Уммоннинг «Ал-Уруба» жамоаси мураббийи Мухтор Мухтор, Ҳиндистоннинг «Салгаокар» жамоасига қарши ОФК Кубоги учрашувидан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар бермоқда.
ОФК Кубоги «D» гуруҳи 1-тур ўйинлари доирасида Уммонда бўлиб ўтган «Ал-Уруба» – «Салгаокар» жамоалари ўртасидаги учрашув 1:0 ҳисобида майдон эгалари фойдасига ҳал бўлган. Фарғонанинг «Нефтчи» ва Иордания чемпиони «Ал-Виҳдат» ўртасидаги ўйинда Ўзбекистон клуби 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
«Жамоамиз қандай ўйин кўрсатганидан қатъий назар, «Салгаокар»га қарши ўйинда ғалаба қозонганимиздан хурсандман», деди «Ал-Уруба» устози.
«Биринчи бўлимда жуда ҳам суст ҳаракат қилдик. Иккинчи таймда эса, суръатни бироз оширганимиздан сўнг, ҳаммаси ўрнига тушди», деди мисрлик мутахассис.
«Бугунги ўйинда биз рақибга нисбатан яхшироқ ўйин намойиш этдик, энг муҳими, мусобақани ғалаба билан бошладик. Бу ғалаба бизга яхши туртки вазифасини бажаради. Умид қиламнки, бугун йўл қўйган хатоларимизни кейинги ўйинларда тўғрилай оламиз», дея қўшимча қилди «Ал-Уруба» мураббийи Мухтор Мухтор.
Гуруҳ босқичи 2-тур учрашувлари 21 март куни бўлиб ўтади. Шу куни «Салгаокар» ўз майдонида «Нефтчи»ни қабул қилса, «Ал-Уруба» Иорданияга сафар қилади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).