21 сентябрь куни Олий лига баҳсларининг 20-тур учрашувларига старт берилди. Шу куни Ғузордаги “Ғузор” марказий стадионида турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири бўлиб ўтди. “Оқ бўрилар” ўз уйида Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилди. Мазкур жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихига назар соладиган бўлсак, ўйин анча шиддатли ва кескин курашларга бой ўтишини олдиндан башорат қилиш мумкин эди. Кейинги икки ўйинда, яъни ўз майдонида ўтган учрашувда “Динамо” вакиллари ғалаба қозонгани “Шўртан”ни “реванш” олишга ундарди. Самарқандликлар эса Ғузорда охирги марта 2005 йилда зафар қучишган ва 2008 йилда дуранг қайд этишганди. Бу тарихни такрорлаш уларга қўшимча куч берар эди.
Учрашувда “Шўртан” бош мураббийи Эдгар Гесс ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда 4-4-2 схемасини танлади. Ҳимояда худди бир тур олдиндаги, “Насаф” билан учрашувдаги каби Пономарёв, Алиқулов, Каримов ва Мерзляков ҳаракат қилган бўлса, ярим ҳимоядан Соро, Афонин, Қодирқулов ва Жўрабоев жой олишди. Одадагидек Таран в Тожиев ҳужум тандемини ташкил этишди. “Динамо” жамоасида бош мураббий вазифасини бажарувчи Сергей Арслонов эса 5-3-2 схемасини афзал кўрди. Ва бу бежизга эмаслиги кейинроқ билинди. Шарҳимиздан бироз олдинга ўтиб шуни айтиш мумкинки, учрашув давомида меҳмонлар ғалаба умидида эмасликларини, балки Ғузорга бир очко ишлаб олиш илинжида ташриф буюрганликларини яққол сездириб қўйишди.
Тўғри, учрашувдаги дастлабки хавфли вазият “Динамо” футболчилари томонидан содир этилди. 6-дақиқада Жамол Отақуловнинг пасидан сўнг Рўзимбой Аҳмедов томонидан берилган зарба дарвозадан бироз юқоридан ўтиб кетди. Шундан сўнг биринчи таймнинг деярли ўрталарига қадар майдонда тенг кураш кечди. Бу пайт мобайнида меҳмонларнинг ҳужумлари “Шўртан” жарима мйдончаси яқинига етмасданоқ якунига етган бўлса, “Оқ бўрилар”нинг ҳаракатлари бироз хавфли кўриниш олди.
Масалан, 21-дақиқада Вадим Афонин майдон марказидан туриб ажойиб пас билан Игорь Таранни олдинга бошлаганди. Аммо у тўпга улгурмади. 22-дақиқада бурчак зарбасидан кейин тўп Адама Сорога келиб тушди. У эса ўнг томондан очилаётган Асрор Алиқуловни кўра олди. Асрорнинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. 26-дақиқада Соро-Мерзляков комбинациясидан сўнг Александр томонидан берилган зарба рақиб ҳимоячиларидан бирига тегиб майдонни тарк этди. Шундан сўнг белгиланган бурчак тўпини бажарган "Шўртан" яна бир имкониятга эга бўлганди. Аммо Ҳамза Каримовнинг бош билан берган зарбаси бироз ноаниқ кетди.
30-дақиқада Эдгар Гесс ҳужумни кучайтириш, унинг самарадорлигини ошириш мақсадида ярим ҳиояда тўп сурган ва яхши ҳимоялана оладиган Обид Жўрабоев ўрнига ўнг қанот вингери вазифасини бажариш учун асли ҳужумчи бўлган Виктор Клишинни туширди. Тўғри, Обид Жўрабоев ҳам ажойиб ижрочи, бир қатор ўйинларда у буни амалда исботлаган. Аммо асосан ҳимояда ўйнаётган рақибни адашишга мажбур этиш учун ҳужумни доимий равишда қўллаб-қувватлайдиган футболчи керак эди. Буни Гесс ўз вақтида тушуниб етди ва биринчи бўлим тугашини ҳам кутиб ўтирмади.
Бу ўзгариш тез орада ўз самарасини берди ва “Шўртан” тўп билан муомала қилишда ҳам, ҳужумлар содир этишда ҳам яққол фаворит бўлиб олди.
