"Барселона" ва "Челси" қарама қаршилиги ЕЧЛ классикасига айланиб улгурган бўлса-да, бу галгиси янада кўпроқ эътиборни жалб қилаётгани табиий. Сабаби, илгари бу икки жамоа ўртасидаги фарқ унчалик катта бўлмаганди. Европа футболидаги ва мавсумдаги статуси ҳақида айтяпман. "Челси" АПЛда кучли тўртликдан ҳам четда, "Барселона" эса чемпионликни бой берган бўлса-да, кучлилигича қолмоқда. Мувозанатнинг нариги томонида эса, лондонликларнинг биринчи ўйиндаги натижаси турибди. Келинг, барчасини тарозига соламиз ва ўзимизча фантези-футбол ўйнаймиз. Бошладик.
БАРСЕЛОНА – ЧЕЛСИ
БИРИНЧИ ЎЙИН — 0:1. Илк тўқнашувда "Челси" ғалаба қозонди. Бу ниманинг ҳисобига ва қандай ҳолатда қўлга киритилгани муҳим эмас, асосийси, "Камп Ноу"да ҳуштак янграётганда меҳмонлар ҳисобда олдинда бўладилар.
МУХЛИСЛАР — 1:1. "Барселона" ўз майдонида ўйнайди. Жамоа 2009 йилдан бери бу ерда ЕЧЛ мусобақаасида ютқазмаган. У ҳам "Рубин"га кечган гуруҳ босқичи эди. Мухлисларнинг мададини эътиборга олсак, битта голга тортади.
САФАРДАГИ ГОЛ ҚОИДАСИ — 1:2. Яна "Челси олдинга чиқиб олди. Факт, "Барселона" Лондонда гол ура олмади. Ўнлаб хавфли вазиятларни тезроқ эсдан чиқаринг, бунга очко берилмайди. Плей-оффда ўз майдонида гол ўтказмаслик муҳим саналади. Айниқса, 1:0 ҳисобида ғалаба қозониш мезбон жамоа учун идеал ҳисоб саналади. Бундай ҳолатларда, 70 фоиздан кўпроғида ўша жамоа оқибатда кейинги босқичга йўл олган. Тасаввур қилинг, "Барселона" ҳатто 2 та гол урса ҳам, ўзини хотиржам ҳис қила олмайди. "Челси" биргина ҳужумдан гол уриб, вазиятни тескарига айлантириб юбориши мумкин.
ИККИНЧИ ҚАВАТ — 1:3. Инглиз жамоаси, айниқса, ҳимоя чизиғи иккинчи қаватда беназир ҳаракат қилади. Ҳам ўз, ҳам рақиб жарима майдонида. Кэйҳилл, Терри, Иванович каби футболчилар жуда кўп маротаба гол уришган. Аксига олиб, "Барселона"да айнан юқори қаватда ўйнай оладиган фтуболчилар жуда кам. Пике ҳам сўнгги уч ўйинда захирада қолдирилди. Гап фақат жароҳатда эмас, ушбу мавсумни Пике бир текисда ўтказа олмяпти. Шунингдек, "Барселона" сўнги пайтларда кўп ҳужумларини қанотлардан уюштираётганини ҳисобга олсак, "Челси" бу борада беназир ҳаракат қила олади.
ЖАМОВИЙ ЎЙИН — 2:3. Бу омил бўйича, "Барселона" пешқадам. Жамоа уч йилдан бери бир йўналишда кетмоқда. "Барселона" мақсади ва бу мақсад ниманинг ҳисобига амалга ошириш мумкинлигини яхши билади. "Челси" учун эса, бу мавсум барибир муваффақиятсиз кечмоқда. Кўп футболчилар бир текисда ўйнай олишмади. Ди Маттеода "фалон футболчини туширсам, шубҳасиз, уялтирмайди", деган тушунча камроқ. Асосий ўйинларда барибир ветеранлар ўзларини кўрсатдилар, аммо у футболчиларда барқарорлик кўнгилдагидек эмас.
