Мадриднинг "Реал"ида ажойиб мавсум ўтказган Криштиану Роналду айни кунларда Евродаги иштироки билан мухлислар ҳафсаласини пир қилмоқда. Икки ўйинда – ноль гол. Тўғри, бугун у Харьковда ҳолландларга гол киритиши мумкин. Бироқ унинг ўйинларини кузатган sportbox.ru сайти махсус мухбири Константин Клешчев футболчи билан боғлиқ уч саволга жавоб излаб кўрди.
Терма жамоа учун "Реал"дагидек ўйин кўрсатаяптими?
Агар Криштиану Роналду томонидан фойдаланилмаган голли вазиятлар кўрсаткичи ошган бўлса, бошқалари сезиларли даражада тушган. Масалан, рақиб майдонидаги аниқ тўп узатишлар сони ЖЧ-2010 ва Евро-2008 дагига нисбатан 15 фоиз камайган. "Алдаб ўтиш" устунидаги кўрсаткич ундан ҳам ёмон – Евро-2012 нинг икки ўйинида — 0. "Реал"да Криштиану Роналду билан бунақаси ҳеч қачон рўй бермаган, ҳолбуки клубда ҳам у худди шу позицияда тўп суради.
Юмшатувчи ҳолатлар ҳам бор, албатта. "Реал"да унинг атрофида юқорироқ классдаги футболчилар тўп суришади. Масалан, Криштиану Роналду Карим Бензема билан бир-бирларини жуда яхши тушуниб ўйнашади, терма жамоада эса Элдер Поштига билан бундай ҳамжиҳатлик ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Афтидан Криштиану Роналду "Реал"дагидек ўйнамаяпти эмас, Португалия терма жамоаси "Реал"дек ўйнай олмаяпти. Хуллас, жамоа қанчалик ёмон ўйнаса, Криштиану Роналду ҳам шунчалик ёмон ўйин кўрсатар экан.
У яхши сардорми?
Илк марта Роналду 2007 йилнинг 6 февралида Бразилия терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик учрашуви (2:6) да, 22 ёшлигида сардорлик боғичини боғлаб чиққан эди, шундан сўнг Евро-2008 да у боғични Нуну Гомешдан мерос сифатида қабул қилиб олди. Ўшандан буён Криштиану сардорликка лойиқми, деган баҳс тугамайди.
Уни урилган голларни барча билан биргаликда нишонламасликда ва мухлисларни назар-писанд қилмасликда айблашади. Ҳақиқатан ҳам Германияга қарши кечган ўйин (0:1) дан кейин Роналду кўзлари ёшланиб майдонни тарк этгани билан, португалиялик футбол мухлисларига чапак чалиб ташаккур билдиришга ҳам ярамади. Варела Дания терма жамоаси дарвозасига ғалаба тўпини киритганда ҳам уни қучишга шошилмади. Гарчанд унинг жамоадошлари Роналду ҳақиқий етакчи эканлигини бот-бот такрорлашса-да, уларнинг майдондаги реакциялари ва сардорнинг у ёки бу хатти-ҳаракати бунинг тамомила аксини кўрсатиб турибди. Қолаверса, майдонда баҳсли ҳолат юзага келганда фақат Бруно Алвеш ҳамда "мадридликлар" — Пепе ва Куэнтраугина у билан гаплаша олишади.
У ўзини Месси билан солиштиришни бас қилишига фурсат етдими?
"Месси ўтган йили мана шу пайтда қаерда бўлганини биласизми? — деди у Данияга қарши ўйиндан сўнг Евродаги иштироки "Олтин тўп"ни қўлга киритишда монелик қилиши мумкинлиги ҳақида савол берган журналистга жавоб берар экан. — У Копа Америкада иштирок этаётганди ва чорак финалдаёқ мусобақани тарк этди. Шунда ҳам уни жаҳоннинг энг яхши футболчиси дейишади... "
Уч марта "Олтин тўп"ни қўлга киритган аргентиналик футболчи Криштиануга тинчгина ухлаш учун имкон бермаяпти. Бошқа бир томондан, бундай рақобат португалиялик юлдузга янада кўпроқ меҳнат қилиш, янги даражага чиқиш ва Мессига тенглашиш учун чоғланиш яратмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Евродаги муваффақиятли иштирок Жаҳоннинг энг яхши футболчиси унвонини қўлга киритишда асосий "кўзир" бўлиши мумкин. Ҳозирча эса ҳаммаси Криштиану учун у қадар муваффақиятли кечмаяпти, бу эса унга салбий таъсир ўтказиши аниқ.
Бугун Португлия терма жамоаси етакчиси мавсумдаги ўзининг 67-ўйинини ўтказади ва Месси билан муқоясада у ғолиб эканлигини яна бир бор исботлашга уринади. Уддалай олармикин?
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).