36-дақиқада Фарҳод Тожиевнинг кучли зарбасини Мельничук қайтаришнинг уддасидан чиқди. Қайтган тўпга Виктор Клишин қийин вазиятда бўлишига қарамасдан зарба бера олди. Аммо Мельничук яна ўз ўрнида. 39-дақиқада Игорь Таран бир неча ҳимоячини чалғитиб чамаси 15 метрлардан зарба берди. Лекин унинг зарбасида бироз аниқлик етишмади. Биринчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда эса Рўзим Аҳмедов Мерзляковни қўполлик билан тўхтатиб қолди. 28 метрлардан белгиланган жарима зарбасини Вадим Афонин қойилмақом тарзда бажарди. Бироқ Мельничукнинг маҳорати “Динамо”ни голдан қутқариб қолди. Қайтган тўпни “Шўртан” аъзолари яна рақиб жарима майдонига олиб киришди. Бу вазиятда Таина Адама Соро 11 метрлик нуқта яқинидан бош билан зарба берди. Аммо 1-бўлимда ўз позициясида мустаҳкам ўйнаган меҳмонлар дарвозабони яна жамоадошларини муқаррар голдан қутқарди.
Иккинчи бўлимни самарқандликлар ўзгариш билан бошлашди. Мезбонларнинг кетма-кет ҳужумларига дош беришни мақсад қилган меҳмонлар ҳужумчи Иван Нагаев ўрнига ярим ҳимоя вакили Сирожиддин Сайфиевни туширишди.
46-дақиқада Фарҳод Тожиев жарима майдони ичига кириб борди. Аммо рақиб ҳимоячиси унинг зарба беришига йўл қўймади ва тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Белгиланган бурчак тўпидан сўнг Вадим Афониннинг дарвоза "тўққиз"лиги томон йўналтирган зарбаси стадионни ларзага келтирди. Бироқ Мельничук сўнгги лаҳзаларда тўпни қайтариб қолишга эришди.
67-дақиқада Патрик Агбонинг ўнг қанотдан ҳаволатиб узатган тўпига Фарҳод Тожиев зарба берди. Унинг зарбаси дарвозанинг юқорисидан ўтиб кетди. 69-дақиқада энди Игорь Таран чап қанотдан Тожиевни тўп билан таъминлади. Унинг қайчи усулида берган зарбасига аниқлик етишмади. 72-дақиқада Мерзляковнинг 30 метрлардан берган кучли ва аниқ зарбасини Мельничук бир амаллаб қайтаришга муваффақ бўлди. Бир сўз билан айтганда, “Шўртан” аъзолари учрашувнинг охирига қадар шу тарзда тинимсиз ҳужумлар уюштиришди ва ўз омадларини рақиб жарима майдонидан излашди. “Динамо” вакиллари эса сўнгги вазиятларда икки қаторли ҳимоя бироз тин олишини кўзлаб тўпни дуч келган томонга тепиб юбора бошладилар.
Халқимизда қилган топади, эккан ўради, деган мақол бежизга айтилмаганини мазкур учрашув ҳам амалда исботлаб берди. Ўйиннинг 89-дақиқаси ўтиб бораётган бир пайтда баҳсда бир неча бор имкониятларга эга бўлган ва шерикларини қулай вазиятларга чиқарган Игорь Таран ўз сўзини айтди. У рақиб ҳимоячиларнинг хатосини барибир топа олди, "Динамо" жарима майдончаси ичида юзага келган пала-партишликдан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. 1:0.
Учрашувнинг қолган дақиқаларида мухлисларни ҳаяжонга соладиган вазиятлар деярли содир бўлмади ва ҳисоб ўзгармай қолди.
Энди “Шўртан” Олий лиганинг 21-турида “Олмалиқ” жамоаси меҳмони бўлади. Ушбу ўйин 29 сентябрь санасига белгиланган.
«ШЎРТАН» (ҒУЗОР) – «ДИНАМО» (САМАРҚАНД) 1:0
Гол: Игорь Таран 89, - 1:0.
Ҳакамлар: Бахтиёр Намозов (Тошкент), Абдураҳмон Қўлдошев (Бухоро), Маҳмуд Шарипов (Бухоро), Аҳмаджон Эргашев (Тошкент).
«Шўртан»: Михаил Наумов, Обид Жўрабоев (Виктор Клишин, 30), Асрор Алиқулов, Ботир Қодирқулов (Патрик Агбо, 60), Таина Адама Соро, Игорь Таран, Вадим Афонин, Вячеслав Пономарёв, Фарҳод Тожиев (Аббос Омонов, 77), Александр Мерзляков, Ҳамза Каримов.
«Динамо»: Андрей Мельничук, Андрей Ерохин, Виталий Почуев, Жамол Отақулов, Ахрол Рисқуллаев (Александр Хвостунов, 74), Иван Нагаев (Сирожиддин Сайфиев, 46), Дилявер Абибуллаев, Суннатулло Мамадалиев, Салим Мустафоев, Илҳомжон Бойдедаев, Рўзимбой Аҳмедов.
Огоҳлантиришлар: Дилявер Абибуллаев 24, Рўзимбой Аҳмедов 45+1, Таина Адама Соро 56.
Назоратчи: Сардор Нажафалиев (Тошкент).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).