Бугун ҳамма Карим Мустафо Бенземани олқишламоқда. Ҳа, франциялик ҳужумчи «Олтин тўп»га етишиш йўлида катта матонат кўрсатди.
У бу орада барчага маълум можаро ортидан ҳам маълум вақт Франция миллий жамоасида ўйнаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлди. Айни шу четлатиш Бенземани жаҳон чемпионига айланиш бахтидан мосуво этди. Муҳими, «Реал» голеадори ҳар қандай тўсиқларга парво қилмай, олдинга интилаверди ва мана, футбол оламининг бош индивидуал соврини «Олтин тўп» энди унга тегишли!
КАРИМ БЕНЗЕМА ВА «ОЛТИН ТЎП» СЎРОВИ
Диққат қилинг, «Олтин тўп»нинг янги соҳиби бунга қадар совринга жиддий даъвогарлик қилган эмасди. Ҳар ҳолда, «Олтин тўп» сўровида қайд этган энг юқори натижаси атиги 4-ўрин бўлиб, бу ҳам 2021 йили кузатилди. Умуман, 34 ёшли ҳужумчи илк марта 2012 йили совринга даъвогарларнинг 30талик рўйхатига киритилган, аммо 21-ўрин билан чекланган. Бенземанинг бутун фаолиятига қарасак, у 2008-2009 ва 2011 йилларда номзодлар қаторига ҳам қўшилмаган, қолаверса, бир неча марта топ-30дан четда қолган. Алоҳида таъкидлаш керак, Карим 2021 йилгача атиги 6 марта топ-30да қайд этилди. Хусусан, 2021 йилгача эришган энг юқори натижаси 16-ўрин бўлди.
«РЕАЛ» МУТЛАҚ ҚИРОЛ!
Чемпионлар Лигасининг мутлақ қироли «Реал» «Олтин тўп» масаласида ҳам шу мақомга интилмоқда. Ҳарқалай, совриннинг охирги 9та сўровига қарасак, уларнинг 6тасида «Мадрид» жамоаси вакили ғалаба қозонди. Шунингдек, Карим Бензема «Олтин тўп»га «Реал» футболчиси сифатида етишган 8-футболчи бўлди. Франциялик ҳужумчи шу тариқа Раймон Копа, Альфредо ди Стефано (2 марта), Луиш Фигу, Роналдо, Фабио Каннаваро, Криштиану Роналду (4 марта) ва Лука Модричдан иборат «олтин» гуруҳга кирди.
СОН ХЮН МИННИ ОЛҚИШЛАНГ!
«Тоттенхэм» сафида ўйнаётган Жанубий Корея миллий жамоаси етакчиси Сон Хюн Мин «Олтин тўп» сўрови тарихида Осиё футболи учун энг юқори натижани қайд этди - 11-ўрин. Осиёлик бирор футболчи соврин пойгасида бу қадар юқорилаган эмасди. Корейс йигити бу сафар сўровда норвегиялик голеадор Эрлинг Холанд ва Жазоир фахри Риёд Маҳрез ўртасига жойлашди.
ЭНДИ ИККИСИ ТЕНГ
Карим Бенземанинг ютуғи билан «Реал» ўз ҳисобидаги «Олтин тўп»лар сони бўйича «Барселона»га тенглашиб олди. Энди Испаниянинг ҳар икки гранди ҳисобида 12тадан «ОТ» бор ва бу рекорддир. Иккинчи юқори натижа эса Италиянинг икки клуби - «Ювентус» ва «Милан»га тегишли. Бу жамоалар футболчилари 8 мартадан «ОТ» лауреатига айланишган.
БЕНЗЕМА ФРАНЦИЯНИНГ 5-ВАКИЛИ
Яна бир факт шуки, Карим Бензема 1998 йилдан буён «Олтин тўп»ни бўйсиндирган франциялик биринчи футболчига айланди. Франциядан охирги марта Зайниддин Зидан лауреат бўлганди. Бутун тарихда эса бу мамлакатнинг 5 нафар вакили «ОТ» ютган. Хуллас, Раймон Копа, Мишель Платини, Жан-Пьер Папен ва Зайниддин Зидан тўртлиги Бенз ҳисобига бешликка айланди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).