Маълумки, 14 йил давомида Ўзбекистон Футбол федерациясида турли лавозимларда фаолият юритган Алишер Никимбаев 2011 йилнинг 1 март куни расман ОФКда иш бошлаганди. Ҳамюртимиз аввалига Профессионал футбол лигалари бўлимида фаолият юритди. Жорий йил эса янги тузилган Аъзо ассоциациялар, халқаро ишлар ва ривожлантириш бўлимида меҳнат қилди. Бу бўлимнинг асосий йўналиши клубларни лицензиялаштиришдан иборат. Афсуски, тажрибали мутахассис ҳали шартномаси якунига етмай ОФКни тарк этди ва Тошкентга қайтиб келди. Айни пайтда ушбу ташкилотда биргина ҳамюртимиз Аваз Бердиқулов қолди. Биз Алишер Никимбаев билан ОФКдаги фаолияти ва кетиш сабаблари хусусида суҳбатлашдик.
— Алишер ака, суҳбатимиз аввалида ОФКда иш бошлашингиз тарихи хусусида гапириб берсангиз.
— ЎФФ Терма жамоалар марказидан кетганимдан сўнг ўзимга янги иш жойи изладим. Ўша пайтда ОФКда ишлаётган дўстларим бўш иш ўринлари борлиги ва бу борада ўзимни синаб кўришимни маслаҳат беришди. Бу ҳақда Мираброр Усмоновга ҳам айтдим. Шунда Мираброр Зуфарович розилик бердилар ва ўзлари шахсан Муҳаммад бин Ҳаммам билан менинг масаламда гаплашдилар. Бу суҳбатдан таҳминан ярим йил ўтгач ОФКдаги фаолиятим бошланди. Аслида ўша пайтда бошқа вариантлар ҳам бор эди. Хусусан, Ўзбекистон клубларидан ҳам чорловлар бўлди. Лекин ҳаммасини тарозига қўйганимдан сўнг ОФК вариантида тўхтадим.
— ЎФФда салкам 15 йил ишладингиз. Шу маънода Ўзбекистонни тарк этиш осон кечмагандир?
— Албатта. Лекин ўз олдимга ОФКда ишлаб, халқаро тажрибамни ошириш мақсадини қўйгандим. Бундай имконият яна бўладими-йўқми, деб жуда кўп ўйладим. Ўша пайтда қабул қилган қароримдан ҳозир афсусланмайман.
— Ҳар ҳолда янги иш жойи, янги муҳит... мослашиб кетиш қийин кечмадими?
— Энг катта фарқи янги иш услуби эди. ОФКдаги иш жараёни бизникидан кескин фарқ қилади. Мен яхши ёки ёмон, тўғри ё нотўғри демоқчи эмасман. Шунчаки профессионал ёндашув жиҳатидан ОФКда иш жараёни тўғри йўлга қўйилган. Масалан, ЎФФда ишлаётган пайтимда хатто ярим кечагача ишда қолиб кетардик. ОФКда бундай нарса умуман йўқ. Соат 17.30да иш ҳамма учун бирдек якунланади. Шанба ва якшанба кунлари ЎФФга бемалол келиб, чала қолиб кетган ишларимизни битириб кетардик. ОФКга шанба ва якшанба кунлари кириш учун алоҳида рухсатнома олиниши керак. У ерда шанба ва якшанба дам олиш куни сифатида белгиланган. Айнан мен санаб ўтган нарсаларга мослашиш, кўникиш қийин кечди.
— Янги иш жойингизда сизни қўллаб-қувватлаганлар бўлдими?
— ОФКда фаолият юритаётганларнинг 60-70 фоизи билан ЎФФда ишлаётган пайтимдаёқ таниш, кўпчилиги билан яқин дўст эдик. Бу борада менда ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Энг яқин дўстим қирғизистонлик Павел Лузанов эди. Паша билан камида 15 йиллик қадрдонмиз. Эътиборлиси, Куала-Лумпурда ҳам қўшни эдик. Ўзаро оилавий борди-келдимиз ҳам бор. Айнин унинг ёрдами кўпроқ бўлди.
— ОФКда жуда ҳам кўп бўлимлар бор. Лекин сиз айнан Профессионал футбол лигалари бўлимини танладингиз. Бу танловингизда асосий омил бўлиб нима хизмат қилди?
