Санжар Турсунов терма жамоа таркибидаги ўйини билан тезда мухлислар меҳрига сазовор бўлди. Аввалига Россия чемпионатидаги иштироки билан танилган бу футболчи миллий терма жамоа ўйинларида ҳам ўз иқтидорини намойиш қила олди. Айниқса, унинг Жанубий Корея ва Қатар терма жамоалари дарвозаларига киритган тўплари жуда катта аҳамият касб этди. Бу тўплар терма жамоамиз ҳисобига муҳим очколарни олиб келгани билан ҳам қадрлидир. Санжар шунга монанд Эрон термасига қарши кечган ўйиннинг ҳам фаол иштирокчиларидан бири бўлди. У билан суҳбатимизни энг аввало табрик билан бошладик.
— Cанжар, Эрон термаси устидан эришилган ғалаба учун сизга ва бутун терма жамоага мухлислар номидан миннатдорчилик билдирамиз. Ўйиннинг қандай кечгани ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Табрик учун раҳмат. Эрон термасига қарши жуда қийин ўйин бўлишини аввалдан билган эдик. Бунинг устига хабарингиз бор, терма жамоамизда муаммолар ҳам йўқ эмасди. Бир қанча футболчиларимиз Эрон термасига қарши кечган ўйинда бизга ёрдам бера олишмади. Одил Аҳмедов билан Тимур Кападзелар ўйинга оз вақт қолганида жароҳатланишди. Аммо биз иложи борича уларнинг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилдик. Мухлисларнинг ишончини оқлай олганимиздан бағоят шодмиз.
— Эронликлар терма жамоамизни қандай кутиб олишди? Ўйин олдидан ҳеч қандай ноқулайлик ёки муаммолар бўлмадими?
— Ноқулайликлар ҳақида ҳар қанча гапирса ҳам оз. Ростини айтсам, эронликлар бизга қарши қўлларидан келган ҳамма ишни қилдилар, назаримда. Эронда бўлганимизда, албатта муаммоларга дуч келдик. Энг аввало, биз турган меҳмонхона билан “Озодий” стадиони орасидаги масофа анча узоқлигини айтиб ўтиш керак. Бунинг устига машиналарнинг кўплигидан стадионга бора-боргунча йўл тирбанд бўлди. Оралиқ масофага бир ярим соат вақт сарф этдик. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Йўл ва бошқа ноқулайликларга чидаса бўлади, аммо машғулот ўтиш учун тайинли майдон ажратилмагани дилимизни ғаш қилди. Аввалига бизга битта майдонни беришди, кейин яна олиб қўйишди. Ўрнига четроқдаги бошқа майдонни кўрсатишди. У ерда ёритиш тизими яхши ишламаслигидан, тўпни кўриб ҳам бўлмайди. Машғулотларни деярли ўтаб ҳам бўлмади. Кейин яна меҳмонхонага бир ярим соат йўл босиб кетдик. Ўзи йўл юриб бориб, яхшигина чарчаган эдик. Қолганига бу муаммолар ҳам қўшилди. Умуман олганда “мезбонлар” бизни издан чиқариш учун қўлларидан келган ҳамма ишни қилишди.
— Бу нарса ўйинга ҳам таъсир кўрсатди шекилли. Учрашув бошидан то охирига қадар асабий тарзда кечди.
— Ўйин куни ҳам яна бир ярим соат йўл босиб стадионга келдик. Албатта бу нарсалар атайлаб уюштирилгандан кейин асабга тегмай қолмайди. Бунинг устига эронликлар бутун ўйин давомида жанжал чиқаришга ҳаракат қилишди. Уларнинг атайлаб қўполлик қилишаётгани кўриниб турганди.
— Эрон терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши кечган учрашувда ҳам худди шундай йўл тутганди. Яъни улар атайлаб кореялик футболчиларнинг асабига тегишганди. Мураббийлар томонидан ўйиндан аввал шунга қарши махсус кўрсатмалар берилдими?
— Албатта. Эрон терма жамоасида кучли футболчилар кўп эди. Шу билан бирга уларда жамоавий ўйин ҳам яхши ташкил этилган. Бундай жамоа бошидан ўйинни ўз қўлига олса, кейин тўхтатиб қолиш анча мушкул бўлади. Буни Жанубий Корея билан бўлган ўйинда ҳам кўрсатишган. Шунинг учун мураббийларимиз ҳар битта футболчига қарши қандай ўйнашимиз кераклиги борасида аниқ кўрсатмалар беришди. Шунга яраша ўйнадик ва ғалабага эришдик.
