Бугун Ғузордаги марказий "Ғузор" стадионида футбол бўйича Ўзбекистон 21-миллий чемпионатининг 1-тур доирасидаги "Шўртан"-"Локомотив" жамоалари ўртасида қизиқарли баҳс бўлиб ўтди.
Қизиқарли томони шундаки, ҳар икки жамоани ҳам янги, европалик мураббийлар қабул қилиб олишганди ва бу баҳс Игорь Криушенко ҳамда Хорен Оганесянларнинг расмий ўйинлардаги дебюти бўлди.
Шунингдек, 2005 йилдан бери Олий лигада қатнашаётган Ғузорнинг "Шўртан" клуби 2012 йилга келиб илк маротаба ўз майдонида дастлабки учрашувини ўтказди. Бунгача "Шўртан" чемпионатнинг барча биринчи тур ўйинларини сафарда бошлаб келган.
"Шўртан" жорий мавсумда ўз олдига улкан мақсадларни қўйиб, чемпионатни бошлади. Қолаверса, таркиб сезиларли даражада кучайтирилди. Шу ўринда "Локомотив" клубини ҳам қишки трансфер бозорида фаол қатнашганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ўйин олдидан ҳар икки жамоада ҳам бир қатор йўқотишлар бор эди. Патрик Агбо ўтган мавсумнинг сўнгги турида олган қизил карточкаси бу учрашувни ўтказиб юборишига сабаб бўлган бўлса, Ильнур Хазигалиев ва Ярослав Крушелницкийларнинг жароҳатлари бу учрашувда иштирок этишларига тўсқинлик қилди.
"Локомотив" ҳам Ғузор шаҳрига йўқотишлар билан ташриф буюрди. Иброҳим Раҳимов ва Мустафолар жароҳат сабабли ташриф буюришмаган бўлса, Жора Оганесяннинг ҳужжатлари борасида юзага келган муаммолар туфайли бу баҳсга олиб келинмади.
Учрашув бошланишидан олди Ғузор тумани ҳокими, Ғузор туман футбол федерацияси Президенти Шомурод Донаев сўзга чиқиб, янги 21-миллий чемпионат билан барчани муборакбод этди.
Шундан сўнг, "Шўртан" жамоаси сардори Асрор Алиқулов ва "Локомотив" клуби сардори Павел Бугалолар мамлакатимиз мадҳияси садолари остида 21-миллий чемпионат байроғини кўтаришди.
Маросимлар якунига етганидан сўнг, учрашув бош ҳаками Марат Исмоиловнинг ўйин бошланганлиги ҳақидаги ҳуштаги чалинди ва "Шўртан"-"Локомотив" жамоалари ўртасидаги учрашув бошланди.
Ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнаётган майдон эгалари учрашувни ҳужум билан бошлади. 3-дақиқада "Шўртан" жамоасининг дастлабки ҳужумини Мамазулумов якунига етказиб қўя олмади. Аниқроқ қилиб айтганда, ошириб берилган тўпга Мўйдин ўз вақтида етиб кела олмади.
Учрашувнинг бешинчи дақиқасида эса "Ғузор" стадиони ларзага келди. Игорь Таран ўнг қанотдан тўпни рақиб жарима майдончасига ошириб берди. Рақиб жарима майдончаси ичида тўпни эгаллаб олган Вадим Афонин қулай вазиятга турган Қодирқуловга оширди. Қодирқулов рақиб дарвозасига тескари турган бўлишига қарамай тўпни дарвоза томон йўллади, натижада тўп рақиб ҳимоячиларига текканг ҳолда ўз йўналишини ўзгартирди ва тўппа-тўғри Павел Бугало дарвозасидан жой олди – 1:0.
Учрашувнинг бошидаёқ гол ўтказиб юборишини кутмаган меҳмонлар бироз саросимага тушиб қолди. 11-дақиқада Вячеслав Пономарёв катта тезлик билан ўнг қанотдан ҳужум уюштириб тўпни рақиб жарима майдончасига ошириб бермоқчи бўлганди, лекин Дилшод Жабборов яхши ҳаракат қилиб хавфни бартараф этиб қолди.
22-дақиқада Ислом Иномовнинг ўнг қанотдан рақиб жарима майдончасига ёриб кириб йўллаган кучли зарбаси хафвли кўриниш олди. Лекин унинг йўллаган зарбасини Александр Корнейчук майдон ташқарисига чиқариб юборди.
