Sports.ru сайти журналисти яқинда Қарши шаҳрида бўлиб, «Насаф»нинг россиялик ярим ҳимоячиси Иван Соловьёвдан катта интервью олиб қайтди.
Маълумот учун, бу футболчи 2013 йили ёш иқтидор сифатида катта жанжал билан Москва «Динамо»сидан «Зенит»га ўтган. Бироқ Петербургда Иваннинг ишлари юришмаган - 3 йилда чемпионат, кубок ва ЧЛда атиги 55 дақиқа тўп сурган. Кейин ижара сафарлари («Амкар» ва Финляндияга), тўлақонли трансферлар («Факел» ва Питер «Динамо»сига). 2019 йилга келиб, Иван кутилмаганда, РПЛга талпинаётган «Сочи»дан «Навбаҳор»га келди. Шу тариқа унинг фаолиятида ўзбек футболи саҳифаси очилди. Қизиқ, россиялик журналист Соловьёв билан суҳбатда футболимиз ҳақида нималарни сўради? Қисқаси, қуйида интервьюнинг ўзимизга тегишли қизиқарли жойлари берилмоқда.
— Ўзбекистонда қандай пайдо бўлиб қолдинг...
— «Сочи»да ўйнардим, таътил пайти ҳозир «Навбаҳор»да ўйнаётган Игорь Голбан ҳаваскорлар турнирида қатнашиш, кейин Ўзбекистонга йўл олишни таклиф қилди. Қанча тўлашларига қизиқдим, билсам, чакки эмас экан. Шундан сўнг таклифга кўндим. Шарқ — нозик масала. Клубга келдим, синовлардан ўтдим, аммо директор дангалини айтди: «Бизга керак эмассан». Канчельскис эса мен томонда эди. Кейин 6 ойлик шартнома таклиф этишди, якунда 1 йиллик битимга имзо чекдим, барибир. Шу тариқа Наманганда 3 йил ўйнадим, мана, ҳозир Қаршидаман. Худо хоҳласа, яқинда чемпион бўламиз.
— «Сочи» РПЛга талпинаётган вақт кетгандинг. Жамоа бош мураббийи Александр Точилин бунга қандай муносабат билдирди?
— Ўзи мени сотиш ёки ижара сафарига юборишни хоҳлаётганлари ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Шу туфайли кетишга чоғландим. Точилинга Ўзбекистон варианти ва у ерда кўпроқ пул топишимни, клубда эса мени сотишни мўлжаллаётганларини рўй-рост айтдим. У шунда ишимиз - юқори дивизионга чиқиш ҳали якунланмаганини таъкидлади. Ўша вақт олдимда «Нижний» варианти ҳам бор эди. Эҳтимол, Дмитрий Черишев олдига йўл олсам, яхшироқ бўлармиди? «Сочи» раҳбарларидан бири шарт қўйди: «Менинг агентим билан шартнома туз, сени «Нижний»га текин трансфер қиламиз». Лекин маошдан 15 ёки 20 фоизини унга беришга тўғри келарди. Қисқаси, ишнинг шундай бошлангани ёқмади ва Ўзбекистон вариантини танлашга қарор қилдим.
— Россия чемпионатига қайтолмаслигинг мумкинлигини тушунганмидинг?
— Ҳа, ортга қайтиш қийин бўлишини билгандим. Аммо легионер бўлишни хоҳладим. Россияда легионерларга ақл бовар қилмас даражада кўп маош берилади — барчасини улар учун. Бу қандайлигини билиш учун Ўзбекистонга йўл олдим. Ахир легионер ҳамма жойда легионер. Агар яхши ўйнаб кетсанг, халқ сени яхши кўради.
— 3,5 йил давомида Россияга қайтиш имкони туғилмадими?
— «Крилья»га чақиришди, клуб МФЛда ўйнаган пайт, лекин таклифни рад этдим. Яна ўша сабаб: «Мана шунча маош, қанчасинидир бизга берасан». Агентим клубда «бандитча» ишлар борлигини ва боғланмасликни тавсия қилди. Агар ҳеч кимга пул тўлаш талаб этилмаса, яхши... Аммо 2 миллион маошдан 1 миллионини кимгадир тутқазиш... Бу клубни таназзулга итарадиган хунук ҳолат.
