Қизиқ савол, шундай эмасми? Биз ушбу мақоламизда айнан шу масалага аниқлик киритишга уриниб кўрамиз. Биз Тожикистон терма жамоасига қарши 6 сентябрь куни бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви учун чақирилган футболчилар асосида бугунги мақоламизни ёзамиз.
Қатар терма жамоаси бош мураббийи Пауло Аутуори Тожикистон терма жамоасига қарши ўйинга 23 нафар футболчини чақирган. Улардан 3 нафари дарвозабон, 7 нафар ҳимоячи, 8 нафар ярим ҳимоячи ва 5 нафар ҳужумчи таклиф қилинган. Бошладик.
ДАРВОЗАБОНЛАР
Қосим Бурҳон – 26 ёш, айни вақтда “Ал-Гарафа”да ўйнайди. Сенегал пойтахти – Дакар шаҳрида туғилган, сенегаллик. 2004 йилдан бери Қатар терма жамоасида.
Баба Малик – 29 ёш, “Леҳвия” дарвозасини қўриқлайди. Сенегалнинг Кордина шаҳрида туғилган, сенегаллик. 2008 йилдан бери Қатар терма жамоасида ўйнайди.
ҲИМОЯЧИЛАР
Мисаъд ал-Ҳамад – 26 ёш, “Ас-Садд” футболчиси. Яманда туғилган, 2006 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси. Шу вақтгача терма жамоа сафида 34та ўйин ўтказган.
Муҳаммад Касола – 27 ёш, “Ас-Садд” футболчиси. Гана пойтахти – Аккра шаҳрида туғилган. Қатар терма жамоасида 2010 йилдан бери 20 ўйин ўтказган.
Иброҳим Мажид – 22 ёш, 1990 йилнинг 12 май куни Кувайтда туғилган. “Ас-Садд”да ўйнайди. 2006 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси, 40 учрашувда майдонга тушган (Wikipedia шунақа деяпти).
Марконе – 34 ёш, Бразилияда туғилган. “Ал-Жаиш” ҳимоячиси. 2008 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси, 15та ўйинда майдонга тушган.
ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР
Лоуренс Куае – 28 ёш, Гана пойтахти Аккрада туғилган. “Ал-Гарафа”нинг етакчи ўйинчиларидан бири, ўз вақтида Франсиянинг “Сент-Этен” клубида ўйнаган. Гана ёшлар терма жамоасида ўйнаган, 2010 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси, 15та ўйинда майдонга тушган.
Весам Ризқ – 31 ёш, Кувайтда туғилган, келиб чиқиши фаластинликларга бориб тақалади. “Ас-Садд” футболчиси. 2001 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси, 73 ўйинда майдонга тушиб, 8та гол уришга муваффақ бўлган. Қатар терма жамоаси сардори.
Ҳусайн Али Шиҳаб – 27 ёш, Ироқнинг Басра шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолиятини Қатарда бошлаган, ҳозирда “Леҳвия” аъзоси. 2011 йилдан бери Қатар терма жамоаси таркибида 4та ўйинда майдонга тушган.
Фабио Сезар Монтесин – 33 ёш, Бразилиянинг Лондринасидан. 2005 йили Қатарга келиб қолган, 2008 йилдан бери Қатар терма жамоасида чақириб келинади. Шу кунгача терма жамоа сафида 28 учрашувда майдонга тушиб, 11та гол уришга муваффақ бўлган. Фаолиятининг энг гуллаган даврини Италиянинг “Удинезе” ва “Наполи” жамоалари таркибида ўтказган, ҳозирда эса “Ар-Райян” етакчиларидан.
Талал ал-Балуший – 26 ёш, “Ас-Садд” футболчиси. Кувайтнинг Жаҳра манзилгоҳида туғилган. 2006 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси. ЖЧ-2010 саралаши доирасида Доҳада бўлиб ўтган ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига гол урган.
Юнус Али Раҳматий – 29 ёш, “Ар-Райян” футболчиси. Доҳада туғилгани билан, асли эронлик. 2006 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси, 15 ўйинда майдонга тушган.
ҲУЖУМЧИЛАР
Мажид Муҳаммад – 27 ёш, “Ас-Садд” футболчиси. Судан пойтахти Хартум шаҳрида туғилган. 2003 йилдан бери Қатар терма жамоаси сафида 30дан ортиқ учрашувларда майдонга тушган.
Муҳаммад Раззоқ – 26 ёш, ганалик. “Қатар СК”да ўйнайди, 2011 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси. Қисқа вақт ичида терма жамоада 11та ўйин ўтказишга улгурган.
Юсуф Аҳмад Али – 24 ёш, Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида таваллуд топган. Профессионал футболчиликни Қатарда бошлаб, ҳозирда “Ас-Садд” футболчиси. 2006 йилдан бери Қатар терма жамоаси аъзоси, 24 ўйинда 6та гол уришга муваффақ бўлган.
Себастян Сория – 28 ёш, Уругвайнинг Пайсандусидан. Қатар терма жамоасининг ишонган тоғи янги мавсумдан “Леҳвия”да ўйнайдиган бўлди. 2006 йилдан бери Қатар миллий терма жамоаси аъзоси, 68 учрашувда майдонга тушиб, 26та гол уришга муваффақ бўлган. Бир неча бор Осиёнинг энг яхши футболчиси номига даъвогарлик қилган.
ҚАТАРЛИКЛАР
Дарвозабон Ражаб Ҳамза, ҳимоячилар Ҳамид Исмоил, Иброҳим ал-Ғаним, Холид Муфтаҳ, ярим ҳимоячилар Ҳасан ал-Ҳайдос, Халфан Иброҳим, ҳужумчи – Муҳаммад ас-Сайёд қатарлик футболчилар ҳисобланади. 23 нафар футболчидан, эътибор беринг, атиги 7 нафари асли қатарлик, қолганлари – яъни, 16 нафари Қатарга бошқа жойдан келиб қолганлар...
Бизда эса ҳамма Ўзбекистонда туғилган. Ҳақиқий Ўзбекистон терма жамоаси. Биз улардан кучлироқмиз, чунки бизнинг футболчиларимиз ўз ватанлари учун тўп суришади…
Омад бизга ёр бўлсин!
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).