Сўнгги бир ой ичида Ўзбекистон миллий терма жамоаси журналистлар учун энг асосий мавзуга айланса ажаб эмас. Негаки, Миржалол Қосимов шогирдлари учун муҳим палла бошланди. Сезган бўлсангиз, бугун ҳам терма жамоа хусусида бироз мушоҳада юритамиз.
Иордания бизга нима берди?
ФИФА кунидан муносиб фойдаланиш мақсадида терма жамоамиз Иордания билан икки марта ўртоқлик учрашувини ўтказди. Амман шаҳрида бўлиб ўтган ўйинларнинг бирида Қосимов шогирдлари ғалаба қозонган бўлишса, иккинчи баҳсда мезбонларнинг қўли баланд келди. Хўш, мазкур учрашувлар биз учун қанчалик фойда берди? Умуман мазкур ўйин бизга керакмиди? Биз Жанубий Корея билан бўладиган муҳим учрашувга тайёргарлик кўряпмиз. Айнан мана шу терма жамоа ўйинига мос келадиган рақиб билан ўйнашимиз лозим эмасмиди? Иордания эса кўпроқ арабларга хос ўйин намойиш этади. Шундай бўлса-да, ушбу юрт вакилларига қарши майдонга тушдик. Менимча, ўртоқлик учрашувларидан кўпроқ мезбонлар манфаатдор бўлишди, шекилли. Ҳар ҳолда, Иордания биринчи марта терма жамоамизни мағлубиятга учратди ва ғалабасиз серияга барҳам берди.
Рақибимиз Жанубий Корея эса Тошкентга келгунга қадар Замбия билан ўртоқлик учрашувини ўтказди. Қолаверса, корейсларнинг Лондон Олимпиадасида кўрсатган ўйинлари мақтовга лойиқ. Мана шундай жиддий рақиб қаршимизда турганини ҳис этмаяпмиз, гўё. Барча ҳозир учинчи босқичдаги муваффақиятдан хурсанд. Лекин бу ҳали Бразилияга борамиз дегани эмас. Жаҳон чемпионатига боришни хоҳласак, Корея ва Эрон каби терма жамоаларни мағлубиятга учратишимиз лозим.
Эскирмайдиган одат
Тан олиш лозим, Миржалол Қосимов ҳам терма жамоамизнинг олдинги мураббийларидан қолган одатни давом эттирмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, Иорданияга қарши бўлган ўйинларда бир қатор янги номларни учратдик. Бу яхши албатта. Аммо мана шу футболчиларнинг Кореяга қарши кечадиган ўйинда майдонга тушишига ҳеч ким кафолат бермайди. Буни биз олдин ҳам бир неча марта гувоҳига айланганмиз. Ўртоқлик ўйинларида бошқа таркиб, асосий баҳсларда бошқа ўйинчилар майдонга тушишади. Натижада айрим ҳолларда футболчилар бир-бирларини яхши тушунишмайди. Лекин бу одатимиздан воз кеча олмаймиз? Нега? Бунга жавоб топиш мушкул.
Думалоқ стол атрофида...
“Ёшлар” телеканали томонидан кўрсатилган “Мерлин” сериалининг бир қисмидаги ҳолатдан таъсирландим. Менимча, ушбу ҳолатдан терма жамоамиз устози ҳам фойдаланса мақсадга мувофиқ бўларди. Сериалнинг ўша қисмида “Камелот” ёвуз кишилар томонидан босиб олинади ва шаҳзода Артур ўзининг энг яқин кишилари билан қочишга улгуради. Кейин бир кулбага келишади ва думалоқ стол атрофида барчани жамлайди ва шундай дейди: “Илгари ушбу столда ўтирганлар тенгликка амал қилишган. Бу ердагиларнинг барчаси баробар эди. Мен ҳам шу одатга амал қиламан. Ҳаммангиз шу ерга келишимиз учун қўлиниздан келган ишни қилдингиз. Агар биз бирлашсак, “Камелот”ни қайтариб олишимиз мумкин. Ким мен билан бирга бўлади”. Стол атрофидагиларнинг барчаси бирлашишга рози бўлади. Натижада “Камелот” эгасига қайтарилади.
