Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида старт олган футбол бўйича Ёшлар ўртасида (U-19) Осиё чемпионатидаги ўз иштирокини бошлади ва дастлабки учрашувда вьетнамлик тенгдошларини йирик ҳисобда мағлуб этди, иккинчи учрашувда иорданиялик тенгдошлари билан ўйинда иродали дурангга эришдилар. Мухлислар, мутахассислар, умуман бутун ўзбек халқи Аҳмаджон Мусаев шогирдларидан ҳам чемпионликни кутишмоқда. Сабаби, ўтган ойда Эронда бўлиб ўтган Ўсмирлар ўртасидаги (U-16) Осиё чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси олтин медалларни қўлга киритиб, қитъа чемпионига айланган эди.
Келинг, ёшлар терма жамоамизнинг мусобақадаги стартидан кейин, улар ҳам жаҳон чемпионати йўлланмаси ва олтин медалларни қўлга киритишини умид қилган ҳолда, ўсмирлар терма жамоамиз томонидан халқимизга тақдим қилинган ўша ширин дамларни – дастлаб, мухлислар норозилигига сабаб бўлган гуруҳ босқичидаги қониқарсиз натижалар, плей-офф босқичидаги омадли юришлар ва охир-оқибат ўсмирларимизнинг ғалабаси билан якунланган чемпионатни яна бир бор ёдга оламиз. Албатта, бу – ёшларимиздан қитъа чемпионлигини кутаётган халқимиз қалбидаги ишончни янада кучайтиради. Қитъа чемионлигини дилига тугиб, майдонга чиқадиган ёш футболчиларимизнинг кучига куч қўшади деб умид қиламиз.
Мураббий
Бундан аввалги ўсмирлар терма жамоаси ажойиб ўйинлари ва кўрсатган натижаси билан мухлислар ва мутахассислар қалбидан жой олган эди. Улар дастлаб, 2010 йил Тошкентда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги (U-16) Осиё чемпионатида финалга чиқишган бўлса, 2011 йил Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги (U-17) Жаҳон чемпионатада чорак финалгача етиб боришган эди. Алексей Евстафеев шогирдларининг муваффақиятли иштирокидан кейин, Ўзбекистон футбол федерацияси янги ташкил қилинган ўсмирлар терма жамоасига Дилшод Нуралиевни бош мураббий этиб тайинлади. Бундан кўпчилик қониқиш ҳосил қилди.
Чунки, ушбу мутахассис узоқ йиллар давомида “Пахтакор” клуби ва мамлакатимизнинг турли ёшдаги термалари билан ишлаган. 2002 йил Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги (U-16) Осиё чемпионатида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган ва унинг шогирдлари чорак финалда Хитой терма жамоасига ютқазиб қўйиб (0:1), Жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолган эди. Шунингдек, у ҳозирда миллий терма жамоамизнинг асосий футболчиларига айланган Санжар Турсунов, Марат Бикмаев, Акмал Шораҳмедовларга “Пахтакор” ва ўсмирлар термасида устозлик қилган.
Муболаға бўлса-да шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу мураббий битта мусобақа давомида “халқ душмани”дан, миллат қаҳрамонига айланди. Чунки, дастлаб гуруҳ босқичидаги қониқарсиз натижалардан кейин у кескин танқид остига олинди. Дилшод Нуралиевнинг “Пахтакор” клубига яқинлиги боис, терма жамоанинг Эронга йўл олган таркибидан 12 та пахтакорчи жой олганлиги ва уларнинг талабга жавоб бермаслиги айтилди. Ҳаттоки, 23 талик таркиб фақат ўзбеклардан ташкил топганлиги, унда мамлакат аҳолисининг 20 фоизини ташкил қилган бошқа миллат вакилларидан хеч бирига жой топилмагани ва бошқалар.
Лекин, бош мураббий плей-офф босқичида жамоа ўйинини тартибга солиб, қайтадан шакллантирди ва ажойиб натижа қайд қилди. Мусобақа давомида терма жамоанинг хар бир ўйиндаги ва мусобақадаги вазиятлар, воқеалар жараёнини кузатиб шу хулосага келиш мумкинки, Дилшод Нуралиев учун биринчи навбатда натижага эришиш турган ва у бу йўлда гарчи шогирдлари ҳали деярли ёш бола бўлса-да, улар билан профессионал ишлаган.
