Бугун биз ПФЛ атрофидаги муаммолар ҳақида тўхталишга қарор қилдик. Профессионал футбол лигамиз ҳақиқаттан ҳам профессионал тарзда ишга ёндашмоқдами? Келинг бу ҳақда бир бошдан фикр юритамиз.
Доимгидек, мавсум аввалида ўйингоҳларимизнинг майдони ачинарли ҳолатда бўлади. Қизиғи, ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов ҳар мавсум бошида талабга жавоб бермайдиган майдонларда ўйинлар ўтказилмайди деб келади. Лекин мана жамоалар ўйнашяптику? Шунга қаттиқроқ туришганда балки майдонлар сифати яхшиланармиди?
Биринчи лигадаги майдонлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Яхшиямки, 1-лига ўйинларини четдан келиб ҳеч ким кузатиб ўтирмайди. Қуйи лигадан элитага йўл оладиган жамоалар қачон ўз майдонларини нормал ҳолатга келтиришади? Бу борадаги ишларни қуйи лигадан бошлаган маъқул шекилли.
Кўпгина стадионларимизда оддийгина шароитлар ҳам яратилмаган. Ичимлик суви у ёқда турсин, ҳожатхоналар ҳам талаб даражасида эмас. Мухлислар биттагина сув жумраги олдида навбатга туриб, қанча вақтни йўқотишмоқда. Шуми мухлисларга яратилган шароит? Бу ҳақда Ф.Магометов ҳам айтиб ўтганди. Лекин бу борада ўзгариш кузатганимиз йўқ! Аввало ПФЛ ўзи чиқарган қарорларга ўзи амал қилиши лозим!
Халқаро мусобақаларда иштирок этаётган жамоаларимизнинг футболкаларида ўйинчининг исми-шарифи туширилган бўлади. ПФЛ шуни олий лиганинг бошқа жамоаларида ҳам қўллаганда мақсадга мувофиқ бўларди. Кўпгина шарҳловчилар ўзбек футболини шарҳлашда "қовун" туширишмоқда. Агар футболкаларнинг орқа қисмига футболчининг фамиляси ёзилганда бундай хатолар камроқ кўзга ташланарди. Шарҳловчи қўлидаги таркибга қараб, футболчини топгунча ўйиндаги вазият ортда қолган бўлади.
Тақвимдаги ўзгаришлар ҳам бошланиб кетди. Худди баҳор ёмғирига ўхшаб тақвимда ўзгаришлар тинимсиз бўлади. Бошқа катта мусобақаларда эса тақвим бир йил аввал белгиланган бўлади, ва барча шу тақвим бўйича ўйинлар ўтказади. Тақвимдаги дастлабки ўзгаришлар қурбони сифатида "Нефтчи" жамоасини кўрсатишимиз мумкин. Бу ҳолатдан ПФЛ зерикмаган бўлса, биз мухлислар зерикиб бўлдик.
Мавсум бошиданоқ лигамиздаги учрашувлар зерикарли тусга кириб бормоқда. Четдан қараганда чемпионат савияси йил сайин ошиб бораётгандек туюлади. Аммо стадионга тушиб, чиройли ўйин кўриш учун борганингизда афсус қиласиз. Йил сайин мухлислар оқими ҳам камайиб бормоқда. Бунга сабаб шуки, биз араб футболидан тажриба орттиряпмиз!
ПФЛ томошабоп ўйинлар сонини ошириш, футболни ҳақиқий байрам сифатида ўтказиш учун қандай ишлар олиб бормоқда ўзи? Кўпгина жамоа мухлислари учун стадионга дўмбира, карнай-сурнайларни олиб кириш орзулигича қолиб кетмоқда. Пойтахт жамоаларининг ўйинларига нима учун мухлислар кам тушмоқда? Менинг фикримча, ҳакамлар ёрдами билан ғалабага эришаётганлиги учун шундай бўлмоқда. Масалан, "Бунёдкор"-"Машъал" учрашувида футболчи қўли билан гол урганда ҳакамнинг кўзи қаёқда эди? "Пахтакор"-"Олмалиқ" учрашувида бош ҳакам пенальти бермаганлиги учун 6 та ўйинга четлатилганди. Нега энди "Бунёдкор"-"Машъал" учрашувидан сўнг ҳакамга чора қўлланмади? Қачон сунъий ўйинлардан қутиламиз?