— Аввалбошдан танлашим учун иккита вариант бор эди. Бири мусобақаларни ташкил қилиш, иккинчиси эса профессионал футбол лигалари бўлими. Муҳаммад бин Ҳаммам даврида профессионал футбол лигалари бўлимига эътибор жуда катта бўлган. Шу бўлимда ишлашимни айнан Ҳаммам истаган.
— ОФКдан кетишингизга Ҳаммам билан яхши муносабатда эканлигингиз сабаб бўлдими?
— Худди шундай. Ҳаммам кетганидан сўнг унинг тавсиясига кўра ОФКга ишга қабул қилинганларга муносабат кескин равишда ўзгарди. Турли тазйиқлар ўтказа бошлашди. “Қора” рўйхатга биринчи тушган мен эмас эдим. Мендан аввал Мусобақаларни ўтказиш бўлими бошлиғи Токуаки Сузуки, Маркетинг бўлими бошлиғи Сатоши Сайто ҳам ОФКдан ҳайдалишганди. Япониялик бу икки мутахассис ўз ишининг ҳақиқий профессионаллари эди. Иккиси ҳам иш юзасидан Тошкентда бир неча бор бўлишганди. Шунингдек, айрим давлатларга, хусусан бу мамлакатларнинг ОФКда ишлаётган вакилларига ҳам муносабат совуқлашганди.
— Буларнинг бошида бевосита Жанг Цзилонг турибдими?
— Йўқ. Цзилонг ОФК Президенти лавозимини вақтинчалик бажариб турибди. У доимий раҳбар эмас. Шу сабабдан ҳам кўп нарсаларга кучи етмаяпти. Тўғрироқ айтганда, ўз сўзини ўтказа олмаяпти. Бу ишларнинг тепасида ОФК Бош котиби турибди.
— Бундан чиқди Жанг Цзилонг қўғирчоқ раҳбар эканда?
— Энди қўғирчоқ деб бўлмайдику, лекин шунга яқинроқ. У тўлақонли раҳбар бўлмагани учун жиддий ва муаммоли масалаларга аралашмаяпти. Энг катта камчилик уни Конгресс сайламаган. Муҳаммад бин Ҳаммам дисквалификация қилинганидан сўнг ОФК вице-президентлари орасида ёши энг каттаси бўлгани учунгина шунчаки вақтинчалик бошқарувчи сифатида тайинлашган. Шу боисда ҳам кўпчилик уни раҳбар сифатида тан олмайди. Аммо ишончим комилки, агар Жанг ОФКнинг расман президенти этиб сайланса, у жуда кўп нарсани ўзгартиришга қодир ва буни амалга оширишига шубҳам йўқ. Айни пайтда эса унинг ваколатлари чекланган.
— Демак, ОФК муаммолар гирдобида қолибдида. Бу ички муаммолар ташкилотнинг обрўсига путур етказмайдими?
— Етказиши мумкин. Лекин 95 фоиз ҳодимлар ўз ишларига профессионал тарзда ёндашишяпти. Айтмоқчи бўлганим, ички муҳит иш жараёнига салбий жиҳатдан таъсир ўтказмаяпти. Мен ОФКдан кетишимни 2 октябрь куниёқ билгандим. Аммо шартномам 31 декабрь кунигача бўлгани учун барча совуқ муносабат ва тазйиқларга чидаб келдим. Қўшимча дам олиш кунларим бор эди. Шундан фойдаланиб, Тошкентга муддатидан аввал қайтишга қарор қилдим. Шунда ҳам Цзилонг билан суҳбатлашиб, унинг розилигини олганимдан сўнг Ўзбекистонга қайтдим.
— Ҳар қандай ташкилотда ҳам меҳнат шартномаларига биноан иш юритилади. Сиз меҳнат шартномасида кўрсатилган мажбуриятларни бажариб келаётгандингиз. Айтмоқчи бўлганим, қонун жиҳатидан сизни шунчаки кўчага чиқариб қўйишолмасди. Қандай айблов қўйишди?
