“Stadion.uz” нашри 2021 йил якунларини сарҳисоб қилишда давом этмоқда. Ҳозир эса фаолиятини якунлаганини элон қилган юлдуз футболчиларни эслашга қарор қилди.
Уэйн Руни
Уэйн Руни шу йил бошида фаолиятини якунлаганини эълон қилган эди. У Англия терма жамоаси ва Англия Премер-лигаси тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бири саналади. Гарчи, Харри Кейн (48 гол) яқин келажакда ундан ўзиб кетиши аниқ бўлса-да, Руни 53 та гол билан терма жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб қолмоқда. Уэйн Руни “Манчестер Юнайтед” сафида 13 йил давомида тўп тепган. “Қизил иблислар” таркибида форвард 559 та ўйин ўтказиб, 253 та гол уриб, клубга кўплаб совринлар, хусусан, 5 та Премьер-лига чемпионлиги ва Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритишига ёрдам берди. Руни узоқ вақт давомида “Манчестер Юнайтед” тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб қолади, чунки ушбу натичани янгилашга яқин келган футболчилар ҳозирча йўқ.
Арьен Роббен
2019 йилда Арьен Роббен футболдан кетаганини айтган эди, аммо кейин маълум бўлишича, у фаолиятини шунчаки тўхтатган. Орадан бир йил ўтиб Роббен ўз она шаҳри Гронингенга қайтди, бироқ соғлиғи футболчига ажойиб мавсум ўтказишга имкон бермади ва 2021 йилнинг ёзида Арьен ниҳоят бутсасини михга илганини маълум қилди. Арьен Роббен футбол тарихидаги энг яхши вингерлардан бири ҳисобланади. Унинг сеҳрли чап оёғи кўплаб дарвозабонлар ва ҳимоячилар учун даҳшатли тушга айланганди. Роббен ўз фаолияти давомида учта топ-клубда – “Челси”, “Реал” ва “Бавария”да ўйнаган. Футболчи мазкур клубларнинг барчасида етакчилардан бири эди. Роббен Голландия терма жамоаси сафида 96 ўйин ўтказган. 2010 йилда у терма жамоа билан бирга Жаҳон чемпионати финалида ўйнаган.
Серхио Агуэро
Серхио Агуэро футболдаги фаолиятини якунлашини декабрь ойида эълон қилди. Аргентиналик ҳужумчининг қарори мажбурий бўлди – кузда “Барселона” сафидаги ўйинларнинг бирида Агуэрода юраги билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. Серхио “Манчестер Сити”нинг ҳақиқий афсонасига айланди. Унинг ҚПР дарвозасига урган “олтин голи” “шаҳарликлар”га ўзининг замонавий тарихида илк бор чемпионликни қўлга киритишга ёрдам берган. У “Сити” мухлислари хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади. Қўшиб берилган тўртинчи дақиқадаги аниқ зарба, ўша лаҳза жуда эмоционал эди. “Манчестер Сити”даги ўн йиллик фаолиятидан сўнг Агуэро “Барселона”га ўтди, аммо каталонияликлар сафида атиги бешта ўйин ўтказа олди, холос.
Клаас-Ян Хунтелаар
Ўтган мавсум охирида Клас-Ян Хунтелаар ҳам фаолиятини расман якунлаганини эълон қилди. У бутун фаолияти давомида кўплаб клубларда ўйнаган таниқли ҳужумчи. Хунтелаар “Реал Мадрид” (20 ўйинда 8 та гол) ва “Милан”да (30 ўйинда 7 та гол) яхши ўйнамаган, бироқ форвард “Аякс” (257 ўйинда 158 та гол) ва “Шальке 04” (249 ўйинда 128 гол) сафида ажойиб ўйнади. Клаас-Ян Ҳунтелаар Голландия терма жамоаси сафида 42 та гол урган. “Апелсинлар” таркибида гол уриш бўйича у фақат Робин ван Персидан пасроқ натижа кўрсатган.
Самир Насри
Самир Насри ўз салоҳиятини тўлиқ очиб бера олмаган футболчилардан бири. Насри фаолиятининг якуний қисми умуман омадсиз бўлди. Франциялик футболчи клубсиз бир йил ўтказиб, фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Балки, Самир 2018-2019 йиллардаги допинг учун дисквалификация қилиниши уни қаттиқ нокаутга учратгандир. Кейинчалик “Вест Хэм” ва “Андерлехт”да Насри ўзидан кутилган натижани кўрсата олмади.