Масалан:
- 2-турдаги Хитойга қарши ўйинда 43-дақиқада унча кучли бўлмаган зарбани қўлидан чиқариб юбориб, ҳисобнинг тенглашишига сабабчи бўлган ва 1-турдаги Ҳиндистон билан ўйинда ҳам ўз дарвозасидан иккита тўп олиб чиққан дарвозабон Шоҳрухжон Эшбўтаев ўрнига Сарвар Каримовни қўйди ва Сарвар эса қолган ўйинларда ишончли иштирок этди. Айниқса, Жанубий Корея ва Японияга қарши пеналтилар сериясида жами 3 та зарбани қайтаргани диққатга сазовордир.
- Мусобақа олдидан терма жамоа сардори сифатида Шоҳрухжон Эшбўтаев тайинланган эди. У асосий таркибдан ўз ўрнини йўқотгач, 3-турдан бошлаб сардорлик боғичи Муҳиддин Одиловга ўтди. Одилов саралаш босқичи ва мусобақа олди йиғинлари пайтида энг яхши тўпурурлардан бири эди. Лекин, у дастлабки 4 та ўйинни асосий таркибда бошлаган бўлса-да, бор-йўғи 1 та тўп киритди, холос. Натижада, Нуралиев уни ҳам асосий таркибдан олиб ташлади. Ярим финал ва финалда терма жамоага Отабек Шукуров сардорлик қилди.
Кўриб турганингиздек, Дилшод Нуралиев учун биринчи навбатда натижага эришиш турган ва бу йўлда у фақатгина жамоа манфаатидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилган. Шу билан бирга жамоани тактик тайёрлаш, жамоа жисмоний ҳолати бўйича ҳам анча ишлар қилинган. Ҳамма яхши футболчилар, айниқса Нуралиев жамоаси тактикасига тушадиганлари “Пахтакор” клубига тегишли мактаблар ва академияда йиғилган бўлса, бу Дилшод Нуралиевнинг муаммоси эмас.
Майдондаги харакатлар
Мусобақанинг гуруҳ босқичи ўйинлари Эрон телеканаллари томонидан намойиш қилинмади. Шу сабабли гуруҳ босқичи ўйинларини ОФКнинг Сингапурдаги идорасининг махсус сайти - http://www.ustream.tv/afcu16 сайтида кузатиб бордик. Плей-офф босқичи ўйинлари эса “Спорт” канали орқали трансляция қилинди. Терма жамоамиз иштирокидаги 6 та ўйинни кўриб, ўсмирларимизнинг майдондаги харакатларини умумий қуйидагича таҳлил қиламиз:
- Жамоавий ўйин: Дилшод Нуралиев 6 та ўйинда 20 та футболчини майдонга туширди ва унинг шогирдлари рақиблар дарвозасига 6 та ўйинда 9 та гол киритишди. 9 голни 8 та футболчи киритди. Таркибда яққол ажралиб турадиган ва бутун ўйин унга боғлиқ бўладиган футболчи йўқ эди. Шунингдек, футболчилар индивидул харакатларни ўйинда камроқ қўлладилар ва ўйин жараёнини бузиб қўймасликка харакат қилдилар. Айнан ана шу етакчисиз жамоа эканлиги ва футболчилар индивидуал ҳаракатлардан воз кечиб, жамоавий ўйнаши ушбу термамизнинг ютуғи бўлди. Чунки, бирор етакчига боғлиқ бўлиб қолиш ўша жамоага яхши оқибат олиб келмайди. Рақиблардан бирининг бўлмаса бирининг таркибида ўша етакчи футболчини ёпа оладигани чиқса, ҳаммаси қийинлашиб кетади. Ўйини чиқмаётган етакчи асабийлаша бошлайди, жамоанинг ўйини бузилиб кетади. Эсингизда бўлса, 2010 йилги Тошкентда бўлиб ўтган мусобақада ўсмирларимизнинг ўйини Аббос Махсталиев ва Темур Ҳакимовларга боғлиқ эди. Евстафеев шогирдлари чорак финалда Сурия билан тўқнаш келганда, жамоа жудаям қийналган эди. Чунки Сурия мураббийлари ўз шогирдларига жамоамиз етакчилари Махсталиев ва Ҳакимовларни алоҳида қўриқлашни буюрган эди. Евстафеев шогирдлари ўйин борасида рақибни енгишга жуда қийналган ва фақатгина алоҳида вазиятлардаги фаоллик эвазига гол уришиб, рақибни мағлуб этган эдилар. Финалда уларга бундан ҳам қийин бўлган. Шимолий Корея термаси энди ўсмирлар терма жамоамиз етакчиларини нафақат ўйин