Арсен Венгернинг "Арсенал"даги 22 йиллик фаолияти давомида клуб академияси кўплаб истеъдодларни етиштирди. Улар ичида дунё таниган Фабрегас, Уилшер ва Бельерин каби номлар бор эди. Венгер ўз фаолиятининг сўнгги даврларида асосий жамоага бир қанча футболчиларни жалб этди. Уларнинг кейинги тақдири эса турлича кечди. Қуйида биз назарда тутганимиз, ёш талантларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Жо Уиллок
"Тўпчилар"нинг катта жамоаси сафида дебют қилиш шарафига сазовар бўлган футболчилар ичида Жо Уиллок ҳам бор. У 2017 йилнинг сентябрь ойида, Англия лига кубоги мусобақасининг дастлабки раундида, "Донкастер"га қарши баҳс иштирокчисига айланади. Шундан сўнг, унинг ишлари юришиб кетди. Аммо Микель Артетанинг жамоасида унга ўрин топилмади. Шу сабаб "Арсенал" уни 2021 йилнинг январь ойида "Ньюкасл"га ижарага беради. Уиллок янги клубда голлар ура бошлади. Шу сабаб "қарғалар" ёш ярим ҳимоячини сотиб олишга қарор қилди. Бу орқали эса лондонликлар 25 миллион фунт ишлаб олди. Айни дамда Уиллок Эдди Хау жамоасининг ажралмас қисмига айланиб улгурган.
Эдди Нкетиа
Нкетиа "Челси"дан "Арсенал" академиясига олиб келинади. Ёш болакай, ўз дебютини узоқ кутди. Ниҳоят ўша кун келди. У 2017 йилнинг сентябрида "БАТЕ" клуби билан ўйинда Венгер томонидан майдонга ташланади. Нкетиа ҳозир ҳам "Арсенал" билан бирга. У Англиянинг 21 ёшгача бўлган терма жамоасида кўп йиллар давомида фантастик ҳаракат қилиб келади. Нкетиа бу борада энг яхши тўпурарга ҳам айланиб улгурган. Ҳужумчининг 2019 йилдаги "Лидс"га бўлган сафари омадли кечмади. У яна Лондонга қайтди ва ўша ерда қолди. Ҳозир эса Нкетиа Габриэл Жезус ўрнини тўлдирувчи вазифасини бажармоқда. Артета керак бўлганида уни майдонга тушириб туради. Кубок баҳслари эса усиз ўтмайди.
Рейсс Нельсон
Бошқа жамоадош тенгқурлари сингари Нельсон ҳам ўзининг илк дебютини 2017 йилда, ҳали Арсен Венгер жамоада эканида ўтказган. Ўша пайтларда ҳам "Арсенал" бир нечта фронтда кураш олиб борар, шу сабаб ротациялар зарур вазиятларга кўп дуч келинар эди. Нельсон каби академия "маҳсулот"лари эса керакли деб топилган. У 2018-19 йилги мавсумни Бундеслигада, "Хоффенхайм" билан фантастик ўтказди. Ўтган мавсум эса ҳужумчи учун "Фейеноорд" билан ёдда қолган. Айни дамда Микель Артета 23 ёшли футболчини жамоага қайтарган. Нельсон ҳозир ўз имкониятини кутиш билан банд. Унинг ҳисобида эса бу мавсумда 3 та гол бор.
Крис Уиллок
Жо Уиллокнинг акаси ҳам "Арсенал" мактабида таълим олган. У 2016 йилнинг кузида илк бор асосий таркиб билан дебют қилади. Аммо орадан бир йил ўтиб, "Бенфика"га сотиб юборилган. Крис Англияга ижара асосида қайтиб келиб турди. Унинг йиллари "Вест Бром" ва "Хаддерсфилд"да кечди. Айни дамда эса катта Уиллок "ҚПР" клуби аъзоси саналади.
Алекс Ивоби
Лагосда туғилиб, Лондонда улғайган футболчи, "Арсенал" академиясига олиб келинади. У Венгер назарига тез тушди. Франциялик мутахассис Ивобини Уолкотт ўрнини босади деб ишонарди. Ўша пайтда 19 ёшда бўлган ҳужумчи, 2015 йилда "Вест Бром"га қарши лига кубоги баҳсида майдонга тушади. Ивоби "Арсенал" учун жами 15 та гол урган ва 149 та баҳсда иштирок этган. У 2019 йилда "Эвертон"га 28 миллион фунт эвазига сотиб юборилган.
ИСМАТОВ Ж.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).