2021 йил мегатрансферлар бўйича энг гавжум йил бўлди. Роналду ва Месси клубини ўзгартирди, ПСЖ юлдузларни сотиб олди, Санчо, Варан ва Лукаку Англия чемпионатига йўл олди. Жек Грилишнинг "Манчестер Сити"га ўтиши йилнинг энг қиммат трансфери бўлди. Улар янги жамоасидаги мавсумни қандай ўтказишмоқда?
Серхио Рамос, "Реал"дан ПСЖга эркин агент сифатида.
Рамос «ПСЖ» билан икки йиллик шартнома имзолади, бироқ ўзини дарҳол янги оммага кўрсатмади. Ҳимоячи оёқ суягидаги жароҳатидан фориғ бўлиш учун тўрт ой вақт сарфлади ва фақатгина 28 ноябрь куни Францияда "Сент-Этьен"га қарши 90 дақиқа ўйнаб, дебют қилди. Ўшандан бери испаниялик парижликлар сафида учта ўйин ўтказди ва мушаклари шикастлангани учун тўртта баҳсни ўтказиб юборди. “Лорьян”га қарши учрашувда биз ҳақиқий Рамосни кўрдик, негаки у ўйинда қизил карточка олиб майдондан четлатилди.
Янги йилда Серхио Чемпионлар лигасида собиқ жамоасига қарши ўйнайди. “Тақдирни олдиндан айтиб бўлмайди. Мен бошқа жамоага қарши ўйнашни истардим, лекин бу тақдир. "Реал Мадрид"га қанчалик боғланганимни биласиз ва мен уларни яхши кўраман, бу ҳеч қачон ўзгармайди.
Менда аралаш туйғулар бор. Мен бир-биримиз билан ярашишимизни хоҳламадим, лекин бошқа томондан, мен ҳаётимнинг энг яхши йилларини ўтказган ва ковид туфайли хайрлашолмай қолган "Сантяго Бернабеу"га қайтаман. Мен бошқача бўлишини хоҳлардим, лекин бу футбол. Мен жамоамни ҳимоя қилишим керак. ПСЖ учун ўламан, - дейди Рамос.
Жанлуижи Доннарумма,"Милан"дан ПСЖга эркин агент сифатида.
Доннарумма Евро-2020 финалидан уч кун ўтиб ПСЖ футболчисига айланди. Дарвозабон парижликлар билан беш йиллик шартнома имзолади, бироқ Навас билан ўйин вақтини бўлишишга мажбур. Қийин рақобат туфайли италиялик барча турнирларда парижликлар сафида бор йўғи 11та ўйинда 9та гол ўтказиб юборди ва 12та ўйинни захирада ўтказди.
Мураббий бунда ёмон нарсани кўрмаяпти. “Менимча, ҳаммаси яхши кетмоқда. Ҳар бир инсон ривожланишнинг, ассимиляциянинг турли даврларини бошидан кечиради. Ҳар бир ҳолатни яхши тушуниш керак. Рақобат муҳим ва мутлақо соғлом. Бу жамоанинг ривожланишига ва ҳар куни бизда бўладиган даражага ҳисса қўшади. Дарвозабонларимизга раҳмат айтишимиз керак, чунки улар ҳар куни бор кучларини беришади.
Кейлор билан муносабатларим аъло даражада, заррача зиддият йўқ. Баъзида одамлар эшитишни хоҳлаган нарсани айтишади ва турли қийин вазиятларни ўйлаб топишни бошлайдилар ", - деб Почеттино сўзларидан иқтибос келтиради Le10sport.
Лионель Месси, "Барселона"дан ПСЖга эркин агент сифатида.
Мессининг Франциядаги старти ўта мунозарали реакцияга сабаб бўлди. Бир томондан, клубнинг Чемпионлар лигасидаги 13 та голидан бештаси, бошқа томондан - Франция чемпионатининг 11-турида атиги битта гол. “Лорьян”га қарши ўйинда гол ура олмаган аргентиналик футболчи сафар ўйинларида ўзининг антирекордини такрорлади (сафарда гол киритмаган саккизинчи ўйин). Месси ПСЖ билан яна бир мавсумга узайтирилиши мумкин бўлган икки йиллик шартнома имзолади. Леонинг клубга келишининг ножўя таъсири Неймар ва Мбаппе ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувидир.
Антуан Гризманн, "Барселона"дан "Атлетико"га ижара асосида.
Француз ёзги трансфер ойнасининг сўнгги кунида Мадридга қайтди. «Атлетико» ҳужумчини 10 миллион евро эвазига бир йиллик ижарага олди ва уни 40 миллион еврога харид қилиши мумкин. Декабр ойи ўрталарида франциялик футболчининг мушаклари шикастланган ва у ҳозирда жароҳатдан қутилиш билан банд.