— Қизиқ, агар «Крилья»да маошингни ярмини берсанг ҳам, «Навбаҳор»дагидан кўпроқ олармидинг?
— Ҳа.
— Ўзбекистондаги илк кунлар, ҳафталар ёки ойларда нимадан кўпроқ ҳайратландинг?
— Такси ҳайдовчилари гапиришдан тўхташмайди, ҳар бир машина тинмай сигнал бераверади. 3 ойча таксида юрдим ва мудом ҳайдовчиларни койидим. Йўлда кетяпсан, сигнал чалаверишади. Тўғри, кейинчалик кўникиб кетдим.
— Жамоа сафига қўшилганингдан 3 ой ўтиб, Канчельскисни ишдан олишди. Ўзи нима бўлганди?
— «Бухоро»га қарши ўйин олдидан ҳоким барчани тўплади: «Канчельскис — истеъфо». Шунчаки, қараб ўтирибмиз — нега, нима учун? Ҳаммаси барбод бўлди, худди оиладан отани айришгандек. Бўшлиқ. Канчельскис стадионда эди ва ўйин олдидан руҳиятимиз бўшлигини кўрсатмаслигимиз учун биз билан гаплашди. Кейин хотиржам тўп суриб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозондик. Уни қайтаришганида эса, «ўлик» ҳолда эдик. Кейинги мавсум карантинга қадар 3-ўринда юрдик, 4 ой маош тўлашмади. Мураббий эса доим йигитлар тарафида бўлди, раҳбарлардан қўрқмасди. Раҳбариятга шуниси ёқмади ва «қазиш»га тушди. Якунда «қазиди» ҳам.
— Ўзбекистонда бошқарув тизими қандай?
— Ҳоким ҳудди президент каби: нимани хоҳласа, гапиради, нимани хоҳласа, қилади. Бизда Миллер дейлик, Аршавинга «Ақлингни киритиб қўйиш керак», деёлмайди-ку. Бу ерда умуман бошқача муносабат...
— «Навбаҳор» раҳбариятининг энг қаттиқ танқиди...
— Аввалги ҳоким даврида ҳар бир ўйиндан сўнг танқид ёғиларди. Ютқаздингми — тамом. Дурангли ўйин танаффусида ҳам кириб танбеҳ беришлари мумкин: «Қани, югуринглар». Энг ёмони «Андижон»га 0:1 ҳисобида ютқазганимизда, кузатилганди. Ҳоким кириб, барчани сўкди. Канчельскис ҳам жим турмади: «Сен ўзи жисмоний тарбия ўқитувчисисан, бор институтда болаларни шуғуллантир». Кейинчалик у Фарғонага кетди.
— Нима, мастмиди?
— Йўқ. Шунчаки, футболни яхши кўради. Ўша пайт эҳтиросга берилганди. Футболдан ташқарида умуман бундай эмас. Мағлубиятдан ғазабланган. Чунки дерби ўйини эди.
— «Навбаҳор»да «Зенит»дагига яқин маош олганингни айтгандинг. У ерда шунчалик яхши тўлашадими?
— Яхши ўйнасанг, ўзингни кўрсатсанг, муносиб тўлашади. Агар яхши кўришса, катта рақамларга етиш мумкин. «Навбаҳор»да чемпионлик учун уй ёки биттадан автомобиль ваъда қилишганди. Ўша йиллар бунинг қиймати 20-25 минг долларга тенг эди. Ҳозир билмайман, бюджет бироз кўпроқ, маош бошқача. Менимча, баҳоси 40 минг долларга тенг уй ёки машина беришни айтишган.
— Сафар ўйинларига қандай борилади?
— Намангандан Тошкентгача 4 соатлик йўл, ундан кейин бошқа транспорт. Қаршидан тезюрар Afrosiyob поездига ўтирасиз, 3,5 соатда Тошкентдасиз.
— Нега автобусда эмас?
— Тоғли йўлда автобусларни қўйишмайди. Улар ағдарилиб кетган ҳолатлар бўлган. «Бухоро»нинг қулашига сал қолган. Тормоз ишламаган, ҳайдовчи эса автобусни жарга қулаши олдини олиб, бутун жамоани сақлаб қолган.
— Ҳакамлик сифати қандай?
— Ҳакамлик ҳамма ерда оғриқли мавзу: Ўзбекистонда ҳам, Россияда ҳам. Ҳозир олдингидан яхшироқ. VAR бўлмаганида, бошқача ишлардилар.