— Ҳеч қандай айблов қўйишмади. Юқорида айтдим, менга бўлган совуқ муносабат ва ўтказилаётган тазйиқ шу даражага етдики, ўз хоҳишимга кўра ариза ёзиб кетишга мажбур бўлдим. Менку майли, Ўзбекистонга ҳам ўз салбий таъсирларини ўтказишди. Буни ОЧЛдаги ўрнимиз 3+1дан 2+1га камайтирилгани ҳам исботлаб турибди. Клубларимизда аввалги йил билан таққослаганда ўсиш бор эди. Лекин битта жойимизни олиб қўйишди. Янги ишга қабул қилинганлар ўз манфаатларини устун қўя бошлашди. Биргина аниқ мисол келтираман. Иорданияга ОЧЛдан битта жой ажратишга роса ҳаракат қилишди. Бу ниятларига етишларига ҳам бир баҳя қолди. Яхшиям, Қўмита аъзолари ўз сўзларида қатъий туриб олишди ва бундай бўлишига йўл қўйишмади. Бўлмаса, бизга 2+1 ҳам йўқ эди. Сузукидек обрўли мутахассисни сиғдиришмади-ку, мени қўяверинг. Ғишт қолипдан кўчганлигини июнь-июль ойларидаёқ билгандим. Шунчаки, тишимни-тишимга қўйиб ишлаб келаётгандим. Ўша ёз ойларидаёқ Қатар ва БАА футбол федерацияларидан ҳар томонлама қулай таклиф бўлганди. Лекин ОФК билан аввалбошдан тўрт йиллик шартномам бўлгани учун уларга рад жавобини бердим.
— Жанг Цзилонг қачонгача вақтинчалик раҳбар вазифасини бажаради? Сайловлар қонун бўйича қачон ўтказилиши керак? Президентликка номзодлар борми?
— Расмий номзодлар йўқ. Чунки ҳали сайлов куни эълон қилинмаган. ОФКнинг оҳирги Ижроқўм йиғилишида 2013 йилнинг 26 апрель куни Конгресс чақирилади, деб қарор қабул қилинган. Бу Конгрессда Президент сайловлари бўлиб ўтади, дейилган. Аммо бу масала Юридик қўмитага боғлиқ. Қонун юзасидан Бин Ҳаммам ҳалигача ОФК Президенти бўлиб турибди. Унинг дисквалификацияси доимий эмас, вақтинчалик ҳисобланади. Лекин 99 фоизга аниқки, у бу лавозимни сақлаб қололмайди. Бунга ҳеч қандай шубҳам йўқ. ФИФА аллақачон Ҳаммам масаласи юзасидан ўз қарорини чиқариб бўлган. Тўғри, ҳали айлов расман эълон қилинмади (ФИФА Бин Ҳаммамни яна бир марта умрбод дисквалификация қилди. Суҳбат 16 декабрда уюштирилган). Қонун юзасидан Ҳаммам ўзига нисбатан қарор эълон қилинганидан сўнг Халқаро спорт Арбитраж судига айблов юзасидан аппеляция бериб, мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Ўтган йили Ҳаммам бу судда ютиб чиққанди ҳам. Яна бир эътиборга молик жиҳат борки, ОФК Низомида вақтинчалик президент лавозими бир йилдан кўп муддат бўлмаслиги керак. Цзилонг бу лавозимни эгаллаганига бир йилдан ошди. Демак, бу ерда ҳам қонун бузилган. Энди юридик қўмита бу масалада 15 январгача ўз қарорини айтиши керак. Агар бу қўмита президентликка сайловлар бўлиб ўтиши керак, деб хулоса чиқарса, у ҳолда келаси йилнинг 26 апрель куни ОФК раҳбарлигига расмий сайлов ўтказилади. Ўша кунгача Цзилонг ҳозирги лавозимида ишлашда давом этади. 26 апрель куни яна бошқа сайловлар ҳам бўлиб ўтади. Бин Ҳаммамнинг ФИФА Ижроқўмида жойи бор эди. У 2009 йили бу лавозимга 4 йилга сайланганди. Бу муддат 2013 йили якунига етади. Демак, бу жойга ҳам ОФКдан янги вакил сайланиши керак.
— 26 ноябрь куни ОФК мамлакатлар учун ОЧЛдаги ўринларни тақсимлаб берди. Холис баҳо берилса, ушбу тақсимот адолатли бўлдими?
— Йўқ. Менимча, адолатли бўлмади. Биринчи галда тафтиш жараёнида адолатсизликка йўл қўйилди. Балларни ҳисоблаш жараёнидаёқ ноҳақликлар кузатилди.
— Айнан қайси давлатларга нисбатан ноҳақлик бўлди?
