Ўзбекистон футбол федерацияси терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов Uff.Uz интернет нашри мухбири Аҳмад Юсуповга берган интервьюси чоғида Эронга қарши сотувга чиққан чипталар, терма жамоамизнинг ўртоқлик учрашувлари борасида гапириб ўтди.
- Асқар ака, аввало, ўтказилмай қолган ўртоқлик учрашуви ҳақида сўрамоқчи эдим. Шундай муҳим ўйин олдидан бирорта назорат ўйини ўтказилмаганини қандай изоҳлайсиз?
- Биз бу ҳақда кўп гаплашдик. Ўйлашимча, мухлислар нима учун ўртоқлик ўйини ўтказилмаганини яхши билишади. Шундай бўлса-да, яна бир марта айтишим мумкин: Бу борада жуда кўплаб терма жамоалар билан музокара олиб бордик. Ўртоқлик ўйини ўтказишга бир нечта терма жамоа розилик билдирди, бироқ учрашув ўтказиладиган жой масаласида келиша олмадик. Бизнинг мақсадимиз ўртоқлик ўйинини Тошкентда ўтказиш эди. Кўпчилик жамоалар бошқа мамлакатларда ўйин ўтказиш таклифи билан чиқишди. Бошқа саналарда юртимизга келмоқчи бўлган жамоалар ҳам бўлди. Аммо афсуски, айнан 27 май куни Тошкентга келадиган бирорта терма жамоа топилмади.
- Куни кеча гуруҳдошимиз Жанубий Корея Испания билан ўртоқлик ўйини ўтказди. Рақибларимиз ФИФА кунлариидан унумли фойдаланишмоқда. Бизчи? Терма жамоанинг яқин келажакдаги режалари қандай ўзи?
- Ўртоқлик ўйинларини ўтказиш учун федерация томонидан ҳеч қандай муаммо, ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Мутлақо! На молиявий ва на бошқа томонлама. Фақатгина терма жамоалар билан ўйинлар санаси, жойи, вақти ва бошқа икир-чикирларни келиша олсак, бас. Мана менинг қўлимда (Стол устида турган папкани очиб, хатларни кўрсата бошлади) расмий таклифлар жўнатилган жуда кўп хат бор. Австриядан, Чилидан, Аргентинадан... Улар биз билан ўртоқлик ўйини ўтказишни сўраб, мурожаат қилишган. Бу борада ишлар олиб бориляпти. Фақатгина улар билан боя айтганимдек, жой, сана ва бошқа масалаларда бир тўхтамга келишимиз керак.
Биз июль ойида ўртоқлик ўйини ўтказиш режамиз йўқ. Аммо насиб этса, август ва сентябрь ойларида Тошкентда битта ва яна меҳмонда ўртоқлик ўйини ташкил қиламиз. Ҳозирча қайси мамлакат терма жамоалари билан музокара олиб борилаётганини аниқ айта олмайман, бироқ шуниси аниқки, навбатдаги рақибларимиз Жаҳоннинг донгдор, кўзга кўринган термалари бўлади.
Кўпчилик бизни ўртоқлик ўйини ўтказилмаганида айблашади. Лекин агарда, ўртоқлик ўйини ташкил эта олсак, бу бизнинг ҳам ютуғимиз-ку! Тасаввур қилинг, 27 май куни Тошкентга Япония ёки Европадан бирор бир кучли жамоа келганда, бу биринчи навбатда бизнинг, марказ раҳбари сифатида менинг ютуғим бўлар эди-ку! Нима, мен ёки Абрамов ўзимизга душманмизми?! Буни тўғри қабул қилиш керак, биз имкон қадар ҳаракат қилдик, аммо бу сафар Тошкентда ўйнайдиган рақиб топа олмадик.
- Эрон билан ўйинга чиқарилган чипталар олиб-сотарлар қўлида. Бундан эса фақатгина мухлислар жабр чекишмоқда...
- Хабарим бор. Чипталар қўлга чиқиб кетгани рост, аммо биз нима ҳам қила олардик?! Биз чиптачилар билан шартнома имзолаганмиз, чиптани улар сотади. Кимга сотади, нечта сотади, буни биз ҳал қилмаймиз ва бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Агар олиб-сотарларга чора кўриш керак бўлса, бу иш билан орган шуғуллангани маъқул. Биз ҳеч нарса қила олмаймиз. Федерация – чипта сотиш билан шуғулланмайди. Бунга биз жавобгар эмасмиз.
Умуман, буни назорат қилиш осон иш эмас. Битта одамга бешта, ўнта чипта сотиляпти. Ўша одам тўрт марта, беш марта келиб опкетади. Сўрасанг, маҳаллам билан тушаман дейди. Қандай чеклаб қўясиз?
- Бугунгача қанча чипта сотувга чиқарилганини айта оласизми?
Йўқ, мен бугунгача қанча сотувга чиққанини ёддан билмайман. Ҳали сотилмаган чипталар ҳам бор. Ҳаммаси сотиб бўлингандан кейин бу маълум бўлади.
- Вилоятдан келадиган мухлислар учун чипта масаласи қандай бўлади?
- Йўқ, бу масалани қандай ҳал қилиш мумкин? Улар чипта сўраб мурожаат қилишсаки, алоҳида ажратиб қўйсак! Ана, андижонликлар расман сўраган экан, уларга маълум миқдорда чипта берилди. Агар менга Хоразмдан мухлис келиб, чипта деса, қаердан топиб бераман?
Ҳафтанинг бошидан чипталар сотувга чиқарилди. Бу ҳақда эълон бердик. Ўйин куни эрталаб соат тўққиздан бошлаб, яна бир қанча чипталар сотувга чиқади. Вилоятдан келган мухлислар ўшанда олишлари ҳам мумкин.
- Чипталарни интернет орқали сотишни йўлга қўйса бўлмасмикан?
- Бу яхши фикр. Бўлади, бу бизнинг режамизда ҳам бор. Айниқса, ҳозирги технологияларни инобатга олганда, жуда ўринли бўларди. Бунинг учун махсус техник ускуналар лозим бўлади. Мухлис интернетдан чипта харид қилади ва бу орқали бемалол стадионга кираверади. Буни келажакда албатта амалга оширамиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).