— Ўз иштирокингдаги ўйинда кузатилган энг даҳшатли «қотил»лик...
— «Пахтакор» билан Наманганда ўйнагандик. 90}5-дақиқада ҳисоб 1:1, баҳсли ҳолат, ҳакам VARга борди. Уни огоҳлантирдим: «Қўйма, пенальти қўйсанг, стадион ўзгаради». Лекин пенальти белгилади, гол уришди ва финал ҳуштаги. Шу тариқа трибуналардан майдон томон сув идишлари, олов ёндиргичлар, телефонлар, қувватлагичлар, носвой қутилари учди. Шундан сўнг ҳакам 3 соатча кетолмади. Одамлар стадион атрофини ўраб олиб, ҳеч кимни ўтказишмади.
— Ўзбекистонда майдонда қўй сўйилиши ҳақида тез-тез гапириларди. Бунақасини кўрдингми?
— Наманганда деярли ҳар бир ўйин олдидан қўй сўйишарди. Бу одат эканлигини тушунаман. Лекин нега ҳар бир ўйинда? Мавсум боши ва охирида бўлса, майли... Моҳиятини тушунмаганман.
— Бу қандай бўлади?
— Бутун жамоа йиғилади. Дарвоза атрофига чуқурча қазилади, қўчқорнинг боши қўйилади ва кесилади. Кейин дуо ўқилади, палов тайёрлашади, гўштни эса камбағаллар ёки болалар уйларига тарқатишади.
— Қишда нега «Навбаҳор»дан «Насаф»га ўтдинг?
— Ҳар мавсум барчаси зўр бўлишини айтишади, 3 йилда бир хил гап. Нимадир ўзгаришига ишонмай қолдим. «Насаф» варианти туғилгач, дарҳол розилик бердим. Зеро, Ўзбекистонда тўпни назорат қиладиган ва комбинацион ўйинга мойил ягона жамоа шу.
— «Насаф» мамлакат кубогини ютди ва ОЧЛга чиқди. Апрелда Саудия Арабистонида гуруҳ босқичи бўлиб ўтди. Нега «уй-сафар» тизимига қайтилмади?
— Коронавирус туфайли.
— Меҳмонхона — стадион — ўйин — меҳмонхона?
— Шундай яшадик. Рамазон ойи сабаб, дўконлар кундузи ёпиқ эди, фақат кечқурун ишлади. 26 кунни шундай ўтказдик.
— ЕЧЛ ва ОЧЛ ўртасидаги фарқ...
— Европада барчаси тез. Осиёда ўйнашга беришади: бемалол тўпни қабул қилиб оласан, бошни кўтарасан ва узатасан.
— Рақиблардан бири Хави бошқарган «Ал-Садд» эди. Ундан нима қолди?
— Жамоа ўтган мавсум чемпион бўлди, аммо ўзгача нимадир кўрмадим. Илк ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Рақиб 2та «қизил» олди, биз вазиятлардан гол уролмадик. Такрорий баҳсда «Садд»ни хотиржам енгдик - 3:1.
— Жамоа таркибида Санти Касорла ва Андре Айю каби юлдузлар ўйнашганди. Улар ҳали ҳам олдингидекми ёки шунчаки, пул жамғаришмоқда?
— Олдингидек эмаслар, аммо югуришади, алдашади. Айюга гап йўқ. Санти эса тўлишган. «Вильярреал» ва «Арсенал»да бундай эмасди.
— 3,5 йилдан буён Ўз-бекистондасан. Қан-чадан сўнг паспорт олиш мумкин?
— Яна 1,5 йилдан кейин. 5 йил ўтиши керак.
— Агар Ўзбекистон термасига таклиф қилишса, қабул қиласанми?
— Деярли 4 йилдан бери шу ердаман. Худди иккинчи уйимдек, бу ерда кўп дўстлар орттирдим. Шундай экан, бажонудил термада ўйнайман.
— Ўзингни кўпроқ Ўзбекистонга яқин кўрасанми ёки Россияга?
— Россия — уйим. Бу ерда шунчаки иш, футбол... Фуқароликни қабул қилиш ва мамлакат учун ўйнашга келсак, Россия термасига кирмас эканман, нега уриниб кўрмаслигим керак? Албатта, агар шундай имконият туғилса...
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).