Чемпионлар лигасидан чиқиб кетган “ПСЖ” ёзда таркибини кучайтириш учун бир қатор трансферларни амалга оширмоқчи. L'Equipe.com нашри хабарига кўра, француз клуби ҳар бир қатор ўйинчиларни сотиб олишни режалаштирмоқда: ҳимояда "Вильярреал"дан Пау Торрес, ярим ҳимояда ПСВдан Иброҳим Сангаре ва Мюнхенгладбахнинг "Боруссия"сидан Куадио Коне.
Ҳужум учун ҳам жиддий харидлар режалаштирилган. Француз гранди "Манчестер Сити"нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Бернарду Силва ва мос равишда "Лион", "Наполи" ва "Бенфика" ҳужумчилари Райан Шерки, Виктор Осимхен ва Гонсалу Рамушни сотиб олмоқчи. Бу футболчилар ҳозир қандай ҳолатда ва ёзда “ПСЖ” қандай муаммога дуч келишини айтиб ўтамиз.
Пау Торрес, ҳимоячи, “Вильярреал”
Испаниялик футболчи “Вильярреал” тарбияланувчиси ҳисобланади. 26 ёшли ҳимоячи деярли бутун фаолиятини ўз клубида ўтказди, 2018/2019 йилги мавсумни ҳисобга олмаганда, у "Малага"га ижарага ўтган эди. Торрес асосий таркибда “Вильярреал” сафида 160 та, Испания терма жамоасида эса 23 та ўйинда майдонга тушди. Пау ўзининг клуби билан биргаликда 2021 йилда Европа лигасида ғолиб чиқди. Терма жамоадаги ютуқларига келсак, у 23 ёшгача бўлганлар терма жамоаси футболчиси сифатида 2020 йилги Олимпиада кумуш медали совриндорига айланди. Марказий ҳимоячининг “Вильярреал” билан шартномаси 2024 йилнинг ёзида якунига етади ва Transfermarkt томонидан 50 миллион еврога баҳоланган.
Олдинроқ Le10Sport нашри Пау Торрес Гонсалу Инасио (“Спортинг”) билан бирга “ПСЖ” номзодлар рўйхатидан жой олгани ҳақида хабар берган эди.
Иброҳим Сангаре, ПСВ ярим ҳимоячиси
2022 йилда "Барселона" ва "Челси" ивуарлик футболчига қизиқиш билдиришди, аммо у ПСВда қолди, у билан 2027 йилнинг ёзига қадар шартномаси бор. Иброҳим Сангаре клуби сафида 123 та ўйин ўтказиб, у билан бирга 3 та совринни қўлга киритган. Жорий мавсумда ҳимоячи барча турнирларда 35 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Кот-дъИвуар терма жамоаси сафида Иброҳим Сангаре 24та ўйинда 5та гол урган. Ҳозир унинг трансфер қиймати 35 миллион еврога баҳоланган.
Куадио Коне, ярим ҳимоячи, "Боруссия" М
Икки йил аввал француз футболчиси “Тулуза”дан “Боруссия М”га 9 миллион евро эвазига ўтганди. Куадио Коне ҳозир Бундеслигадаги иккинчи ажойиб мавсумини ўтказмоқда, Мюнхенгладбах клуби сафида унинг ўйинлари сони 50дан ошиб кетди. 2022 йилда марказий ярим ҳимоячи Франциянинг 21 ёшгача бўлган футболчилари таркибида олтита ўйинда майдонга тушди. Франциялик футболчининг "Боруссия М" билан шартномаси 2025 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Унинг нархи 25 миллион еврога баҳоланмоқда.
Бернарду Силва, ярим ҳимоячи, “Манчестер Сити”
Португалиялик футболчи олтинчи йилдирки "Манчестер Сити"да ўйнамоқда. Бу вақт ичида Бернарду Силва клуб сафида 288 та ўйин ўтказиб, 52 та гол урди, 56 та голли узатмани амалга оширди ва 11 та миллий соврин, жумладан, 4 та Англия чемпионлигини қўлга киритди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи жорий мавсумда барча мусобақаларда 37 та ўйинда майдонга тушиб, 4+5 кўрсаткичини қайд этди.
