XXI аср спортда шахсий қарама-қаршиликлар билан ажралиб турди. Мисоллар учун узоққа бориш шарт эмас: фигурали учиш бўйича Плюшенко - Ягудин, хоккейда Овечкин - Кросби ва теннисда Надаль - Федерер рақобати ва бошқалар. Футбол ҳам бундан мустасно эмас эди: ҳатто футболдан узоқ бўлганлар ҳам Роналду ва Месси ўртасидаги жанг ҳақида билишарди. Аммо ҳаёт давом этмоқда ва энди Рон ва Лео ўртасидаги рақобат аста-секин тарихга айланиб боряпти ва мантиқий савол юзага келади: «Уларнинг ўрнини ким эгаллайди?» Албатта, биз бундан кейин нима бўлишини олдиндан айта олмаймиз, лекин Холанд ва Килиан Мбаппени 20 йилларда футболнинг янги етакчилари сифатида кўриш мумкин.
Холанд ва Мбаппе юлдузлик мақомини йўқотадиган вазиятларни кўриб чиқамиз. Афсуски, ҳеч ким жароҳатлардан ҳимояланмаган, аммо жиддий жароҳатлар бу қаҳрамонларни четлаб ўтади деб умид қиламиз. Бироқ, бошқа омиллар ҳам мавжуд. Мисол учун, агар Килиан Франция чемпионатида қолса, бу унга ёмон таъсир қилиши мумкин. Лига 1да «ПСЖ» чемпионликни қўлдан бой бериши мумкин эмас, Франция лигасини кучсиз деб бўлмайди, лекин унда парижликлар учун рақобат йўқ ва ҳар бир ўйин ҳам кучли рақобат билан ўйналмайди. Балки бу омил Мбаппега қарши ўйнар.
Эрлингга келсак, унинг пасайиши деярли имконсиздек. У Бундеслигада порлаётган эди, ҳозир эса Премьер-лигада «ёндиряпти» ва унга мослашиб олиш учун кўп вақт керак бўлмади. Лекин Холанд фаолиятида терма жамоада катта ютуқлар бўлмаслигининг эҳтимоли катта. Охирги марта Норвегия 1998 йилги жаҳон чемпионатида мухлисларнинг ёдида қоларли ўйин намойиш этди. Албатта, бу норвегиялик футболчининг терма жамоада муваффақиятга эришишига тўсқинлик қилмайди, бироқ унинг фаолиятида қандайдир қолдиқ қолдириши мумкин.
Холанд ва Мбаппе назорат қила олмайдиган омиллар ҳам мавжуд. Мбаппе-Холанд даври муҳим бўлмаслиги учун сабаблар бор ва бу ҳатто ўйинчиларнинг савияси пасайиши билан боғлиқ ҳам эмас: футболдаги янги кайфият сабаб бўлиши мумкин. Балки икки ўйинчи эмас, балки бутун бир гуруҳ ўйинчилар дунёнинг энг яхши футболчиси номи учун баҳслашади. Уларга бу йўлда рақобатчилар жуда кўп. Эсингизда бўлса, Роналду-Месси давридан олдин «Олтин тўп» эгаси ҳар йили ўзгариб турарди. Бу сафар ҳам энди шундай бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Қаҳрамонларимиз билан ким рақобатлаша олишини ўйлаб кўринг. Масалан, Винисиус Жуниор. 22 ёшида у клуб футболидаги барча турнирларда ғалаба қозонган. У «Реал Мадрид»нинг асосий ўйинчиси, шунингдек, яхши статистикага эга. Мисол учун, Вини ҳар учинчи ўйинида гол уради. Винисиус шунингдек, Чемпионлар лигасида ҳам анча яхши. Олтита ўйинда у тўрт марта рақиблари дарвозасини ишғол қилган. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бразилиялик икки ўйинда учта гол урди.
Жаҳон футболидаги етакчилардан бири сифатида «Реал Мадрид»нинг яна бир футболчиси Родригони ҳам кўриш мумкин. Унинг ҳисобида ҳам клуб ва шахсий миқёсда ютуқлар мавжуд. У аллақачон Чемпионлар лигасини қўлга киритган, икки марта Ла Лига ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, шунингдек, икки марта Суперкубокда (ЕЧЛ ва Испаниядаги) ғолиб чиққан. Шахсий ютуқларга келсак, бу ерда эътибор бериш керак бўлган жиҳат бор. 2019 йилда, 18 ёшу 301 кунлигида Родриго Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Галатасарой»га қарши ўйинда хет-трик қайд этган эди. У жорий аср давомида шу ишни бажарган футболчилар орасида рекорд ўрнатган. Родриго ўтган йили «Реал»нинг Чемпионлар лигасидаги ғалабасига катта ҳисса қўшган. «Манчестер Сити»га қарши ярим финалнинг жавоб учрашувини эслаш мумкин, ўшанда Родриго ўйиннинг энг сўнггида икки дақиқа ичида дубл қайд этиб, «қаймоқранглилар»га турнир финалига чиқиш имконини берганди. Маркус Рэшфордни ҳам қайд этиш керак. У Жаҳон чемпионатида яхши ҳолатда эди ва у ерда бешта ўйинда учта гол урди. Рэшфорд сўнгги 17 ўйинда 16 та гол урган.
Мбаппе ва Холанднинг ижобий томонларини ҳам таъкидлаш керак. Килиан ва Эрлинг ажойиб формада давом этишига барча кўрсаткичлар мавжуд. Келинг, уларнинг ҳар бирининг афзалликларини кўриб чиқайлик.
Мбаппеда 24 ёшда аллақачон жаҳон чемпиони ва вице-чемпионлиги мавжуд. Охирги жаҳон чемпионатида у 7 учрашувда 8 та гол уриб, турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди. Унинг реактив тезлиги борлиги ҳеч кимга сир эмас. У, шунингдек, яхши дриблинг амалга ошириш ва майдонни ажойиб кўриш имкониятига ҳам эга. Франциялик футболчининг топлигига ишонч ҳосил қилиш учун унинг статистикасини келтиришнинг ўзи кифоя. У жорий мавсумда Лига 1да 20 та ўйинда 15 та гол урди. Ўтган мавсумда эса 35 ўйинда рақиб дарвозасини 28 марта ишғол қилганди. Чемпионлар лигасига келсак, у ерда статистик маълумотлар кўзни қамаштирмоқда – 7 та ўйин ва 7 та гол. Килианнинг жаҳон чемпионатидаги бомбардимонлари ҳақида аввалроқ айтиб ўтган эдик.
Эрлинг ҳақида гапирганда, биринчи навбатда шуни таъкидлаш керакки, норвегиялик футболчининг деярли ҳеч қандай заиф томонлари йўқ. Холанд иккинчи қаватда ўйнаш, рақиб футболчилари орасидан ёриб ўтиш каби кучли жиҳатларда яхши.
Холанднинг натижалари қуйидагича: Премьер-лигада 2022/2023 йилги мавсумда: 26 гол + 4 голли узатма (23 ўйин). Чемпионлар лигасидаги жорий статистика: 5 та гол (4 та ўйин). Миллатлар лигасида: 6 та гол + 1 та голли узатма (6 та ўйин). 2021/2022 йилги мавсум «Боруссия Дортмунд» таркибида. Бундеслига: 22 гол + 7 голли узатма (24 учрашув). Чемпионлар лигаси: 3 та гол (3 та ўйин). ЖЧ-2022 саралаши: 5 та гол (6 та ўйин).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).