2010 йил декабрининг сўнгги кунларида Франция чемпионати 3 ҳафталик танаффусга чиққач, Оливье Женниферни Лондонга олиб кетди.
Шаҳарни фақат «Ноттинг-Хилл» фильми орқали билгани сабабли, илк оқшом ўз маъшуқаси билан шу туманга йўл олди. Ноттинг-Хилл марказида жойлашган ресторандаги кечки танаввулдан сўнг, сайр бошланди.
Совуқдан қалтирай бошлаган Женнифер меҳмонхонага қайтишни сўраган бўлсада, Оливье ўжарлик билан уни парк томон етаклади. Чунки фильм сценарийси муаллифи Ричард Кертис бир пайтлар шу ерда истиқомат қилган, картинадаги мовий рангли эшик бош қаҳрамон Хью Грант уйига олиб борарди. Фильмнинг экранга чиққанига 10 йилдан ошгани ва изғиринли оқшомга қарамасдан, парк жуда гавжум эди. Оливье оломон тарқалишини кутди, кейин Женниферни кўм-кўк эшик ёнига чорлади ва қизнинг қўлини сўради.
2011 йилнинг 4 июнида жуфтлик Гренобль яқинидаги Сен-Мартен-д~Эр ибодатхонасида никоҳдан ўтди. Мальдив оролларидаги асал ойидан кейин Жиру ўз фаолиятидаги энг ёрқин мавсумни ўтказди: «Монпелье» таркибида чемпионликка ва Лига 1нинг энг яхши тўпурари унвонларига сазовор бўлди.
«Футболчи билан қўшиқчининг қисмати бир хил. Агар унинг маслаҳатчилари ёмон бўлса, ҳеч нарсага эриша олмайди. Жиру эса яхши инсонлар қуршовида. Мен биринчи навбатда унинг рафиқасини назарда тутяпман. Оливье шу кетишда узоққа боради», - деганди клуб президенти Луи Николлен олтин мавсум якунида.
Орадан 2 ҳафта ўтгач, Франция терма жамоаси бош мураббийи Лоран Блан Евро-2012 турнири арафасида ўйинчиларга ўз рафиқалари билан учрашиш имкониятини берди. Бундан фойдаланган Женнифер Оливьега агент Мишель Мануэллонинг илтимосига кўра тайёрлаган ҳужжатни узатди: «Сен бунга имзо чексанг, бас». Бу ҳужжат «Арсенал»нинг 4 йиллик шартномаси эди.
Кейинчалик Жиру Женниферни ўзининг энг ақлли маслаҳатгўйи ва асосий танқидчиси эканлигини, футболдаги муваффақиятларга у туфайли эришганини эътироф этди. Йўлланган мактублар билан аввал у танишиб чиқар ва кераклиларини саралаб оларди. Шунингдек, турмуш ўртоғини турли хавф-хатарлардан ҳимоя қиларди.
Улар Пабло-Неруда мактабида учрашишган, Оливье иқтисодиёт, Женнифер эса санъат йўналишида таҳсил олишарди. Женнифер ҳам футболга бефарқ эмас, «Гренобль» жамоасида тўп сурган. Лекин фанатизм даражасида эмас. Оливье эса болалик пайтидаёқ шунчалик кучли зарба соҳиби эдики, бир гал тўп отасининг машинаси ойнасини чил-чил синдириб юборган, эвазига ёш футболчини онаси тарсаки билан жазолаганди.
4 фарзанднинг кенжаси бўлган Оливье акаси Роменга ҳавас қилар, онаси билан доимо унинг ўйинларини томоша қиларди. Бироқ 16 ёшида Франциянинг келажаги порлоқ марказий ҳимоячилари сафига кўтарилган ва ўсмирлар терма жамоасида Анелька, Анри, Трезеге билан ёнма-ён тўп сурган Ромен ярим йўлда тўхтаб қолди. Оливьенинг айтишича, акаси «Осер» раҳбарияти билан келиша олмай қолган ва аламига чидай олмай, ўз оёғига ўқ узган экан. Оқибатда Ромен футболни тарк этди. Лекин руҳиятини туширмади ва диетолог ихтисоси бўйича таҳсил олди. Ўқишдан бўш вақтларида Оливьега мураббийлардан кўра кучлироқ талабчанлик ва ота-онасидан кўра жўяли маслаҳатлар билан футбол сирларини ўргатди. Тез орада 14 ёшли укаси Рона-Альп терма жамоаси таркибида Франция чемпионатида ғолиб чиқди. Акасининг фаолиятини барбод қилган «Осер»нинг таклифини эса рад этди. Лекин ўйинни у жамоадошларидан яхшироқ ҳис этишини, бу эса голлардан муҳимроқ эканлигини ҳаётида илк марта айнан «Осер» мураббийи Ришар Буалондан эшитди.