борасида “зарарсизлантирган”, балки уларни ҳар хил кичик фоллар ва қитмирликлар орқали руҳий мувозанатдан чиқарган эдилар. Натижада, ўйинга бўлган руҳий мувозанатни йўқотиб, асабий харакат қилган жамоа етакчиларининг ўйини қовушмаган эди. Дилшод Нуралиев шогирдларининг жамоавий ўйини эса айниқса плей-офф босқичида рақиблар учун чақилмас ёнғоқ бўлди. Ўсмирларимизнинг гуруҳ босқичидаги ва плей-офф босқичидаги тактик ўйинлари орасида катта фарқ бор. Улар гуруҳ босқичида майдоннинг рақибга тегишли ярмида ўйинларини ташкил қилиб, ўйин олиб боришди. Лекин гуруҳ босқичидаги муваффақиятсиз ўйин ва натижалардан кейин жамоа ўйинида бир қанча ўзгаришлар юз берди. Эрондан Тошкентга қайтиб келганидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Дилшод Нуралиев гуруҳ босқичидан кейин жамоа ўйини ва тактикасида бир қанча ўзгаришлар қилганлигини таъкидлаб ўтган эди. Плей-офф босқичида жамоамиз энди жамоавий ўйинларини ҳужумкор эмас, балки ҳимоявий ва майдоннинг ўзларига тегишли ярмида қаттиқ прессинг қилиш, тўп олиб қўйилгач, тезкор қарши ҳужумга кўпчилик бўлиб ўтишга асосланган тарзда олиб бордилар. Ўсмирларимиз тактикасида ўзгаришлар бўлишига бир қанча сабаблар ҳам таъсир қилди. Биринчидан, жамоа гуруҳ босқичида қониқарсиз натижалар қайд қилишди ва танқидлар остида қолиб кетишди. Иккинчидан, жамоа ўйиндан олдин рақибнинг аввалги босқичда қайд қилган натижаси ва мавқеи олдида доим иккинчи планга тушиб қолди. Масалан, Жанубий Корея биз билан ўйиндан аввал “ўлим гуруҳи”да ҳамма рақибларини мағлуб этиб, гуруҳни 100% лик натижа билан якунлаган эди ва ўйинда фаворит сифатида кўрилаётган эди. Эрон биздан аввал Австралияни йирик хисобда (5:1) мағлуб этган ва бизга қарши ўйиндан аввалоқ финални “Озодий”да ўтказиш ҳаракатларини бошлаб юборган эди. Япониянинг эса финалдан авввалги ўйинларига ҳамма ҳавас қилаётган ва улар жамоавий, комбинацион ўйини билан Ўзбекистонни осонлик билан ютиши гапирилаётган эди. Плей-офф босқичидаги уччала рақибларнинг ўзлари ҳам бизни осонлик билан ютиш хаёлида эдилар. Бу ўсмирларимизга ёрдам берди.
- Жисмоний ҳолат ва тайёргарлик: Мураббийлар футболчиларни танлашда уларнинг жисмоний кўрсатгичлари (бўйи ва оғирлиги)га ҳам эътибор берганлигини кузатдик. Ўсмирларимизнинг деярли барчаси баланд бўйли ва етарли оғирликка эга эканлиги гувоҳи бўлдик. Бу эса жамоа муваффақиятига катта ёрдам берди. Масалан, Жанубий Корея ва Японияга ўсмирларимиз техник ва жамоавий ўйнашда ютқаза бошлайдилар, лекин жисмоний кўрсатгичлардаги устунлик сабабли улар рақибларига стандартлардан фойдаланишга имкон бермадилар; ҳаводан келадиган тўпларнинг барчасида устунликка эришдилар; Японияга қарши ўйинда гарчи майдоннинг рақибга тегишли ярмида иш бермаган бўлса-да, ўз жарима майдонлари атрофида прессинг орқали японларнинг ҳужумга ўтишига имкон бермадилар; Жанубий Кореяга қарши ўйинда эса футболчиларимиз бутун майдон бўйлаб прессинг қилдилар. Яна битта жиҳат эътиборга моликки, 2010 йилда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ўсмирлар терма жамоамиз аъзолари тез-тез кичик жароҳат олиб, майдонга ётиб олишарди. Буни мутахассислар Алексей Евстафеев шогирдларининг жисмоний тайёргарлиги яхши эмаслиги билан изоҳлаган эдилар. Эронда биз ўсмирларимизнинг майдонга ётиб олишини, оёқ пайлари тортишиб қолганлигини деярли кўрмадик.