"КАМП НОУ" — 3:3 "Стемфорд Бридж" ва "Нау Камп" стадионлари хажми ўртасидаги фарқ ҳақида ҳам кўп ёзишмоқда. Барселонадаги стадион одатдаги стандартлардан бироз кенгроқ ва узунроқ ҳисобланади. "Барселона" кўпроқ яқин масофада ўйнаса ҳам, кенгроқ майдонни қамрашга ва кўпчилик бўлиб ҳужум қилишга ҳаракат қилади. Бу эса доим жамоада қулайлик келтиради, меҳмон жамоаар кўпинча, айнан стадионнинг хажми катталигига ўргана олмай азият чекадилар. "Челси" бу стадионда ўйнаган охирги беш ўйинида умуман ғалаба қозона олмаган.
ҲАКАМ — 3:4. Ўйинни туркиялик ҳакам бошқаради. Турк ва инглиз футболи шиддат ва тезлик борасида бир бирига ўхшаб кетади. Ҳакамларнинг услуби ҳам яқин. Яъни кўп вазиятларда курашни таъминлашга, ҳадеб ўйинни тўхтатавермасликка ҳаракат қилади. "Барселона" шиддатли эмас, демайман, лекин керакли пайтда симулациялар ишлатиш ва ҳакам эътиборини жалб этиш, рақибга карточкалар ишлаб бериш "Барселона"нинг кичик стратегияларидан саналади. Бунақаси турк ҳакамларига ўтмайди, Иванович қўрқмасдан "подкат" қилиши мумкин.
СТАТИСТИКА — 4:4. Абрамовичнинг "Челси"си олти марта ЕЧЛ ярим финалига етиб келган. Лекин атиги бир маротаба финал йўлланмасини қўлга киритган. Шунингдек, айнан бу жамоаларнинг ўзаро статистикасида ҳам "Барселона" яққол устун ҳисобланади.
МЕССИ — 5:4. Месси ушбу мавсумда жуда самарали ўйин кўрсатяпти. Унинг бугунги спорт формасидан келиб чиқсак, у каби ҳужумчи билан "Барселона" ўз майдонида голсиз ўйин ўтказишига ишониш қийин. Месси Лондон клубига ҳали бирор марта тўп кирита олмаган. Бундан қандайдир қонуният излаш мантиқсизлик, демак бу кўрсаткич ғам Мессига қўшимча мотивация бўлиши шубҳасиз.
"УЧТА ГОЛ" НАЗАРИЯСИ — 5:5. Ўз майдонида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа кўп ҳолларда сафарда ҳам гол ура олади. Яъни, бундай ҳолатларда, "мезбонлар учта гол уриши керак", деган фараз жуда кўп бор илгари сурилади. Яна бир маълумот, "Челси" ушбу мавсумда ЕЧЛ доирасида 11 маротаба майдонга тушган бўлса, барчасида гол урган. Ва ҳар сафар ҳисобни очиш ҳам "Челси"га насиб қилган. Демак, "Камп Ноу" бўлса ҳам, "Челси"нинг тажрибасидан келиб чиқиб, ўз голини уришига ишонса бўлади. Бунинг устига, "Барселона" ҳам сўнгги ўйинларда ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олмаяпти. Мабодо, "Челси" гол урадиган бўлса, учта гол уриш мезбонларга осон бўлмайди.
ХАРАКТЕР — 5:6 Тарихдан "Барселона" характер жиҳатидан иродасиз ҳисобланади. Энг кучли даврларда ҳам, ирода кўрсатиш ва мағлубиятга учралган ўйинларни ўз томонига буриб юбориш борасида жамоа мақтана олмайди. Тарихда "Барселона" 23 маротаба илк ўйинни бой берган бўлса, шундан атиги 11 тасида кейинги босқич масаласини ҳал қила олган. Сўнгги йилларда ҳам, Гвардиола жамоаси "Интер", "Арсенал" каби жамоаларга илк ўйинни бой бергач, катта қийинчиликларга дуч келган. "Челси" эса илк ўйинда ғалаба қозона олган 13 ўйиннинг 9 тасида кейинчалик устунликни сақлаб қола олган.
