Охирги пайтларда «Навбаҳор»да рўй берган ўзгаришлар мамлакатимиздаги ОАВларнинг долзарб мавзусига айланиб қолди десак хато бўлмайди. Жамоада катта мураббий бўлиб ишлаган Усмон Асқаралиев ҳамда ярим ҳимоячи Санжар Асқаралиевларнинг суҳбатларидан «Навбаҳор»нинг молиявий аҳволини ўта қийин аҳволда деган хулосага келиш мумкин.
Бироз олдин эса клуб директори Дилмурод Мамаджанов ўзгаришларга изоҳ берар экан, молиявий масала борасида ортиқча муаммо йўқлигини эътироф этганди. Асқаралиевларнинг интервьюлари чоп этилгач, вазиятга аниқлик киритиш мақсадида яна Дилмурод Мамаджановга мурожаат қилдик.
Матбуотда чоп этилган суҳбатлар билан танишиб чиқдим, - дея гап бошлади Мамаджанов. – Лекин, унда билдирилган фикрларнинг кўпчилиги асосиз эканлигини эътироф этган бўлардим. Хусусан Санжар Асқаралиев уч ойдан бери футболчиларни ойлик маош ололмаганликлари хусусида фикр билдирган. Бу ёлғондан ўзга нарса эмас. Яна бир қизиқ томони шундаки, футболчи суҳбат чоғида «мукофот пуллари ҳақида эса умуман гапирмаса ҳам бўлади» деган иборани ишлатган. Очиғи бу жумлаларни ўқиб, ҳайратдан ёқа ушладим. Ахир жамоа ҳали чемпионатда ғалаба нашидасини сурмаган бўлса у ҳолда қандай қилиб мукофот пуллари ҳақида гап бўлиши мумкин. Қолаверса у жамоа аъзолари ўртасидаги йиғилишни Наманганда ўтганлигини таъкидлаган. Ваҳоланки, жамоа аъзолари ўртасидаги йиғилиш 28 март куни Тошкент шаҳрида жойлашган «Туркистон» меҳмонхонасида ўтказилганди. Бундан футболчи ўзини оқлаб, бошқаларни қора қилмоқчи бўлганлигини пайқаш қийин эмас. Ҳар ҳолда мухлисларни алдаш яхши иш эмас. Қолаверса, катта мураббий У.Асқаралиевнинг интерьюсидаги фикрларнинг аксарияти ҳам бўҳтондан ўзга нарса эмас. Бу каби суҳбат орқали мухлислар орасида нотўғри ташвиқот юргизишни нима кераги бор ҳайронман. Яна бир жиҳатга эътибор қаратишни лозим топдим. Ишқибозларга маълумки, 1992 йилдан бери ушбу мураббий «Навбаҳор»да бир неча маротаба ишлаган. Лекин, ҳар сафар қандайдир сабабларга кўра жамоадан кетган. Агарда ўша пайтдан бери клубда бир нафар раҳбар ишлаганда, ўша инсон бу мураббийни ёқтирмас экан, шу сабабли клубдан кетишини истаган деган хулоса пайдо бўларди. Ҳар сафар Асқаралиевни нима сабабдан кетганлигини кўп йиллик стажга эга мухлисларнинг кўпчилиги яхши билади.
- Ўзи жамоа аъзолари ўртасидаги йиғилиш нима сабабдан ўтказилганди?
- Жамоамиз Ғузорда мағлубиятга учрагач, катта мураббий Усмон Асқаралиев Наманганга бормай Тошкентда шуғулланиш таклифини берди. Мураббий ва футболчиларнинг ҳолатини тушуниб турганлигим боис бунга розилик бергандим. Кейинчалик, жамоа аъзолари Тошкентга келишимни сўрашди. Пойтахтга боргач, айрим футболчиларни машғулотларда қатнашиш ва ўйиндан иштирок этишдан бош тортганликларидан хабар топдим. Шу сабабли тезкор йиғилиш ўтказдик. Йиғилиш давомида футболчилар номидан сўз олган Денис Романенко молиявий масалалар юзасидан клуб раҳбариятига эътирози борлигини билдирди. Шунингдек, А.Тоиров ҳам ички тартиб интизомни бузган ҳолда бир ўзи машғулот ва ўйиндан қатнашмаслигини билдирган ҳолда бошқа футболчиларни ҳам йўлдан урмоқчи бўлган. Аслини олганда клуб ҳисоб-рақамига тушаётган пул маблағлари биринчи навбатда футболчилар ўртасида тақсимланаётганди. Маълумот ўрнида айтиб ўтишим мумкинки, 1 март ҳолатига қадар футболчилардан ойлик маош борасида клубнинг қарзи қолмаган. Фақатгина кўтарма пулларидан қарздорлик мавжуд бўлиб, айни пайтда кўтарма пулларининг бир қисмини тўлашни ҳам бошладик.
