анча ўсган. Жамоанинг ҳужум яратиш чоғида энг керакли футболчиси Антони десак муболаға бўлмайди. Юқори техника албатта бразилияликларнинг асосий қуроли ҳисобланади. Антонида эса ўша бразилча техниканинг жуда ҳам чиройлиларини кўрасиз. Ҳозирдан “Барселона” “Бавария” ва “Манчестер Сити” қизиқаётган футболчидан келажакда Неймар чиқиши мумкин. Ёш йигитча ҳозирда кўплаб футбол мухлисларининг ҳам эътиборини тортгани ҳам бор гап.
Шунчаки бу жамоанинг ўйинлари ҳар қандай футбол мухлисига манзур келади. Менимча, орамизда бундай футболни кўриш истагидагилар топилса керак.
Миржалол Пардабоев тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).