— Негадир дастлабки ўн беш дақиқа давомида термамизнинг ўйини унчалик қовушмади. Бунга ўйин олдидан ўртоқлик учрашуви ташкил қилинмагани сабаб бўлмадимикан?
— Йўқ, бундай деб ўйламайман. Биз бир неча йиллардан буён бирга ўйнаб келамиз ва бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Шундай экан, ўйинга киришиб кетишимиз у қадар муаммо эмас. Ўртоқлик учрашувига келсак, қисқа вақт давомида бирор терма жамоа билан ўйин ташкил қилиб, унда асосий таркибни майдонга туширишнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун назорат ўйини бўлмаганини муаммо деб ҳисобламайман. Биринчи бўлимнинг бошида ўйинимиз қовушмаганига келсак, бунга кўпроқ учрашув олдидан юзага келган ноқулайликлар сабаб бўлди деб ўйлайман. Бир кун аввалги муаммолар, ўйин куни узоқ йўл юриб келганимиз – мана шулар сабабли бошида ўйинимиз бироз қовушмади. Майдонга мослашиб олиш учун ҳам вақт керак, албатта.
- Бир қатор тажрибали футболчиларимиз майдонга туша олмаганлари сабабли, уларнинг ўрнида Фозил Мусаев, Артем Филипосян ва Шоҳруҳ Гадоевлар тўп суришди. Бу футболчиларнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Ҳаммалари яхши ўйин кўрсатишди. Уларнинг янги футболчи эканликлари ҳам билинмади, улар билан ортиқча муаммосиз тўп сурдик.
— Ўша ўйинда қайси жамоадошингизнинг ўйинини алоҳида эътироф эта оласиз?
— Бу ўринда мен ҳеч кимни алоҳида кўрсатмоқчи эмасман. Биз жамоавий ўйин билан кучлимиз. Охиригача шундай ўйнасак, албатта жаҳон чемпионатига борамиз.
— Жанубий Кореяга қарши кечган учрашув билан Эрон термаси ўртасида қандай фарқ бор?
— Рақибнинг ўйинига қараб фарқ қилади. Жанубий Корея тартибли, маданият билан ўйнайди. Эронликлар эса, ўзингиз ҳам кўрдингиз, қўпол ўйнашга ҳаракат қилишди. Шунга қараб ўйиннинг бориши ҳам бошқача бўлди. Назаримда, эронликлар жанжал чиқариб, биздан кимнидир майдондан четлаштирмоқчи бўлишди. Аммо биз иложи борича уларнинг "ҳийла"сига учмасликка ҳаракат қилдик.
— Бир вазиятда оёғингизни ушлаб йиқилганингизни кўрдик. Ўшанда нима бўлган эди?
— Ҳимоячи оёғимни босиб ўтиб кетганди. Эронликлар бир менга эмас, бошқа футболчиларга ҳам шундай қўполлик қилишди. Атайлаб оёқ босиб ўтиб, ёки бошқача бежо ҳаракатлар билан бизни тўхтатишга ҳаракат қилишди. Аммо биз ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик.
— Ўйин олдидан ноқулайликлар бўлгани ҳақида гапирдингиз. Ўйин вақтида ҳам бир қатор тўқнашувлар бўлди. Учрашув якунига етгач, эронликлар томонидан ортиқча муаммо яратилмадими?
— Йўқ, ҳаммаси яхши ўтди. Ғалабага эришганимиздан кейин стадионда туриб мухлисларимизга миннатдорчилик билдирдик, бир-биримизни табрикладик, бироз хурсандчилик қилдик. Стадиондан чиқиб кетаётганимизда одам анча камайиб қолганди. У ёғига ҳаммаси жойида бўлди. Бемалол, ортиқча қийинчиликсиз меҳмонхонага етиб олдик.
— Ҳозир кўнглингизда “ўч олдик” деган ўй борми? “Жар”да кечган ўйинда эронликлар худди шундай ҳисобда ғалаба қозонишган эди.