Ярим ҳимоячи 80 миллион еврога баҳоланган ва "Сити" билан икки йиллик шартномага эга. Португалияликнинг ўзи, TheAthletic хабарига кўра, "Реал Мадрид" ёки "Барселона"га ўтишни истамоқда. Каталониянинг Sport.es нашри хабарига кўра, "Манчестер Сити" Бернарду Силвани "Барса"га 65 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр. Эҳтимол, француз гранди бу ёзда таклифни ортда қолдириши мумкин.
Райан Шерки, ҳужумчи, “Лион”
19 ёшли ҳужумчи "Лион" тарбияланувчиси ҳисобланади. Райан Шерки учун бу Лига 1'даги тўртинчи мавсумдир. Кўринишидан Карим Бенземага ўхшаб кетадиган франциялик футболчи бу мавсум барча мусобақаларда 27та ўйинда гол+пас тизимида атиги 4+4 балл тўплади. Шерки “Лион” сафида 90та ўйинда майдонга тушиб, 13та гол урган. Ҳужумчи нима учун “ПСЖ” скаутларини қизиқтиргани тўлиқ аниқ эмас. Унинг "Лион" билан шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Унинг трансфер қиймати - 18 миллион евро.
Виктор Осимхен, ҳужумчи, “Наполи”
Европанинг кўплаб топ-клублари ёзда Виктор Осимхен учун курашади. Аллақачон ҳужумчига "ПСЖ" ва "Челси" клублари қизиқиш билдирмоқда. Осимхен клуб учун 88 ўйинда 49 та гол урган ва Нигерия терма жамоаси сафида 23 ўйинда 15 та гол урган. Ҳужумчи аллақачон Францияда "Лилл"да ўйнаган: 2019/2020 йилги мавсумда у Лига 1'нинг 27 ўйинида 13 + 5 натижани қайд этганди. Шубҳасиз "Наполи" ўз тўпурари учун 100+ миллион евро сўрайди, гарчи Transfermarkt уни "атиги" 70 миллион еврога баҳолаган бўлса ҳам.
Гонсалу Рамуш, ҳужумчи, “Бенфика”
"Роналду меросхўри" фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказяпти - "Бенфика" учун 34 ўйинда 23+9 ва ЖЧда Швейцария билан ўйинда хет-трик. L'Equipe.com нашри хабарига кўра, Рамуш трансферда узилиш юз берган тақдирда Виктор Осимхенга муқобил ҳисобланади. Португалиялик футболчига "Манчестер Юнайтед" ва "Реал" ҳам қизиқиш билдирмоқда. Рамушнинг "Бенфика" билан шартномаси 2026 йилнинг ёзида тугайди ва унинг трансфер нархи 40 миллион еврони ташкил қилади.
“ПСЖ” ёзда қандай муаммоларга дуч келади
Ҳозирда “ПСЖ” таркибида 26 нафар футболчи бор, улардан иккитаси – Серхио Рамос ва Лионель Мессининг шартномаси ёзда тугайди. Катта эҳтимол билан парижликлар раҳбарияти иккаласини ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Саудия Арабистонидан қизиқишларига қарамай, Серхио Рамос “ПСЖ”да қолмоқчи, аммо унинг келажаги жорий мавсум охиригача ўйнашига боғлиқ. Шу билан бирга, француз клубида 10 нафар футболчи ижарага берилган: Мауро Икарди, Абду Диалло, Леандро Паредес, Жоржиньо Вейналдум, Юлиан Дракслер, Эрик Дина Абимбе, Кейлор Навас, Лейвин Курзава, Колин Дагба ва Эдуард Мишу. 7 нафар янги ўйинчи сотиб олинса, "ПСЖ" "Челси" каби муаммога дуч келади. “ПСЖ”ни яхшигина “бош оғриғИ” кутаётгани аниқ.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).