25-дақиқада тўпни эгаллаб олган Ботир Қодирқулов чамаси 23-25 метрлар узоқликдан Павел Бугало қўриқлаётган дарвозани нишонга олмоқчи бўлди, аммо унинг ўйлаган нияти амалга ошмади ва тўп салгина ноаниқ кўриниш олди.
39-дақиқада "Шўртан" ҳисобда янаям олдинга чиқиб олиши мумкин эди. Вадим Афониннинг аниқ тўп узатишидан сўнг, Мўйдин Мамазулумов Павел Бугало билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб дарвоза томон зарба берди. Бироқ, Мамазулумов жорий чемпионатнинг расмий ўйинларида ўз голлари ҳисобини очишига бироқ аниқлик етишмади ва жуда қулай имконият кўкка соввурилди.
40-дақиқада Лазиз Убайдуллаевнинг ўнг қанотдан ошириб берган зарбасини Адама Соро билан рақиб дарвозаси томон йўллади, бироқ зарба бироз кучсиз кўриниш олганлиги сабабли, Павел Бугало осонлик билан тўпни эгаллаб олди.
Футболдаги ёзилмаган қонун 42-дақиқага келиб "кўриниш" берди. Ўнг қанот жарима зарбаси оширилганидан сўнг, "Шўртан" ҳимоячилар сусткашликка йўл қўйишди ва Зайниддин Тожиевгача тўп етиб боришига йўл қўйишди. Натижада, моҳир ҳужумчи қийинчиликсиз Александр Корнейчукни доғда қолдирди.
Иккинчи бўлим ҳам майдон эгалари ҳужумлари билан бошланди. Ҳаттоки, 50-дақиқага келиб ҳисобни оширишга ҳам муваффақ бўлишди. Игорь Тараннинг тўп оширишидан сўнг Мўйдин Мамазулумов "оффсайд" ҳолатида турганлигини англади ва ҳаракатни тўҳтатди. Натижада, Ботир Қодирқулов тўпни эгаллаб олиб, Павел Бугало билан яккама-якка ҳолатда қолди ва "Локо" дарвозасига иккинчи тўпни киритди. Бироқ, қанот ҳаками Бобир Қодироқ Ботир Қодирқуловни ҳам ўйиндан ташқари ҳолатда қолди дея, киритилган голни инобатга олмади.
55-дақиқада Ҳамза Каримовнинг аниқ тўп узатишидан сўнг Мўйдин Мамазулумов қулай вазиятга чиқиб бораётганди, лекин шу куни ҳимояда яхши ҳаракат қилган Дилшод Жабборов катта қийинчилик билан тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
64-дақиқада "Локо" футболчилари ҳисобда олдинга чиқиб олишлари мумкин эди. Александр Шадрин рақиб жарима майдончаси ичида тўпни эгаллаб олиб, Александр Корнейчук билан деярли бирга-бир вазиятда қолди. Лекин, "Шўртан" жамоаси дарвозабони Шадриннинг зарба беришига йўл қўймади ва тўпни эгаллаб олиб, жамоаси жонига оро кирди.
66-дақиқада иккинчи таймда майдонга тушган Отабек Валижоновга қўполлик қилинди. Вазиятга яқин турган Марат Исмоилов "Локо" дарвозаси томон жарима тўпи белгилади. Белгиланган жарима тўпини Вадим Афонин шерикларига етказиб берди. Ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Адама Соро ошириб берилган тўпга боши билан зарба берди. Хавфли кўриниш олган зарба тўппа-тўғри "Локо" дарвозасига кириб кетаётганди, лекин тажрибали Павел Бугало бир амаллаб тўпни эгаллаб олди.
Учрашув якунланиб боргани сари "Шўртан" фақат ҳужум қилишга ўтиб кетди. "Локо" эса бутун диққат-эътиборини ҳимояга қаратиб, имкон бўлди дегунча қарши ҳужумга ўтиб турди. 79-дақиқада бурчакдан ошириб берилган тўпга ҳаммадан баланд сакраган Бахтиёр Ашурматов "Шўртан" дарвозаси томон боши билан зарба берди, лекин унинг зарбаси дарвоза устидан ўтиб кетди.
82-дақиқада катта тезликда рақиб жарима майдончасига ёриб кирган Отабек Валижонов тўпни шерикларига етказиб берди, лекин ҳимоячилар тўпни қайтариб қолишди. Қайтган тўпга эса Виталий Рушницкий зарба берди, аммо Павел Бугало бу сафаарги зарбани ҳам ушлаб олди.