Ўз вақтида Самир Насри “Марсел”, “Арсенал” ва “Манчестер Сити”да ўйнаб, ҳақиқатан ҳам порлаган эди. Чаққон ва техникси кучли яримҳимоячи шундай ўйинлар ўтказдики, уни ҳатто янги Зинедин Зидан деб ҳам аташган. Афсуски, вақт ўтиши билан Насри каби юлдуз секин-аста сўна бошлади.
Марио Манжукич
2017 йилги Чемпионлар лигаси финалдида ажойиб гол урган Марио Манжукич ҳам фаолиятини якунлади. Хорват футболчилик фаолияти кўплаб жамоаларда ўтказган. Манжукич Европанинг энг кучли чемпионатларида “Вольфсбург”, “Бавария”, “Атлетико”, “Ювентус” ва “Милан” клубларида ўйнаган. Хорватиялик учун “россонерилар” лагеридаги сўнгги мавсум голсиз ўтди - унга соғлиғи билан боғлиқ муаммолар тўсқинлик қилди. Лекин, аввалги клубларда у мунтазам равишда самарали ҳаракатлари билан ажралиб турган. Марио Манжукич Хорватия терма жамоаси сафида 33 та гол урди ва энг яхши тўпурарлар рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. “Шахматчилар” сафида фақат Давор Шукер ундан кўпроқ гол урган.
Сами Хедира
Сами Хедира иқтидорига кам баҳо берилган футболчилардан бири ҳисобланади. У ўз жамоаларига муваффақият қозонишида катта ҳисса қўшган бўлса-да, асосан сояда қолди. Хедира “Реал”да беш мавсум,“Ювентус”да эса беш ярим мавсум ўтказди. Бу вақт ичида немис бир қанча совринларни қўлга киритди, хусусан, 2013/2014 йилги мавсумда Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритди. Сами Хедира фаолиятидаги сўнгги клуби “Герта” бўлиб, ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини ўша ерда ўтказди ва шундан сўнг фаолиятини якунлади.
Нури Шахин
Октябрь ойида 33 ёшли Шахин ортиқ футбол ўйнамаслигини маълум қилганди. Шундан сўнг дарҳол Нури футболчилик фаолиятининг сўнгги йилини ўтказган “Антальяспор”га раҳбарлик лавозимига тайинланди. Турк футболчиси “Фейеноорд” билан Голландия кубогини, “Реал” билан эса Ла Лигани қўлга киритган. Аммо ишқибозлар футболчини энг кўп Дортмунднинг “Боруссия” жамоасидаги ўйинлари билан эслашди. Собиқ яримҳимоячи “асаларилар” билан биргаликда Германия чемпиони бўлди, Германия кубоги ва Суперкубогини қўлга киритди ва Чемпионлар лигаси финалига чиқди. Шахин 2010/11 йилги мавсум якунида Бундеслиганинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Антонио Валенсия
Валенсия —Европада 10 йил давомида “Манчестер Юнайтед” таркибида ўйнагани билан машҳур. Бу вақт ичида Антонио икки марта Англия чемпиони бўлди, 3 марта Англия Суперкубоги, икки марта Лига кубоги, шунингдек, бир марта Англия кубоги ва Европа Лигаси соҳиби бўлди. Бундан ташқари, “Насьонал” билан Эквадор чемпиони, “ЛДУ Кито” жамоаси билан эса Эквадор кубогини қўлга киритди. Валенсия ўз мамлакатида икки марта йилнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Собиқ ҳимоячининг сўнгги клуби Мексиканинг “Керетаро” клуби бўлиб, ушбу жамоани май ойида уни тарк этган ва ўшандан кейин эквадорлик футболчи 35 ёшида фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Одил Аҳмедов
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ сардори ва етакчиси Одил Аҳмедов ҳам расман футболчилик карьерасини якунлади. Тажрибали яримҳимоячининг сўнги клуби Хитойнинг “Цанчжоу” клуби бўлди. Шунингдек, Одил фаолияти давомида Тошкентнинг “Пахтакор” Россиянинг “Анжи” ва “Краснодар”, Хитойнинг “Шанхай СИПГ”, “Тяньцзинь” клублари шарафини ҳимоя қилган. Аҳмедов Ўзбекистон терма жамоаси сафида 108 та ўйинда майдонга тушиб, 21 голни ўз ҳисобига ёзиб қўйган. Йил охирида, аниқроғи декабрь ойида Одил Аҳмедов расман футболчилик фаолиятини якунлагани эълон қилди. Шундан сўнг, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Аҳмедов Одил Алимжанович ЎФА вице-президенти лавозими ҳамда ЎФА Ижроия қўмитасининг аъзолигига тасдиқланди.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).