- Хотиржамлик ва совуққонлик: Ўсмирларимиз гарчи уларнинг ёшларида бу қийин бўлса-да хиссиётга берилмасдан, совуққонлик билан ўйнашди. Жумладан, Сурияга қарши ўйиннинг охирги дақиқаларигача гуруҳда қолиб кетиш хавфи бўлишига қарамай хотиржамликни сақлаб қолишди. Ўйин тугагач эса, улар бир фурсат биргаликда гуруҳда қолиб кетганликлари учун йиғлашди. Лекин, тақдир инъоми, яъни Хитойнинг Ҳиндистон билан дуранг ўйнаб қўйиши туфайли гуруҳдан чиқишгани маълум бўлгач, улар ҳали бола эканликларини кўрсатиб қўйишди – бир–бирларини қувлаб кетишди. Шунингдек, финалда ҳам улар руҳий жиҳатдан барқарор эканликларини намойиш қилишди. Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан япониялик ўсмирлар умуман тўп беришмади. Ҳар қандай прессинг билан ҳам улардан тўпни олиб қўйишнинг иложи бўлмади. Бунинг устига японлар дарвозамизга тўп киритишди. Фақатгина 30–минутларга борибгина ўсмирларимиз ҳам тўпга эгалик қила бошлади. Лекин, японлар тезда тўпга эга чиқаверишди. Футболчиларимиз деярли бутун биринчи тайм мобайнида тўпсиз ҳаракат қилдилар. Ҳозирги кунда Осиё футболида араб футболчилари тўпсиз қолишса, руҳан тушкунликка тушиб, ўйинни топшириб қўйишади. Шарқий осиёликлар эса бунга кичик фоллар ва баъзида катта қоидабузарликлар билан жавоб қайтарадилар. Япония билан биринчи таймда ўсмирларимиз на руҳан синишди, на қўполликлар қилишди. Умуман мусобақа давомида ҳакамлар ўсмирларимизга 11 марта сариқ карточка кўрсатдилар – ҳар бир ўйинга 2тадан сариқ карточка деганидир. Қизил карточка кўрсатилмади. Буни ўсмирларимизнинг руҳий холати ва хотиржамлигига берилган баҳо дейишимиз ҳам мумкин.
Таркиб ва футболчиларнинг шахсий кўрсаткичлари
- Эронга терма жамоа 23 та футболчи билан жўнаб кетган эди. Шулардан: дарвозабонлар – 3 та, ҳимоячилар – 8 та, ярим ҳимоячилар – 9 та, ҳужумчилар – 3 та.
- Улар қуйидаги жамоалардан чақирилган эди: “Бунёдкор” – 4 нафар, “Пахтакор” – 3, “Пахтакор–РОЗК” – 9, БЎСМ–16 – 1, “Бухоро” – 1, “Машъал” – 3, “Янгиер” – 1, “Локомотив” – 1.
- Мусобақа давомидаги 6 та ўйинда Дилшод Нуралиев жами 20 та футболчи хизматидан фойдаланди. Фақат, Аббос Ўлмасбеков, Шоҳжаҳон Қиличев, Жавоҳир Сиддиқов бирорта ҳам ўйинда майдонга туширилмади.
- 7 футболчи барча ўйинларда майдонга тушдилар: Ислом Исмоилов, Иброҳим Абдуллаев, Акром Комилов, Достон Ҳамдамов, Жамшид Болтабоев, Отабек Шукуров, Улуғбек Давлатов.
- 4 футболчи барча ўйинларда асосий таркибда ва алмаштиришларсиз ўйнадилар: Иброҳим Абдуллаев, Акром Комилов, Жамшид Болтабоев, Отабек Шукуров.
