Қозоғистон чемпионатида янги чемпион номи маълум бўлди. Ҳамюртимиз Игорь Сергеев тўп сурадиган Кустанайнинг «Тобол» клуби ўз тарихида иккинчи марта шоҳсупага кўтарилди. Узоқ вақт давомида «Астана» ва «Қайрат» бошқа даъвогарларни яқинларига йўлатмай келишди. «Астана»нинг 6 йиллик (2013|2019) ҳукмронлигига ўтган йили «Қайрат» чек қўйганди. Кустанайликлар ғалабасининг аҳамияти шундаки, «Астана» ҳозирги, «Қайрат» эса собиқ пойтахтнинг жамоалари, инфратузилма ва молиявий имкониятлар бобида уларга тенг келадигани йўқ. Кустанай эса, аҳоли сони бўйича 11, ҳудуди бўйича 8-ўриндаги шаҳар. 2010 йилдаги чемпионликдан кейин «Тобол» қаторасига 7 йил давомида ҳатто етакчи тўртликдан жой олишни ҳам уддалай олмади. Лекин сўнгги мавсумларда барқарорлик намойиш этиб, бу галгисида 1-ўринни эгаллади.
Муваффақият сири нимада?
Умирзоқ Шукеевнинг ҳоким лавозимига тайинланиши билан Кустанайга футбол қудрати ҳам кириб келди. Футбол ишқибози бўлган раҳбар аста-секин «Тобол»ни қўллаб-қувватлай бошлади: ҳам эътибор, ҳам молиявий сармоялар билан. Шу тариқа клуб 2002 йилда илк бор сов-риндорлар учлигига кўтарилди. 2003 йилда жамоа Интертото кубогида қатнашиб, 3-раундгача етиб борди. Шундан кейин «Тобол» мунтазам равишда етакчи учликда юрди, УЕФА кубоги турнирларида иштирок этди («Базель» ва «Галатасарой» билан дурангга эришган), мамлакат ва Интертото кубокларига сазовор бўлди. 2004 йилда ҳокимликка келган Сергей Кулагин ўриндошининг ишини давом эттирди.
Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2010 йилда «Тобол» ўз тарихида илк марта чемпионликка эришди. Бироқ тарихий муваффақиятдан кейин жамоага кўз тегди - муваффақиятнинг асосий ташаббускори бўлган клуб директори Ҳалимжон Ержанов билан бош мураббий Равил Сабитов ўртасида ихтилоф юзага келди. Ҳоким Сабитовга ишонч билдирди, Ержанов, унинг ортидан етакчи футболчилар жамоани тарк этдилар. Уларнинг ўрнини ўртамиёна ўйинчилар тўлдиришди. Натижада «Тобол» омадсизликка учради, Сабитов 12-турдан кейин истеъфога чиқарилди. 2012 йилда Кулагин ҳам ўз лавозимидан четлатилгач, жамоа қаторасига 6 мавсумни ўртамиёналар сафида ўтказди.
2015 йилда янги ҳоким Архимед Муҳамбетов келиши билан Кустанай футболи яна жонланди. «Тобол» фаолиятини 20 йилдан бери ёритиб келаётган «Кустанай янгиликлари» газетаси мухбири Фарид Дандибаев шундай ҳикоя қилади: «Қозоғистон футболида кўп нарсани маъмурий ресурс ҳал қилади. Архимед Мухамбетов клубга жиддий эътибор қаратиб, сезиларли сармоялар киритмоқда. Жорий мавсум клуб бюджети давлат томонидан камайтирилди. Лекин «Тобол»да хусусий ҳомийлар пайдо бўлишди. Уларнинг қай тариқа келганликларидан бехабарман. Агар Мухамбетов лавозимини тарк этмаса, жамоа янада кўпроқ кўмак олади. Чунки у ЕЧЛда иштирок этади. Ҳозир Кустанайдаги стадионни УЕФАнинг 4-тоифаси талабларига мослаш учун таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда».
Ресурслар: маошлар, 3та арена, мухлислар қизиқиши
Қозоғистоннинг 1-рақамли футбол шарҳловчиси Ойдин Ҳожиаҳмат изоҳи: «Тобол» жорий мавсумдаги энг бар-қарор жамоа бўлди. Ортиқча очко йўқотмади, атиги 1 марта мағлубиятга учради. 26 учрашувнинг 18тасида ғалаба қозонди. Ҳокимнинг кўмаги билан «Тобол» кўплаб имкониятлар ва кучли таркибга эга бўлди. Футболчиларнинг аксарияти терма жамоа аъзолари, легионерлар савияси юқори. Жамоа Тошичсиз ҳам яхши ўйин кўрсата олади.
Имкониятлар борасида «Тобол» «Астана» ва «Қайрат»дан қолишмайди. Маош масаласида эса фақат «Қайрат» сахийроқ. Жамоа асосий ва захира стадионларига, манежга эга, инфратузилма бўйича «Қайрат»дан ке-йинги ўринда».