Йил аввалида Вадим Абрамов ПФЛ га легионер дарвозабонларни чеклаш кераклигини айтиши билан ПФЛ легионер посбонларга чеклов қўйганди. Кейин эса бу қарор бир йилдан сўнг кучга кириши ҳақида маълумот берди. Қани бу ерда қаттиятлик? Шамол бўлмаса, дарахтни учи қимирламайди. Нима эмиш, "Локомотив"да ўйнамасанг термада ҳам ўйнамайсан экан! Шунақасиям бўладими? Футболчи ёки мухлисни ким ҳимоя қилади? Бабаян воқеасини ёдга олайлик. Истеъфо талаб қилишга мухлиснинг ҳаққи йўқми?
Биламиз, учрашув пайтида захира ўриндиғидан жой олган шахсларнинг (футболчи, мураббий, шифокор...) ҳам чегараси бўлади. Яъни уларнинг сони чекланган бўлади. Лекин баъзи бир учрашувларда захира ўриндиғидаги инсонларнинг қариндош уруғлари жой олмаяпти холос! Эринмай санаб чиқдим. 17 та одам захира ўриндиғидан жой олган! Бу қанақаси ахир?
Яна бир ҳолат. Биламиз, жаҳон миқёсдаги мусобақалар (ЖЧ, Европа чемпионати) вақтида ҳар қандай мухлис, ҳаттоки футболчининг диққат-эътибори айни шу турнирларга қаратилган бўлади. Лекин бизда ўша маҳал ҳам чемпионат ўйинлари давом эттирилаверади. Айни шу пайтда ҳеч кимни олий лига ўйинлари қизиқтирмайди. Биласизми, ЖАР да ўтган ЖЧ-2010 пайтида бирорта спорт хабарларида ҳам олий лига ҳақида маълумот йўқ! Кўрасиз, яқинда Польша ва Украинада бошланадиган Евро-2012 да ҳам олий лига ҳеч кимни қизиқтирмайди. Шу боис йирик мусобақалар пайтида чемпионатимизни маълум вақтга тўхтатиб турган маъқул деган фикрдаман.
Футбол байрами фақат пойтахтликлар учунми? Ҳеч бўлмаса, терма жамоанинг ўртоқлик учрашувлариними ёки Кубок финалиними галма-гал бошқа вилоятларда ҳам ўтказиб туришни иложи борми? Бу ҳақда роса фикрлар билдирилган. Аммо ҳозиргача вилоятдагилар катта ўйинлардан бебаҳра қолиб келишмоқда. Нима эмиш, пойтахтда хавфсизлик яхши йўлга қўйилган экан. Нима энди вилоятлардаги хавфсизлик ходимлари ўз ишларини бажара олишмаяптими?
Мисол учун "Навбаҳор" халқаро мусобақада иштирок этадиган бўлса ўз-ўзидан 20 минглик ўйингоҳга мухлислар сиғмайди. Стадион ташқарисида эса минглаб томошабинлар қолиб кетишади. Бу эса ўз навбатида тартибсизликларни келтириб чиқаради. Хавфсизлик ходимлари ўйингоҳ ичида тартиб сақлаши керакми ёки ташқарисида? Демак, "Навбаҳор" халқаро мусобақаларда иштирок этса ўйинларни Тошкентда ўтказади ёки умуман Осиё мусобақаларида иштирок этмайди!
Йил бошида арз қилмаган жойимиз қолмади стадион сиғимини ошириш учун. Лекин натижа йўқ. Тошкент шаҳри ва вилоятидаги стадионлар қайтадан таъмирланди (таъмирланмоқда). Агар пойтахтда олий лигада иштирок этувчи яна 3 та клуб бўлганида уларга ҳам янги ўйингоҳлар тезда қурилар эди. Қани энди вилоятларга бўлган эътибор? Хуллас, ПФЛ дагилар вилоятлардаги аҳвол билан яқиндан таниш эмаслар.
Гапирса гап кўп. Лекин бу гаплар шунчаки гап сифатида қолиб кетмоқда. Умид қилишда давом этаверамиз...
Ҳусниддин ПАРПИЕВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).