Криштиану Роналду, "Ювентус"дан "Манчестер Юнайтед"га 15 миллион евро эвазига.
"Манчестер Юнайтед"га қайтгандан кейин биринчи ўйинда португалиялик "Ньюкасл"га қарши баҳсда дубл қайд этди. Роналду учун Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи янада омадлироқ бўлди - дастлабки бешта турда олтита гол урди. Шу тариқа, “қизил иблислар” учун Криштиану 18та ўйин ўтказиб, “гол+пас” тизими бўйича 13+2 натижа қайд этди. Роналдунинг “Манчестер Юнайтед” билан шартномаси 2023 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади. Катта эҳтимол билан “қизил иблислар” келишувни яна бир йилга узайтириш вариантидан фойдаланишади. Агар шундай бўладиган бўлса, Криштиану 39 ёшгача МЮда қолади.
Рафаэль Варан, "Реал"дан "Манчестер Юнайтед"га 40 миллион евро эвазига.
Ҳимоя чизиғи сўнгги мавсумларда "Манчестер Юнайтед"да энг муаммоли нуқтадир. Вараннинг трансфери ажойиб ечим бўлиши кутилганди. Аммо ҳозирча француз дейарли майдонда кўриниш бергани йўқ. Ҳимоячи октябрь ойида жарохат олди ва ҳозирда тиззасидан жароҳатини тикламоқда. Январь ойида Варан майдонга қайтиши кутилмоқда. Франциялик футболчи "Манчестер Юнайтед" билан 4 йиллик шартнома имзолаган.
Дайот Упамекано, “Лейпциг”дан “Бавария”га 42,5 миллион евро эвазига
23 ёшли ҳимоячи “Бавария”га ўтиб, тўғри қарор қабул қилди. Упамекано доимо асосий таркибда майдонга тушмоқда. 17 декабр куни у дебют голини урди ва 15 учрашувда 4 та голли узатмани амалга оширди. На “Лейпциг”да, на “Зальцбург”да француз бундай ўйини билан мақтана олмасди. "Бавария" билан Упамекано клубдаги фаолиятидаги илк соврин - Германия Суперкубогини қўлга киритди. Шубҳасиз, бу у учун охиргиси эмас - олдинда ҳали 4,5 йиллик шартнома бор.
Жейдон Санчо, Дортмунднинг "Боруссия"сидан "Манчестер Юнайтед"га 85 миллион евро эвазига.
Англиялик футболчи “Боруссия”да тўрт мавсум давомида 137 та ўйин ўтказиб, 50 та гол урди ва 64 та голли узатмани амалга оширган. 21 ёшли вингер учун ажойиб рақамлар. «Манчестер Юнайтед» «шаҳарликлар» тарбияланувчиси билан 5 йиллик шартнома имзолади. Жейдоннинг сўзларига кўра, “қизил иблислар” таркибида тўп териш унинг орзуси бўлган. Аммо янги клубида Санчо ҳали яхши натижа қайд эта олмаяпти барча турнирларда 19та ўйинда атиги иккита гол.
Ромелу Лукаку, "Интер"дан "Челси"га 115 млн евро евазига.
2011 йилнинг 8 августида “Челси” Лукакуни “Андерлехт”дан 15 миллион еврога сотиб олган. 10 йилдан сўнг яна 100 миллион евро тўлашга мажбур бўлди. Белгиялик футболчи “Интер” сафида икки йил давомида 95 ўйинда 64 та гол урди ва 16 та голли узатмани амалга оширди. Лукаку бу мавсумда ҳар бир ўйинда ўртача 60 дақиқа ўйнамоқда, барча турнирларда бешта гол урди ва бир ойни жароҳати туфайли касалхонада ўтказди.
Жек Грилиш, “Астон Вилла”дан “Манчестер Сити”га 117,5 миллион эвро эвазига.
Грилиш "Сити"га 5 август куни келиб қўшилди, аммо барибир клубга яхшироқ мослаша олмаяпти. Барча турнирларда 20 та ўйин, 3 та гол ва 3 та голли узатма - 117,5 миллион евролик футболчининг камтарона статистикаси.
“Агар улар сиз учун 118 миллион евро тўлаган бўлсалар, сиз одамларнинг гаплари туфайли қийин ҳолатга тушиб қоласиз. Мен буни ҳис қиляпман, лекин клуб менга жуда кўп пул сарфлаганини биламан. Умид қиламанки, уни голлар ва совринлар билан тўлай оламан», - дея Грилиш сўзларидан иқтибос келтиради SKY Sports.
Миржалол Пардабоев таржимаси.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).