Туркманистон футбол федерацияси 16-ноябрь куни ЖЧ-2026 саралашининг 1-туридан ўрин олган Ўзбекистонга қарши ўйинни Ашхобод шаҳридаги сунъий қопламали майдонга эга "Ашхобод" стадионида ўтказади.
Туркманистон терма жамоаси, одатда, уй ўйинларини Ашхобод шаҳридаги табиий чимли "Сапармурат Туркманбоши" номидаги олимпия стадионида ёки "Копетдоғ" стадионида ўтказиб келган. Лекин рақибларимиз терма жамоамиз учун максимал ноқулайлик яратиш мақсадида шароитлар ва сиғим жиҳатдан ҳам пастроқ кўрсаткичларга эга сунъий қопламали майдонни танлашган.
Сунъий қопламали майдонда амортизациянинг йўқлиги туфайли футболчининг бутун вазни мушак-скелет тизимига босим ўтказади ва кўп ҳолларда голеностоп (оёқ билаги) жароҳатланиши содир бўлади.
Ўзбекистон терма жамоасининг бир нечта футболчиларида сунъий қопламали майдонда ўйнамаслик бўйича шифокор тавсияси ҳам мавжуд. Терма жамоамиз Мексикага қарши "Мерседес-Бенц" стадионидаги сўнгги авлод сунъий майдонда ўйнаганига қарамасдан, шифокор тавсиясига кўра, терма жамоамизнинг бир қанча етакчилари асосий таркибдан жой олишмаган эди.
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида жойлашган ва халқаро талабларга жавоб берадиган футбол стадионлари:
1. "Сапармурат Туркманбоши" стадиони (45 минг, табиий);
2. "Копетдоғ" стадиони (26,5 минг, табиий);
3. "Ашхобод" стадиони (20 минг, сунъий);
4. "Нусай" стадиони (6 минг, табиий).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).