— Биринчи навбатда Ўзбекистонга. Биргина мисол билан фикримни изоҳлайман. 2010-2011 йилларда Муборакдаги стадионга “А” тоифаси берилганди. Бу йилги тафтишдан сўнг баҳо кескин тарзда пасайтирилди. Мени бунинг сабабини сўраганимда, ҳеч қандай жавоб олмадим. Андижондаги стадионга ҳам ўтган йили “А” класси берилганди. Бу йил эса умуман баҳо берилмади. Кейин Ғузордаги стадионнинг баҳоси ҳам пасайтирилди. “Шўртан”га тегишли стадионда биз борган пайтимизда таъмирлаш ишлари кетаётгани учун буни тушуниш мумкиндир, лекин Андижон ва Муборакдаги стадионларнинг тоифаси пасайтирилганига мен ҳали ҳануз тушунганим йўқ. Бундан ташқари, ўтган йилги тафтиш жараёнида “Нефтчи” стадионида бир қатор камчиликлар аниқланганди. Биринчи навбатда ВИП меҳмонлар учун алоҳида кириш йўлаги қурилиши керак эди. Улар ўтган йилнинг ўзидаёқ янги зинапоя қуриб, камчиликнинг биттасини бартараф этишганди. Кейин стадионда индивидуал ўриндиқлар йўқ эди. Шу йилнинг январь-февраль ойларида 7 минг дона янги пластмасса ўриндиқлар ўрнатилди. Шундай бўлса-да, бу йилги текширувдан сўнг бу стадионга ҳам “А” тоифаси берилмади ва бунинг сабаблари ҳам тушунтирилмади. Балки барча критерияларни инобатга олсак, Фарғонадаги “Марказий” стадион ҳақиқатан ҳам “А” классига жавоб бермас. Лекин камчиликлари аниқ кўрсатилиб, айтилиши шарт эди. Бекободдаги стадион ҳақида ҳам шундай фикрдаман. Менинг ҳисоб-китобимга кўра Ўзбекистонда бу йил 10-11та “А” тоифасига мансуб стадион бўлиши керак эди. Мен тафтиш гуруҳи таркибида бошқа кўплаб давлатларда ҳам бўлдим. Улардаги стадионлар билан таққослаганда, Ўзбекистонга адолатсизлик қилингани яққол кўзга ташланиб қолди.
— Келаси йили “Бунёдкор” жамоаси ОЧЛнинг уй ўйинларини янги қуриб фойдаланишга топширилган муҳташам “Бунёдкор” стадионида ўтказади. Леин бу стадион ҳали ОФК тафтиш гуруҳи томонидан қабул қилинмаган...
— Фикрингизни тушундим. Август ойида келганимизда, стадионда ҳали қурилиш ишлари давом этаётганди. Шу боисдан, “Бунёдкор” стадиони текширувдан ўтказилмаганди. Қоидага кўра, клуб ОФКга мурожаат билан чиқиши керак. Шундан сўнг, махсус гуруҳ стадионни тафтиш қилгани Тошкентга келади.
— Эндиги шахсий фаолиятингиздаги режаларингиз қандай?
— Ярим йил олдин бўлгани каби ҳозир ҳам БАА ва Қатар футбол лигаларидан таклифлар бор. Менга кўпроқ Қатар варианти маъқул келяпти. Қолаверса, 2022 йили бу мамлакат жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Сўнгги йиларда Қатарда футбол инфратузилмасига катта маблағ ажратиляпти. Лекин ҳали қачон фаолиятимни бошлашим аниқ эмас. Аммо тез орада бўлиши аниқ.
