Франциянинг "ПСЖ" клуби бош мураббийи Маурисио Почеттино ҳужумчилар — Лионель Месси, Неймар ҳамда Килиан Мбаппе билан ишлаш қанчалик қийин эканлиги ҳақида фикр билдирди.
"Ҳа, бу ҳақиқат. Бу менимча, ҳеч қайси мураббий учун осон иш бўлмаса керак. Бу қийинчиликни енгиш учун мен тез-тез уларга табассум қилиб тураман. Уларнинг жаҳли жуда тез чиқади, захирага олинишларини ёқтиришмайди, лекин бу футболнинг бир қисми.
Улар билан бирга ишлаш қийин. Бу одамлар тасаввур қилганидек осон эмас, тўғри тушунинглар. Чунки, бу уч футболчи билан бирга ишлаган мураббий дунёда йўқ. Улар билан қандай ишлаш кераклигини айтадиган одам ҳам, шу нарса ёзилган китоб ҳам, қўлланма ҳам йўқ. Бу "ПСЖ" томонидан яратилган футболдаги янги нарса. Шундай экан, биз улар билан яхши тарзда ишлашга ҳаракат қилаверамиз, шундагина натижага эришишимиз мумкин", – дейди Почеттино.
Эслатиб ўтамиз, Месси Лига-1 баҳсларидан бирида Почеттино уни захирага олгани учун унга жаҳл қилиб, тортишиб кетгани тасвирга олинган видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).