— Очиғини айтсам, ўч олдик деб ўйлайман. Тўғри, футболда ўч олиш учун ўйнамаслик керак. Ҳар доим аввалги натижаларни унутиб, ғалаба учун ўйнаш керак. Аммо Тошкентда бўлган ўйинда биз мағлубиятга лойиқ эмасдик. Сўнгги дақиқаларда тўп ўтказиб юборганимиз роса алам қилганди. Шунинг учун Теҳронда бўлган ўйиндан олдин кўнглимизда бироз бўлса ҳам алам бор эди. Бунинг устига шу вақтгача Эрон термаси устидан бирор марта ҳам ғалаба қозонмаганмиз. Яна бир марта мағлуб эта олмасак, мухлислар олдида уялиб қолардик. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳам Эронни ютиш шартлигини билар эдик, шунинг учун ҳамма аламни бир қилиб, майдонга тушдик. Худога шукр, юртимизга ёруғ юз билан қайтиб келдик.
— Жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси неча фоизга уддаланди деб ўйлайсиз? Ҳар ҳолда гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб турибсиз. Терма жамоамиз ҳали ўз тарихида бундай натижага эришмаган эди.
— Ҳали жаҳон чемпионати ҳақида ўйлашга эрта бўлса керак. Олдинда бизни жуда қийин ўйинлар кутиб турибди. Яна учта ўйинда иштирок этишимиз керак. Уларнинг ҳар бири жуда оғир кечиши аниқ. Рақибларимиз ҳам жаҳон чемпионатига боришни исташади.
- Гуруҳда қолган икки учрашув Тошкентда Ливан ва Қатарга қарши ўтказилади. Жанубий Кореяга қарши кечадиган ўйин эса сафарда бўлади. Сизнингча, бу ўйинларнинг қай бири оғир бўлади-ю, қайсиниси осонроқ кечиши мумкин?
— Осон ўйиннинг ўзи бўлмайди. Ҳозир футбол жуда тез ривожланяпти ва барча жамоаларнинг ўз услуби бор. Айниқса, бу босқичда осон ўйин кутиб бўлмайди. Ливан ҳам, Қатар ҳам Жанубий Корея каби қаршилик қилиши мумкин. Шунинг учун ҳар битта ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрамиз.
— Терма жамоа ҳозирда жаҳон чемпионати саралаш мусобақасида иштирок этяпти. Февраль ойидан бошлаб 2015 йилги Осиё чемпионатига ҳам саралаш ўйинлари бошланади. Иккита мусобақада бирдан иштирок этиш қийин бўлмайдими?
— Йўқ. Осиё чемпионатининг саралаш ўйинларида қатнашсак, ўртоқлик ўйинларининг ҳам кераги бўлмайди. Ўша ўйинларда жамоавий ўйинни кучайтириб олишимиз мумкин. Рақибларни ҳурмат қилган ҳолда шуни айтиш керакки, Осиё чемпионати учун курашадиган жамоа билан жаҳон чемпионати саралашида иштирок этаётган жамоаларнинг ўртасида фарқ бор. Осиё чемпионати саралаш учрашувлариида БАА, Гонконг ва Вьетнам терма жамоаларига қарши ўйнаймиз. Бу жамоалар билан Эрон, Жанубий Корея, Қатар ва Ливан ўртасида катта фарқ бор. Бунинг устига гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган жамоа ҳам Осиё чемпионатига чиқиши мумкин. Бу билан Осиё чемпионати учун ўтказиладиган саралаш ўйинларига кам эътибор қаратамиз демоқчи эмасман. Балки барча учрашувларда муносиб ўйин кўрсатишга кучимиз етади демоқчиман.
— Осиё чемпионати саралаши учун келаси йилнинг 22 мартида БААга қарши ўйнар экансиз. Орадан тўрт кун ўтиб эса, яна Ливанга қарши майдонга тушишингиз лозим. Оғирлик қилмасмикан?
— Фақат биз эмас, бошқа терма жамоалар ҳам шундай шароитда ўйнайдилар. Тўғри, тақвим ким учундир осон, яна ким учундир қийинроқ. Аммо биз ўз олдимизга жиддий мақсадларни қўйганмиз ва барча ўйинларда ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз.
Зафар Қосимов суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).