Ота-онаси ёнида қолган Жиру «Гренобль» ёшлар тизимида шуғуллана бошлади. Шу баҳонада Женнифер билан алоқани тиклаб олди. Бироқ бўлажак рафиқаси ҳам, ёшликдаги бошқа кўнгилочар тадбирлар ҳам унинг футболга қизиқиши ва ўйинларига зиён етказа олмади: туғилган кун баҳонасида дўстлари уни тунги клубга олиб кетишди, базм туфайли жуда кеч уйқуга ётди. Эртасига эса хет-трикка эришди.
21 ёшида захирага «ботиб» қолди ва агент кўмагида Учинчи лигага ўтди
«Гренобль» билан шартнома имзолаш арафасида Оливье тиззасидан жароҳат олиб, 3 ойга сафдан чиқди. Оқибатда, 2005|06 йиллар мавсумини ёрқин ўтказа олмаган бўлсада, унга 2500 евролик ойлик маош билан 3 йиллик шартнома имзолашди. Бироқ мураббий Сириль Шапюига ишонч билдиргач, у захирада қолиб кетди. Охир-оқибат, агент Гаро Хачикян Жируни яқинда Лига 2ни тарк этган «Истр» клубига жойлади. Ойлик маошнинг 8000 еврога кўтарилгани ҳужумчига мустақил ҳаёт кечириш имкониятини бергани сабабли, Учинчи лигада ўйнашга рози бўлди. Тез орада холаваччасининг автомашинасини сотиб олди ва узоқ кутилган шахсий эркинликка эга бўлди. Бундан руҳланган Жиру мавсумни «Истр»нинг энг яхши тўпурари мақомида якунлади. Кейин жамоа Лига 2га қайтгач, «Тура»га ўтди. Янги жамоада эса «Гренобль» собиқ директори Макс Марти ва «Арсенал»даги бўлажак шериги Лоран Косьелнига дуч келди. Муҳими, хизмат юзасидан Истрга келган Женнифер билан учрашди.
Кейин Оливье «Селтик»ка ўтиш тараддудига тушди. Агентлари эса уни «Монпелье» соҳиби Луи Николленга тавсия этишди. Шу тариқа Жиру ундан Лига 1га йўлланмасини тортиб олган жамоа аъзосига айланди. Кейинчалик Оливье Луининг таклифи бўлмаганида бундай муваффақиятга эриша олмаган бўлишини тан олганди. Ўшанда у элитадаги дастлабки 6та ўйинда бирорта гол урмаганида ҳам соҳиб унга имконият берганди. Тўғри, янги муҳитга мослашиш осон бўлмади, уни тинмай танқид қилишди. Бош мураббий совуққонлик билан дебютантни ёқлади: Жирунинг фаоллиги тезлигидан муҳимроқ. Ниҳоят, Оливье Ҳасан Кабзенинг рақобатини енгиб, мавсумни 25та гол ва 10та ассист билан якунлади.
«Бавария»га ўтиши мумкин эди, бироқ у «Арсенал»га йўл олди
Жирунинг «Тулуза»га қарши ўйинига «Арсенал» скаути ва «Бавария» спорт директори ташриф буюришганди. Мюнхенликлар келишувга эришгандек эдилар, лекин сўнгги паллада Манжукични танладилар. Оливьега эса «Челси» ҳам талабгор бўлсада, у «Арсенал»ни афзал кўрди. Орадан бир неча йил ўтгач, Арсен Венгер АПЛга Анри ва Анелькадан кейин учинчи франциялик снайперни тайёрлаб берганини фахр билан тилга олганди. Ваҳоланки, Жиру Лондондаги дебютини 6та голсиз ўйин билан бошлаганди. Жумладан, «Монпелье»га қарши баҳсни ҳам. Қисқа вақт ичида АПЛга мослашиб олган ҳужумчи дастлабки 2 мавсумда 39та гол ва 24та ассистни расмийлаштирди, «Арсенал» эса 4-ўринни эгаллади. Кейинги мавсумда Жиру «Арсенал»нинг ЕЧЛдаги голлари бўйича Бергкампдан ўзиб кетди.
Франция мезбонлигида ўтган Евро-2016 турнири Оливье учун нохуш можаро билан бошланди. У терма жамоада Карим Бензема ўрнини банд этганди. Камерунга қарши баҳсда жамоа 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган, Жиру гол урган бўлсада, франциялик мухлисларнинг таъна-дашномларига дуч келди. Чорак финалда Исландия дарвозасига урган 2та гол эвазига Жиру 1958 йилда «Олтин тўп» соҳибига айланган афсонавий Раймон Копадан терма жамоадаги голлар бўйича ўзиб кетди. Португалиядан қабул қилинган аламли мағлубиятни эса, Роналдунинг жароҳат туфайли майдонга туша олмагани билан изоҳлаганди.