БОСИМ — 6:6. Кўпчилик, "Челси" ўйинчиларида босимнинг йўқлиги уларга қўл келишини таъкидламоқда. Аммо бу аксинча бўлиши мумкин. Албатта, ўйиннниг бошида жамоа имконияти яхши бўлади, лекин мабодо, "Барселона" ҳисобда олдинга чиқиб оладиган бўлса, "Челси" вазиятни ўнглаши қийин бўлади. Бундай ҳолда "Челси" ўз имкониятидан 200 офиз фойдаланиши, русчасига айтганда, "через не могу" ўйнашига тўғри келади. "Челси"га бундай қилишга керакли мотивация етмаслиги мумкин, сабаби улар мағлуб бўлган тақдирларида ҳам, ҳеч ким уришмайди. "Барселона" эса аксинча, Ла Лига бой берилгач, ЕЧЛ улар учун ҳаёт ёки мамот.
МУРАББИЙ — 7:6. Ди Маттео жамоа натижасини яхшилаган бўлса-да, тубдан қандайдир ўзгариш амалга оширмади. Шунчаки, Виллаш Боаш ва ветеранлар уришиб қолишди, Абрамович ветеранларни тарафини олди. Демак, уларда ўзига хос масъулият пайдо бўлди. Ди Маттео айнан шундан фойдаланяпти ва жамоага камроқ ҳалақит беришга ҳаракт қиляпти. У ўзиникини ўтказиш, қандайдир тактик қолиплар яратиш устида ишламаяпти, тажрибали футболчиларга ўз билганларидек ўйнаш имконини беряпти. Албатта минимум кўрсатмалар ва вазифалар топширган ҳолда. Ярим финал, айниқса "Барселона"га қарши ўйинда бунинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин. Шу тарафдан қарасак, бугунги "Челси"ни иккри йил олдинги "Интер"га қиёслаш шарт эмас. "Интер" у пайтда тўлиқ шаклланган жамоа эди.
ТАЖРИБА ВА ЖАРОҲАТЛАР — 7:7. Жамоа сифатида мезбонлар тажрибалироқ кўринса-да, "Челси"да катта ва муҳим ўйинларда майдонга тушган, керакли пайтда ягона вазиятдан фойдалана оладиган футболчилар кўпроқ. Лемпарднинг икки йил олдин шу стадиондаги голини эсланг. Аксига олиб, бугунги кунда "Барселона" ҳужум чизиғида муаммолар юзага келгани шубҳасиз. Вилья ҳали ҳам даволанишда, Педро умуман омадсиз мавсум ўтказди, Санчес фаолиятида пасайиш юз берди. Тельо ва Куэнкалар катта ўйинларга тайёр эмаслигини олдинги ўйинлар исботлади. Демак, агар тажриба асосий планга ўтиши керак бўлса, Хави ва Иньеста жуфтлигининг қанчалик ўйнай олиши муҳим аҳамият касб этади. Кўрапмизки, Хавида ҳам ҳозир ҳаммаси яхши эмас.
Ҳозирча шулар. Атайлаб, қайсидир жамоани устун кўргим келмади. Объектив қараганда, бундай ўйинарда юқорида санаб ўтилган барча омиллар ГОЛ яратиши мумкин. Қайси бири ГОЛ яратади, қайси бири йўқ, буни ўйиндан олдин айтиш қийин. Кутамиз.
Таҳминий таркиблар:
БАРСЕЛОНА: Вальдес, Алвеш, Маскерано, Пуйол, Адриано, Бускест, Хави, Иньеста, Фабрегас, Месси, Санчес
ЧЕЛСИ: Чех, Коул, Кэйҳилл, Терри, Иванович, Оби Микел, Рамирес, Мата, Лемпард, Мейрелеш, Дрогба
Қаҳрамон АСЛАНОВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).