- Ундай бўлса нима сабабдан футболчилар майдонга тушишдан бош тортишди?
- Тошкентда ўтказилган йиғилиш давомида бу ишни уюштирилганлиги сезилиб қолди. Футболчиларга жавобан бу ЎФФ ва ПФЛ тасдиқлаган Регламентнинг «Интизомий кодекси»нинг 5,2 ва 5,3 бандларида ўйиндан қатнашишдан бош тортиш клубга катта муаммоларни келтириб чиқаришини айтиб ўтдим. Шу билан биргаликда, уларнинг талабларини қондириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини тушунтирдим. Лекин, жамоанинг айрим етакчи футболчилари пул олмагунларига қадар майдонга тушмасликларини билдиришди. Қисқа вақт ичида клуб футболчилар билан ҳисоб-китоб қила олмаслигини айтган бўлсамда, улар ўз фикрларида туриб олишди. Шундан кейин машғулотда қатнашишни ва ўйинда иштирок этишдан бош тортган футболчиларга бўш эканликларини айтишга мажбур бўлдим. Ўз навбатида тартиб-интизомни бузганларга нисбатан молиявий томондан тегишлича жазо чоралари қўлланишини ҳам билдирдим.
- Бу масалага катта мураббий сифатида иш юритган Усмон Асқаралиев қандай муносабат билдирди?
- Асқаралиев йиғилишда ҳар бир футболчига вазиятни ижобий томонга ўзгаришини, шу сабабли ўз ишларига сидқидилдан ёндошишларини илтимос қилавериб чарчаганлигини билдирди. Шу билан биргаликда, футболчилар унинг гапига кирмаётганлигини айтиб, ўрнига лойиқ мутахассис топилса, бошқа лавозимда ҳам ишлашга розилигини эътироф этди. Жамоанинг барча аъзолари билан ўтган йиғилишдан кейин мураббийлар штаби ва раҳбарият ўртасида ҳам йиғилиш ўтказдик. Айнан шу йиғилиш давомида Асқаралиевга иш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларга йўл қўяётганликлари, жамоадаги тартиб-интизомни бўшашиб кетганлиги хусусидаги эътирозларни билдирдим. Ишонасизми, айрим футболчилар жамоа ихтиёрида бўлган пайтларида спиртли ичимликларни истеъмол қилишган. Ахир бу қанақаси, клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва бошқа жамоадошларига нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Бундан ташқари тартиб интизомни бўшашиб кетиши оқибатида футболчиларни учрашувлар давомида ҳакамлар билан асоссиз равишда тортишишлари туфайли сариқ ҳамда қизил карточкалар сони ҳам ортаётганди. Ғузордаги 0:4 ҳисобидаги аламли мағлубият ҳам жамоада интизомни бўшашганлигидан далолатдир. Буларнинг бари футболчиларни иш ташлашгача олиб борганлиги кишини ҳайрон қолдиради. Вазият шу аснода давом этса жамоанинг аҳволи янада қийин бўлиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмасди. Гарчи бош мураббий вазифасини М.Байрамов бажараётган бўлсада, барча масъулият У.Асқаралиевнинг зиммасига юклатилганлигидан барчанинг хабари бор. Лекин, мураббий қўл остидаги футболчиларга гапини ўтказа олмаслиги ёки уларни бошқара олмаслигини қандай тушуниш мумкин. У.Асқаралиев айнан шу айбини тан олгач, мураббийни истеъфога чиқаришни лозим топдик.
Аслини олганда, мураббий бироз олдин огоҳлантирилганди. Гап шундаки, айрим мухлислар жамоанинг молиявий ҳолатидан яхши хабардор эканликларини билдиришганида, ҳайратга тушгандим. Айнан 28 март куни клуб офисига келган бир гуруҳ ишқибозлар кимларни қанчадан пул олаётганликлари тўғрисидаги маълумотларни эътироф этишди. Уларга бу маълумотларни қаердан олдинглар десам, бунга жавобан барча маълумотларни У.Асқаралиев мухлислардан бирига ҳар доим етказиб туришларини билдиришди. Бунга қандай изоҳ беришга ҳам ҳайронман. Аслини олганда, клубнинг ички ва молиявий сирларини четга чиқарганлиги учун амалдаги шартномада тегишли жазо чораларини кўриш борасидаги банд мавжуд. Айнан шу жиҳат ҳам мураббийни истеъфога чиқарилишига сабаб бўлди.
- Сўнгги кунларда жамоага хориждан мураббий келиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бу фикрга қандай муносабат билдирасиз?
- Чинданам, айни пайтда музокаралар олиб борилмоқда. Бу жараён ўз якунига етиб қолди. Шундай экан, мухлисларимиз бироз сабр қилишса мураббийлар штабида иш бошлайдиган мутахассис номини ишқибозларимизга маълум қиламиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).