Евродан кейин Венгер ватандош шогирдига дам бериб, олдинги чизиқда Алексис Санчесдан фойдаланди. Стартга қайтгач, Жиру қаторасига 4та ўйинда гол урди, 2017 йил январида у чаён услубида Уэйн Хеннесси дарвозасини забт этганида, жамоадоши ўша гол йилнинг энг чиройли голи бўлишини тахмин қилганди. Дарҳақиқат, Жиру «Пушкаш» мукофотига сазовор бўлди. Лекин захирадан майдонга тушган ҳолда кўрсатилган сермаҳсул ўйинлар ҳам Жируга кўпроқ ўйин амалиётини бермади. Боз устига, Венгер Александр Ляказеттни харид қилгач, жокерликдан зериккан Оливье ўзи учун жамоа қидира бошлади ва «Эвертон» соҳиби Билл Кенрайт ҳамда бош мураббий Роналд Куман билан учрашди. Бироқ тез орада Куман истеъфога чиқди, Оливье эса «Боруссия Дортмунд», «Севилья» ва «Рома» таклифларини рад этиб, Ноттинг-Хиллга яқинроқ бўлган «Челси»га йўл олди. Кейин янги жамоаси билан ўзи учун одатий бўлиб қолган Англия кубогини қўлга киритди.
Зафарли финалдан 2 кун аввал Оливье ЖЧ-2018да иштирок этишини ТВдаги хабарлар дастуридан билиб олди
Мундиал арафасидаги ўртоқлик учрашувида Оливье билан АҚШ терма жамоаси ўйинчиси Мэтт Мязганинг бошлари тўқнашиб кетди ва Жиру қошининг устки қисмидан жароҳат олди. Унда ЖЧни ўтказиб юбориш хавфи йўқ эди. Бироқ мундиал стартидан бир кун аввалги машғулотда у боши билан Кантенинг тиззасига йиқилди. Кечқурун эса Дешамдан нохуш кўрсатма олди:
- Эртага ўйинни захирадан бошлайсан;
- Жароҳат олганим учунми? Мени авайламоқчимисиз?
- Йўқ, бу тактик қарор. Умидсизликка тушганингни ҳеч кимга билдирма.
Шундан кейин Жиру узоқ вақтгача ухлай олмади. Жамоадошлари эса Австралияга қарши баҳсда уйғона олмадилар. Бошини бойлаб олган Оливье 70-дақиқада Гризманн ўрнига майдонга тушиб, Погбани самарали узатма билан таъминлади. Натижада французлар турнирни 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлашди. Екатеринбургдаги Перуга қарши ўйинда Мбаппе унинг ассистини голга айлантирди. Аслида, Оливье тўпни дарвозага йўллаган, Килиан тегмаса ҳам гол бўлиши аниқ эди. Қозонда бўлиб ўтган Аргентинага қарши беллашувда яна Мбаппе ғалаба голи муаллифи бўлди. Бироқ бу гал Жиру тўпни айнан унга йўллаганди. Умуман, Оливье мундиалда гол урмади, лекин Хорватияга қарши беллашув охирида ўз ўрнини Фекирга бўшатиб берганида, мухлислар уни гулдурос қарсаклар билан кузатиб қўйишди.
Мундиалдан чемпион мақомида қайтган Жиру ноябрь охиригача АПЛ доирасида гол ура олмади, Игуаин келгач, деярли майдонга тушмади. Лекин ЕЛда энг яхши тўпурар унвонини олди, «Арсенал»га қарши финалда ҳисобни очиб, Азарни 2та ассист билан таъминлади, 4:1.
Ярим йилдан кейин янги бош мураббий Фрэнк Лэмпард Абрахамга ишонч билдиришини билгач, яна жамоа излай бошлади. «Интер» бор пулини Эриксенга сарфлаб бўлганди, Моуриньонинг «Тоттенхэм»га таклифини «Арсенал»га ҳурмати юзасидан рад этди ва локдаун даврида қадрдони Робер Пирес ва теннисчи Жереми Шарди билан велосипедда саёҳатга чиқди. Якунда рестартга ажойиб спорт формасида қайтиб, 11та ўйинда 7та гол урди. Дидье Дешам 2022 йил баҳорига қадар Жируни чақирмагани боис, у бутун эътиборини клубдаги фаолиятига қаратди ва «Милан» 2011 йилдан бери армон бўлиб келаётган скудеттони қўлга киритишда ёрдам берди.
Қатарда Жиру ЖЧлари тарихидаги энг кекса франциялик футболчи бўлди ва терма жамоа тўпурарлари рўйхатида Тьерри Анридан ўзиб кетди. Ярим йил аввал эса франциялик болакайларнинг севимли қаҳрамонлари рейтингида Льорис, Мбаппе ва Гризманнларни ортда қолдириб, пешқадам бўлиб олди.
Юксак унвонни оқлашга қасд қилган Оливье ўзининг одатий мерганлик ва узатмалар устаси қобилияти ёнига суперқаҳрамон мақомини қўшиб қўйди - унинг «Женоа»га қарши ўйиндаги дарвозабонлик маҳоратини қандай баҳолаш мумкин?
Яқинда Патрис Эвра Оливьега етарлича баҳо берилмаганлигини мазах қилгандек бўлганди: «Унинг номи Жирудиньо ёки шунга ўхшаш бўлганида, уни дурустроқ баҳолашарди».
Хўш, энди ким Жируни кам баҳоланган дея олади?
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).