Учрашувнинг асосий вақтида қўшимча дақиқалар қўшиб берилаётган паллада барча нарсага узил-кесил нуқта қўйилди – рақиб жарима майдончасига ҳаволатиб ошириб берилган тўпни Вадим Афонин ўзидан ҳам қулай вазиятда турган Игорь Таранга етказиб берди. Бундай вазиятда Игорь Таран нима қилиш кераклигини жуда яхши билади – 2:1
Ҳисобда олдинга чиқиб олган майдон эгалари ҳисобни яна оширишлари мумкин эди. Майдон марказида тўпни эгаллаб олган Виталий Рушницкий олдинга ташланди. Бир ҳимоячига Рушницкий ва Игорь Таранлар чиқиб боришди. "Шўртан" жамоасининг янги ҳужумчиси мамлакатимизда ўз голлари сонини очишни ҳоҳлади шекилли, Игорь Таранга тўпни ошириб бериш ўрнига Шерзод Шариповни алдаб ўтишга қарор қилди. Йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмаганидан сўнг, Шерзод Шарипов ҳам уни йиқитди-қўйди. Натидажа "Локо" дарвозасига жарима тўпи ва Шариповга сариқ карточка. Белгиланган жарима тўпини Вадим Афонин амалга оширди, лекин ноаниқ.
Бутун ўйин давомида ҳисобни ушлаб қолиш учун роса тер тўккан, бироқ, сўнгги дақиқада ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборган манаман деган жамоа ҳам руҳан синиб қолади. "Локомотив" ҳам шундай бўлди. Тан олиб айтиш керакки, бугун "Шўртан" ғалабага муносиб эди. Чунки, бутун ўйин мобайнида ташаббусни ўз қўлида ушлаб турди, тўпни назорат қилишда ҳам, тезроклик билан ҳужумга ўтишда ҳам, хавфли вазиятларни содир этишда ҳам "темирйўлчилар"га нисбатан кучлигини исботлади. "Локо" футболчилари ҳам имкон бўлди дегунча ҳужумга ўтиб туришди, хавфли вазиятларни содир этишди, ҳаттоки гол ҳам уришди. "Локо"нинг аскарият футболчилари янги. Қолаверса, чемпионат энди бошланди. Ҳали олдинда кўп ўйинлар бор, жамоа футболчилари босқичма-босқич бир-бирларини тушуна бошлайди ва кейинги ўйинларда бундан ҳам ишончли ўйинлар намойиш этишади.
Шу тариқа, "Шўртан" чемпионатни мувафффақиятли бошлаш билан бир қаторда, шу кунгача бўлган "қора анъана"га ҳам чек қўйди. Чунки, "оқ бўрилар" 2005 йилдан бери бирор марта ҳам чемпионатни ғалаба билан бошламагандилар. Қолаверса, бугун стадионга келган 10.000дан зиёд мухлис ўз уйларига хурсанд ҳолда кетадиган бўлди.
ПФЛ-2012. 1-тур.
ШЎРТАН - ЛОКОМОТИВ 2:1 (1:1)
Голлар: Ботир Қодирқулов (6), Игор Таран (90) — Зайниддин Тожиев (42)
ШЎРТАН: А. Корнейчук, А. Алиқулов, А. Соро, И. Таран, М. Мамазулумов (Виталий Рушницкий 58), Л. Убайдуллаев, В. Афонин, В. Пономарёв (Аббос Амонов 74), А. Мерзляков, Х. Каримов, Б. Қодирқулов (Отабек Валижонов 64).
ЛОКОМОТИВ: П. Бугало, Ш. Шарипов, И. Иномов, Б. Ашурматов, С. Абдуллаев (Темур Айзатуллов 85), Д. Жаббаров, М. Казанцев (Элёр Жаҳонов 55), Д. Рахматуллаев, Р. Хачатрян, А. Шадрин (Ислом Тўхтахўжаев 88), З. Тожиев.
Ҳакамлар: Марат Исмоилов (Тошкент), Бобир Қодиров, Хусниддин Шодмонов (иккаласи Бухоро), Ҳасан Рўзиев (Тошкент).
Назоратчи: Артём Арутюнов (Тошкент)
2012 йил 17 март. Ғузор марказий стадиони. 10.205 томошабин
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).