— Қуръа натижасига кўра, “Пахтакор” ва “Бунёдкор” жамоалари худди бу йил бўлгани каби мос равишда Ғарб ва Шарқ минтақаларида гуруҳ босқич ўйинларини ўтказишади. Жамоаларимизнинг рақиблари ҳақида етарлича маълумотга эгасиз. Шу маънода клубларимизнинг плей-оффга чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— “Бунёдкор” жойлашган гуруҳда бу йилгиси билан таққослаганда деярли ўзгариш бўлмади. Бу сафар ҳам Япония чемпиони “қалдирғочлар” билан бир гуруҳга тушди. Қосимов жамоаси яна “Поханг Стилерс” билан муносабатларига ойдинлик киритиб олади. Фақат “Аделаида Юнайтед” ўрнини Хитойнинг “Бейжинг Гуон” клуби эгаллади. Тўрттала жамоанинг имкониятлари ва савияси деярли бир ҳил. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган “Санфречче Хиросима” “Гамба Осака”дан кучли эмас. Японларнинг ўзи Хиросима мамлакат чемпиони бўлганини кутилмаганликка йўйишяпти ва хатто жамоаларининг гуруҳдан чиқишига ҳам ишонишмаяпти. Шуларни инобатга олиб, шахсан мен “Бунёдкор”нинг гуруҳдан чиқишига шубҳа қилмаяпман. “Пахтакор” масаласида тайинли фикр билдиришга қийналаман. Тўғри, жамоага қуръада омад ҳам кулиб боқди. Лекин ёш таркиб бундай нуфузли мусобақада муваффақиятли қатнашиши бироз мушкул. Гуруҳнинг нисбатан кучсиз жамоаси Эроннинг “Сабои Қум”и бўлиши мумкин. “Пахтакор” аввал ҳам бу жамоа билан бир гуруҳда ўйнаган. “Ал-Иттифоқ” Саудия Арабистони лигасида 3-ўринни эгаллади. “Локомотив”нинг плей-оффдаги рақиби “Ал-Айн” билан таққослаганда ҳам “Иттифоқ” бироз кучсизроқ кўриняпти. Агар жамоага мавсум оралиғида тажрибали легионерлар харид қилинса, “Пахтакор” ҳам гуруҳдан бемалол чиқиши мумкин.
— Бу йилги мавсумда “Бунёдкор” мамлакат чемпиони сифатида Шарқ минтақасида ўйнади. Келаси йили Ўзбекистон чемпиони сифатида “Пахтакор” лигада қатнашади. Лекин “шерлар” яна Ғарб минтақасида ўз ўйинларини ўтказишади. Буни қандай тушуниш мумкин?
— Бу ҳам ОФКга янги ишчиларнинг келгани билан боғлиқ ҳолат. Ўтган йили учта жамоа орасида қуръа ташланиб, Шарқ минтақасида иштирок этувчи клуб номига ойдинлик киритишганди. Бу йил эса қуръани осонлаштириш мақсадида Ўзбекистон чемпиони қайси жамоа бўлишидан қатъий назар Ғарбда ўйнасин, деган қарорга келишди. Агар “Қизилқум” чемпион бўлганида, бу жамоа ҳам Ғарбда ўйнарди. Гап “Пахтакор” ёки “Бунёдкор”да кетмаяпти. ОФКдагиларга бунинг фарқ йўқ. Мен “Пахтакор” илтимос қилганмиш, деган турли бўлмагур гап-сўзларни эшитиб қолдим. Бу умуман бўлмаган гап. ОФКда бундай илтимослар ўтмайди. Бошқа илтимослар ўтиши мумкин, лекин бундай майда илтимослар ўтмайди. Бунга мен кафолат бераман.
— Сўнгги савол. Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2014га бориш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— Ўз майдонимизда ўтказиладиган икки ўйинда юз фоизлик натижага эришишимиз керак. Лекин бу осон бўлмайди. Чунки, ҳозирги шароитда Ливанда ҳам, Қатарда ҳам имконият бор. Лекин бугунги кунда биз ўйин савияси бўйича Эрон, Қатар ва Ливандан сезиларли даражада устунмиз. Аввалги Эрон ҳозир йўқ. Уларда авлодлар алмашинуви даври кетяпти. Ливанни мағлуб эта олсак, Бразилия сари анча яқинлашамиз. Биз ҳеч қачон мундиалга ҳозиргидек яқин келмаганмиз. Энг асосийси футболчилар ва мураббийлар штабини босимдан ҳоли ушлаш керак. Олимпия терма жамоамиз мисолида бунга гувоҳ бўлдик. Шахсан мен Қатарга қарши гуруҳнинг сўнгги учрашувини Тошкентда бўлишини истамагандим. Сафарда футболчиларимиз босимдан ҳоли бўлишади. Саккиз очкодан еттитаси меҳмонда қўлга киритилди. Фурсатдан фойдаланиб, миллий терма жамоамизга ўсмирлар ва ёшларимизнинг йўли ва энг муҳими омадини берсин, деб ният қиламан.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).