Тўғри, бу битта кинодан олинган бир лавҳа холос. Бироқ ўйлаб қаралса, терма жамоамиз учун фойдаси тегадиган ҳолат. Агар Қосимов чиндан ҳам барча футболчиларни думалоқ стол атрофига жамлай олса, мундиал йўлланмасини қўлга киритиш ҳеч гап эмас. Бунинг учун эса тенглик қоидасига риоя этишимиз керак. Бу ўйинчи қаерда ўйнашидан қатъий назар майдонда ўзини ҳамма билан тенг кўриши шарт. Акс ҳолда Жаҳон чемпионати яна армонга айланади.
Олтин авлод
Сир эмаски, ҳар бир терма жамоанинг олтин авлоди бўлади. Масалан, Франция терма жамоасининг мана шундай авлоди – 1998 ва 2000 йилга тўғри келди. Ўшанда французлар Жаҳон ва Европа чемпиони бўлишди. Россиянинг энг кучли терма жамоаси Евро-2008да жамланди. Тўрт йилдан бери Жаҳон футболида ҳокимлик қилаётган Испания терма жамоасининг ҳозирги футболчиларини “олтин”га тенгалштириш мумкин.
Хўш, терма жамоамиз қачон ўзининг энг кучли таркибига эга бўлди. Менимча, Осиё Кубоги-2011даги жамоа бемалол шу номга даъвогарлик қилиши турган гап. Агар мана шу футболчилар билан Жаҳон чемпионатига чиқа олмасак, яна бир неча йилни йўқотган бўламиз.
Ўтган йили бир танишимга “Насаф” бу йил чемпион бўла олмаса кейинги мавсумларда бу вазифани уддалиши қийин бўлади, дегандим. Негаки, ОФК кубогида ғолиб бўлганида “Аждарлар” ўзининг олтин авлодига эга эди. Мавсум поёнига етгач, эса жамоани бир нечта ўйинчи тарк этди. Бош мураббий кетди ва ҳоказо...
2014 йилги Жаҳон чемпионатига чиқа олмасак, Жепаров, Кападзе каби ўйинчиларимиз кейинги саралаш босқичида иштирок эта олмасликлари мумкин. Бунинг сабаби ўзингизга маълум.
Пойдевор
Кўпчилик мухлислар терма жамоамиз сафида ёши катта футболчиларнинг кўп эканлигидан норози бўлади. Бир томондан улар ҳақ. Аммо танганинг орқа тарафи ҳам бор. Дейлик, Қосимов терма жамоага Жепаровни таклиф қилмади. Унинг ўрнини эгаллайдиган ким бор? Биз авлодлар алмашинувига тайёрмизми? Барчамиз мақтаб кўкларга кўтарган олимпиячиларимизнинг аҳволини кўрдингиз. Очиғини тан олиш лозим, Фозил Мусаевнинг Жепаров бўлишига ҳали анча қовун пишиғи борга ўхшайди. Гейнрихни масхарабоз дейишади. Лекин у каби ҳужумда фойдаси тегадиган ўйинчи деярли йўқ. Ҳимоячилар ҳақида-ку гапирмаса бўлади. Биз ишонган ёшларимиз терма жамоагача етиш кела олишмаяпти.
Бу ҳақда “Ўзбек футболидаги боғи эрам” мақоласида батафсил ёзганмиз.
Ҳозир терма жамоамизнинг пойдевор мустаҳкам деб бўладими? Нега шу савол мутахассисларнинг хаёлига келмаяпти? Бу кетишда бош жамоамизнинг эртаси нима бўлади? Ушбу муаммоларни ҳозирданоқ бартаф этишга киришмасак, кейин кеч бўлиши мумкин.
Аброр Деҳқонов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).