Ҳиндистон (аёллар ўртасида) ва Ўзбекистонда (эркаклар ўртасида) бўлиб ўтадиган бокс бўйича Жаҳон Чемпионатига бойкот эълон қилди, дея хабар қилмоқда “Gazeta.uz”.
8 февраль санасида АҚШ бокс федерацияси ташкилотнинг расмий сайтида жамоанинг эркаклар ва аёллар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатларида қатнашишдан бош тортгани ҳақидаги баёнотни эълон қилди. Баёнотда ушбу позиция танланишига қатор сабаблар келтирилган, бироқ асосий фактор сифатида Халқаро бокс ассоциациясининг (IBA) Россия ва Беларусь боксчиларига ўз миллий байроқлари остида мусобақаларда иштирок этишига рухсат берилгани қайд этилган.
USA Boxing раҳбари Майк Макети Марокашда бўлиб ўтган сўнгги бокс мусобақасида россияликлар ўз байроғи ва мадҳияси остида иштирок этганига эътибор қаратган. Шунингдек, раҳбар IBA’га нисбатан бошқа эътирозлар ҳам борлиги қайд этган. Макетининг фикрича Жаҳон чемпионатларида иштирок этиш нафақат Халқаро Олимпия Қўмитасининг (ХОҚ) 2 февралда тасдиқланган санкцияларини, балки ҳалол ўйин ва шаффофлик тамойилларини ҳам бузади.
АҚШ ортидан Ирландия бокс федерацияси (IABA) ҳам россиялик спортчилар мусобақага қабул қилинганлиги сабаб эркаклар ва аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатларида иштирокдан бош тортишга қарор қилди. Бу ҳақида Irish Independent хабар берган. IABA директорлар кенгаши турнирларни бойкот қилиш учун сўровнома ўтказди ва унга кўра 15 киши буни ёқлаган, 5 киши эса қарши чиққан.
Чехия бокс ассоциацияси президенти Марек Симак Чехия терма жамоасининг Жаҳон Чемпионатини бойкот қилиш истагини тасдиқлади. “Sport.cz”га берган интервьюсида президент бу қадамни Украинани қўллаб-қувватлаш ва IBA Россия президенти Владимир Путинга алоқадор бўлган россиялик Умар Кремлёв назорати остида қолаётганига жавоб деб атади.
Швеция бокс ассоциацияси раҳбари Пер-Аксел Шёхолмнинг айтишича, агар Россия ва Беларусь спортчилари мусобақада иштирок этса, мамлакат турнирни бойкот қилишга қўшилади.
"Бу ерда на демократия, на ошкоралик мавжуд. Биз IBA’нинг мурожаатини қабул қилмаймиз. Демократия ва шаффофлик йўқ. Ўзгаришларни амалга ошириш учун бир неча йил ҳаракат қилдик, аммо муваффақиятга эриша олмадик. Шундан сўнг улар Россия ва Беларусга миллий байроқлари остида беллашишга рухсат беришга қарор қилди", — унинг сўзларини келтиради “Чемпионат” SVT нашрига таяниб.
Канада бокс федерацияси ҳам аёллар ва эркаклар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатини бойкот қилишга қўшилди. Ташкилот раҳбари Райан Ўши IBA’даги коррупция туфайли спортнинг келажаги ҳақида жиддий хавотирда эканлигини айтиб ўтди.
Қозоғистон бокс терма жамоаси эса Ҳиндистон ва Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган чемпионатларда иштирок этишга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақида Қозоғистон бокс федерацияси раҳбари Кенес Ракишев айтиб ўтди.
Қозоғистон бокс федерацияси раҳбари турнирни бошқа давлатлар томонидан бойкот қилинишига изоҳ берар экан, қозоғистонлик боксчиларнинг IBA томонидан ўтказилаётган Жаҳон Чемпионатларида иштирок этиши улар рақобат тажрибасини тўплаш нуқтаи назаридан зарурлигини таъкидлади.
ХОҚ қарорига кўра, 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида бокс бўйича мусобақалар бўлажак Жаҳон Чемпионатини ташкил этишни режалаштираётган IBA иштирокисиз ўтказилади. Шу сабабдан бу турнир саралаш мақомига эга бўлмайди ва унинг натижалари боксчиларнинг Олимпиадага йўлланма олишига асос бўлмайди.
Бокс бўйича аёллар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати 15—31 март кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида, эркаклар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати Ўзбекистонда 1—14 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.
Умар Кремлёв 2020 йилнинг декабридан буён IBA’ни бошқариб келмоқда. Бунгача у Россия бокс федерацияси бош котиби лавозимида ишлаган. У лавозимга тайинланган пайтда IBA’нинг қарзлари 20 миллион долларни ташкил қилган. 2021 йилнинг май ойида Кремл барча қарзларнинг тўлиқ қайтарилишини эълон қилган. 2022 йилда Кремлёв IBA президентлигига қайта сайланди.
2019 йил июнь ойида ХОҚ Ижроқўми қарздорлик сабаб IBA’нинг ташкилотга аъзолигини тўхтатиб қўйди, аммо боксни Токио—2020 Олимпия ўйинлари дастурида сақлаб қолди ва 2021 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида бокс мусобақаларини ташкил этиш ХОҚ томонидан амалга оширилди.
2022 йил февралида ХОҚ Украинадаги вазият туфайли россиялик ва беларуслик спортчиларни мусобақаларга қўймасликни тавсия қилган, март ойида эса IBA Россия ва Беларусь боксчиларига халқаро мусобақаларда қатнашишни тақиқлаганди. Бироқ октябрь ойида IBA россиялик ва беларуслик боксчиларнинг дисквалификациясини бекор қилди, спортчиларга халқаро майдонларда миллий байроқ ва давлат мадҳиялари остида қатнашишга рухсат берилди.
2022 йилнинг июнь ойида ХОҚ 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиададаги бокс турнири яна IBA’дан ҳоли тарзда ўтказилишини эълон қилди. Бундан ташқари бокс 2028 йилги Олимпия ўйинларининг дастлабки дастурига киритилмаган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).