Хаби Алонсо “Челси”нинг янги бош мураббийи бўлишга рози бўлди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Қайд этилишича, келишув тез орада тўлиқ якунланади. “Челси” яқин кунларда расмий эълонни тақдим этишга тайёргарлик кўрмоқда. Алонсо клуб раҳбариятига аллақачон “ҳа” деб жавоб берган.
Аввалроқ, Хаби Алонсодан ташқари, “аристократлар”нинг потенциал номзодлари рўйхатидан қуйидаги мутахассислар ҳам жой олган эди:
Андони Ираола (“Борнмут”)
Оливер Гласнер (“Кристал Пэлас”)
Марку Сильва (“Фулҳэм”)
Хаби Алонсонинг мураббийлик фаолиятидаги охирги жамоаси Мадриднинг “Реал” клуби бўлган. У мадридликларни 2025 йилнинг июнидан 2026 йилнинг 12 январига қадар бошқарган. Ушбу давр мобайнида Алонсо қўл остида жамоа 28 та ўйин ўтказиб, 20 та ғалаба, 3 та дуранг ва 5 та мағлубият қайд этган. Унинг бошқарувида “қаймоқранглилар” “ПСЖ”, “Атлетико”, “Ливерпуль”, “Манчестер Сити” ва “Барселона”га имкониятни бой берган.
44 ёшли мутахассис бунга қадар, яъни 2022 йилнинг октябридан бошлаб Германиянинг “Байер” клубини бошқарган эди. Унинг қўл остида Леверкузен клуби ўз тарихида илк бор (шунингдек, бирор марта мағлуб бўлмасдан) Германия чемпионлигини қўлга киритди. Шунингдек, жамоа Германия Кубоги ва Суперкубогида зафар қучди ҳамда Европа Лигаси финалига қадар етиб бориб, Италиянинг “Аталанта” жамоасига имкониятни бой берди (0:3).
Футболчилик фаолиятидаги ютуқлари
Алонсо футболчи сифатида Англиянинг “Ливерпуль”, Германиянинг “Бавария”, Испаниянинг “Реал Соседад”, “Эйбар” ва “Реал Мадрид” клубларида тўп сурган:
“Реал Мадрид” таркибида: Испания чемпиони, икки карра мамлакат Кубоги соҳиби, Испания Суперкубоги ва Чемпионлар Лигаси ғолиби.
“Бавария” таркибида: уч карра Германия чемпиони, бир мартадан мамлакат Кубоги ва Суперкубоги соҳиби.
“Ливерпуль” таркибида: Англия Кубоги, Лига Кубоги, Чемпионлар Лигаси ва УЕФА Суперкубоги ғолиби.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).