Мавсум давомида «Тобол» бош мураббийи ўзгарди: Бабаян ўрнини Москаленко эгаллади. Бабаян даврида жамоа рисоладагидек ўйнаётганди, Москаленко янада кучайтирди - айниқса, олдинги чизиқни. Бундан ташқари, аввал жамоа стандартлардан унумли фойдаланар ва ҳимояга кўпроқ эътибор берарди. Энди у ҳужумкор ўйнамоқда. Лекин ишончли ҳимояни ҳам унутган эмас - чемпионатда барча жамоалардан озроқ тўп ўтказиб юборди. Авваллари «Тобол» кўпинча ўзидан заифроқ жамоаларга имкониятни бой берарди. Ҳозир бу камчиликка барҳам берилди.
Шаҳарда жамоага бўлган қизиқиш янада кучайди. Айниқса, июль ойида «Тобол» ўз майдонида Хорватиянинг «Хайдук» клубини таслим этганидан кейин. Эҳтимол, бу сўнгги 10 йилликдаги энг эҳтиросли беллашув бўлгандир. Трибуналардаги байрамона муҳитни таърифлаш қийин. Мухлисларга стадион эшиклари очилганидан кейин, улар чипта харид қилиш учун соатлаб, ҳатто ундан ҳам кўпроқ вақт навбатда туришга мажбур бўлишмоқда. Демак, қизиқиш чиндан ҳам кучайгани аниқ.
«Астана» ва «Қайрат» одатдагидан заифроқ
Мавсум старти «Қайрат» учун ўта омадсиз кечди. «Астана» бутун мавсумни ўз савиясидан анча паст даражада ўтказди. Менимча, чемпионликни унинг ўзи бой берди. Ҳозир жамоада тартибсизлик ҳукмрон - раҳбарият ўзгарган, бошқарув муаммолар гирдобида. «Астана» «Тобол» ва «Қайрат»га қарши баҳсларда 3та дуранг ва битта мағлубиятни қайд этди. Назаримда, Тихонов айнан шу ўйинларда чемпионликни бой берди. Охир-оқибат, унинг жамоаси илк марта Қозоғистон ташқарисида ҳам намойиш этилган учрашувни ҳакамдан хафа бўлган ва олтин медаллардан жудо бўлган ҳолда тарк этди.
Ҳакамлар ёрдам беришганми?
Ойдин Ҳожиаҳмат: «Тобол» ҳакамларни сотиб олган, деган фикр тасдиқланмади. Лекин мавсум давомида ҳакамлар «Тобол» фойдасига қарор чиқаришгани рост. Буни бутун мамлакат кўрди. Халқ орасида «Тобол»га ёрдам берадиган бир нечта ҳакамлар борлиги ва жамоа ўйинларига айнан улар кўпроқ тайинланиши ҳақида гап-сўзлар юрибди. Лекин бу билан жамоа чемпионлиги ҳаққоний эмас, деган фикрга келмаслик керак. «Тобол» - яхши шаклланган кучли жамоа. У ҳакамлар кўмагисиз ҳам чемпион бўлишга қодир».
Фарид Дандибаев: «Мен ҳакамлар натижаларга таъсир кўрсатадиган қарорларни қабул қилишди, дея олмайман. «Тобол» мавсум давомида юксак савияда тўп сурди».
Мақола муаллифи ва «Тобол» мухлиси Валерий Полевиков монологи: «Кустанайда туғилиб, 20 йил шу шаҳарда яшадим. Мен томоша қилган дастлабки учрашув: 2003 йил, Интертото кубоги, «Тобол» - «Полония». Ўшанда 6 ёшда эдим ва чарчаб, онамнинг тиззасида ухлаб қолгандим. Лекин ўйин менга ёқиб қолганди. Ўша йиллари Кустанай футболининг олтин даври эди. Ҳар йили 2 ёки 3-ўрин, еврокубок мусобақалари. Кимга қарасанг, футбол ҳақида гапираётган, стадионга ошиқаётган. 10 ёшга чиққунга қадар ҳар йили туғилган кунимда шам ёқиб, «Тобол»нинг чемпион бўлишини сўрардим. 2010 йилдаги чемпионликдан кейин «Тобол»га қизиқишим пасайиб кетди, бир неча йил футболга бефарқ бўлиб қолдим. Кейинчалик қизиқишим қайтган бўлсада, Қозоғистон чемпионатини кўрмадим. Чунки Европа лигаларига қизиқиб қолгандим. Ҳозир «Тобол» мухлисиман, дея олмайман. 11 йилда кўпи билан 20тача учрашув гувоҳи бўлдим. Сабаби, бошқа шаҳарга кўчиб кетганман. Бироқ натижаларни кузатиб бораман, клубдаги воқеалардан хабардорман. Ва ниҳоят, «Тобол» яна чемпион. Клубнинг 54 йиллик фаолиятидаги 4-соврин. Вужудим ажиб ҳиссиётлар оғушида. Ўзим олисдаман, лекин хаёлан Кустанайдаман. Шаҳар шодиёнасини ҳис этяпман. Қалбим фахр ва қувончга тўла. Шу сабабли дарё номи билан улуғланган жамоага табригимни йўлладим».
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).