- Дилшод Нуралиев 6 та ўйинда захирадан 17 футболчини туширган.
- Захирадан ўйинга энг кўп қўшилган футболчи – Шоҳжаҳон Аббосов (5 марта).
- Захирага энг кўп чиқарилган футболчилар – Иззатулла Абдуллаев (4 марта), Улуғбек Давлатов (4 марта).
- Ўсмирларимизнинг мусобақадаги тўплари нисбати – 9:8. Рақиблар дарвозасидан жой олган тўпларга 8 та футболчи муаллифлик қилишди. Фақат, Акобир Тўраев 2 та тўп киритган.
- Мусобақа давомида ҳакамлар терма жамоамизга 11 марта сариқ карточка кўрсатган. “Интизомли футболчиларимиз” жами 8 та. Фақат, Равшанбек Ҳурсанов, Иброҳим Абдуллаев ва Акобир Тўраевлар 2 мартадан сариқ карточка олишган. Вакилларимиз бирор марта майдондан четлатилмадилар.
- Терма жамоа ичидаги тўпурар футболчи Акобир Тўраев бўлди. У гуруҳ босқичида деярли майдонга тушмади. Голларини эса чорак финалда Жанубий Корея ва финалда Япония терма жамоалари дарвозаларига киритди.
Футболчиларимизнинг Осиё чемпионатидаги умумий кўрсаткичлари
№ |
Футболчи
|
Ўйин
|
Дақиқа
|
Гол
|
Сариқ/Қизил
|
1.
|
Отабек Шукуров
|
6
|
540
|
1
|
0/0
|
2.
|
Жамшид Болтабоев
|
6
|
540
|
1
|
1/0
|
3.
|
Иброҳим Абдуллаев
|
6
|
540
|
1
|
2/0
|
4.
|
Акром Комилов
|
6
|
540
|
0
|
1/0
|
5.
|
Ислом Исмоилов
|
6
|
537
|
0
|
0/0
|
6.
|
Достонбек Ҳамдамов
|
6
|
490
|
1
|
0/0
|
7.
|
Равшанбек Ҳурсанов
|
5
|
450
|
0
|
2/0
|
8.
|
Муҳиддин Одилов
|
5
|
391
|
1
|
1/0
|
9.
|
Улуғбек Давлатов
|
6
|
369
|
0
|
0/0
|
10.
|
Сарвар Каримов
|
4
|
360
|
-5
|
0/0
|
11.
|
Иззатулла Абдуллаев
|
4
|
303
|
1
|
0/0
|
12.
|
Акобир Тўраев
|
4
|
233
|
2
|
2/0
|
13.
|
Шохжаҳон Эшбўтаев
|
2
|
180
|
-3
|
0/0
|
14.
|
Исломбек Каримов
|
4
|
161
|
0
|
1/0
|
15.
|
Алишер Мирзаев
|
4
|
95
|
0
|
0/0
|
16.
|
Шоҳжаҳон Аббосов
|
4
|
88
|
0
|
1/0
|
17.
|
Илҳом Абдуғаниев
|
2
|
71
|
1
|
0/0
|
18.
|
Адҳам Аҳмаджонов
|
1
|
45
|
0
|
0/0
|
19.
|
Ойбек Эркинов
|
2
|
10
|
0
|
0/0
|
20.
|
Ҳумоюн Аъзамов
|
1
|
1
|
0
|
0/0
|
21.
|
Жавоҳир Сиддиқов
|
0
|
0
|
0
|
0/0
|
22.
|
Шоҳжаҳон Қиличев
|
0
|
0
|
0
|
0/0
|
23.
|
Аббос Ўлмасбеков
|
0
|
0
|
0
|
0/0
|
Эронда қитъа чемпионлигини қўлга киритган Дилшод Нуралиев ва унинг шогирдларини эришилган ғалаба билан табриклаймиз. Энди навбат Ахмаджон Мусаев шогирдларига ва улардан ҳам ғалабали юришларни кутиб қоламиз. Умид қиламизки, улар дастлаб жахон чемпионати йўлланмасини, кейин эса Осиё чемионлигини қўлга киритадилар. Омад ёр бўлсин!
Ғайратжон Абдужаббаров
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).