Инсон нимаси билан гўзал? Хулқи, одоби ёки ташқи кўриниши билан. Шу билан бирга дарди билан. Агар инсонда дард бўлмаса, ўзидан инсон статусини олиб ташласа ҳам бўлади. Дард борки – қалб бор. Дардсиз инсонни ҳам севиш мумкиндир, лекин бу катта азоб!
Икки кун олдинги ўйинни ҳамма кўрди. «Милан» жуда яхши ўйнади. Йўқ-йўқ «Барселона» ёмон ўйнади деёлмайман, «Милан» яхши ўйнади. Массимилиано Аллегри шогирдлари ўзларининг энг яхши ўйинларини кўрсатишди. Олтиндан ясалган тўпнинг тўртта асл нусхасини қўлга киритган футболчи ҳам ҳеч нарса қила олмади. Хавининг тўп узатишлари ноаниқ бўлди (ёзда қор ёғгандай гўё), хуллас машҳур каталонча занжир узилиб қолди. Бу учун «Милан» футболчиларига тасанно дейиш керак. Ўйиндан олдин Марио Балотеллининг майдонга тушиши модалар юрти футболчилари учун катта куч бўлиши айтилган эди, лекин у барибир жамоасига ёрдам берди: мухлис сифатида. Ўйинни намойиш этган операторлар бир неча маротаба мухлислар қаторида ўтирган супермарио бўлишга номзод футболчини кўрсатишди. «Барселона» анчадан буён икки тўп фарқи билан ютқазмаган эди. Шу сабаб «Дрим тим 2»га ўйин тугагач танқид ва ортида хурсандчилик яширинган ачиниш тошлари отилди. Футбол оиласида янги хит қўшиқ дуёга келди: «Барса кетди». Бу балки опера бўлганида Андреа Бочелли томонидан маромига етказиб ижро этиларди.
Устоз кўрган шогирдлар…(Гвардиоланинг ўрни билинди)
Халқимизда устоз кўрмаган шогирд ибораси бор. Одатда ўз ишининг устаси бўлмаган кишиларга нисбатан бу ибора қўлланади. Лекин агар шогирд устоз кўрган бўлса-ю, устози унинг ёнида бўлмаса ҳам қийин бўларкан. Юқорида «Барселона»га нисбатан «Дрим тим 2» сифатини ишлатдик. Бунга қўшилмаслигингиз мумкин. Чунки орзулар жамоаси биринчи жамоа бўлган. Ахир «Барселона» ҳам бошни ҳар қанақасига айлантирадиган ўйин услубини биринчи бўлиб яратдику. «Барселона»ни «Дрим тим» даражасига олиб келган шахс ҳойнаҳой ҳозир келаси йил «Бавария»га кимни олиб келсам бўлади деган саволлар билан бош қотираётгандир. Балки у ўйинни кўрмагандир ҳам (Бунга ишониш қийин). Пеп кетганидан кейин «Барселона»нинг ўйин услуби деярли ўзгармади. Бир қараганда барчаси жуда яхши кетаётганди: кетма-кет рекордлар дейсизми… Лекин Гвардиоланинг кетгани айнан кеча биринчи марта билинди. Айнан кеча билдик Мессининг охирги ўйинида Пепни қучоқлаб йиғлаганининг сабабини. Кеча шогирдлар илк марта устозларини чинакамига қумсашди. Тўғри Месси, Иньеста ва Хавилар бир қарашда иложи бўлмаган ишларни қилишга қодир кишилар, лекин улар ҳам шогрид. Уларни аълочи ўқувчига ўхшатгим келади: ўқитувчи берган вазифани маромига етказиб бажаради. Шу кеча аълочи шогирдлар дарсга тайёрланмай келгандилар, чунки уларга уйга вазифа берадиган устоз энди бошқа мактабда ишлайди…
Бажжони эсладингиз-а?
1994 йилги жаҳон чемпионатининг финалини барча яхши билади. Роберто Бажжонинг машҳур пенальтиси. Футбол тарихидаги унутилмас хатоларидан бири. Кечаги ўйин кўрсатиб бердики, барча хато қилади. Спортда доимий ҳукмронлик бўлмайди, етакчилар ўзгариб туради. Вақти келганда Майкл Жордан ва Леброн Жеймслар ҳам жарима тўпларини ташлай олишмаган, Уэйн Грецкийлар буллитдан гол ура олишмаган, Тайгер Вудслар ҳам бир метр масофадан голф тўпини вузага тушира олмаган, Федерер-у Надалларнинг ҳам флешдан фойдалана олмаганини кўрганмиз. Шундай экан Бажжоларнинг хато қилишга, «Барселона»нинг ютқазишга ҳаққи йўқми?! Бор албатта. Зўрдан зўр чиқади. Ит ҳурар – карвон ўтар: сарбонлар алмашиб туради, дўстим.
Василий Уткинга хат…
Ўйинни НТВ канали орқали кузатиб бордим. Рус шарҳловчиларининг сўзга чечанлигига гап йўқ, лекин уларнинг оғзига келган гапларини гапиришлари тақсинга сазовор эмас, асло. Машҳур рус шарҳловчиларидан бири Василий Уткин «Реал» жамоасининг ашаддий мухлиси. Табиийки, «Барселона»ни ёмон кўради. Кечаги учрашувни шарҳлаган Василий жаноблари буни яна бир бор исботлади. Менимча, шарҳловчининг ҳам қайсидир жамоага мухлислик қилишга ҳаққи бор. Лекин буни шарҳ давомида буни кўрсатиш унинг фантастиc маҳоратидан дарак беради деёлмаймиз. Бир нечта ҳолатга эътибор қаратмоқчиман. Дастлабки ҳолат «Барселона» 0:2 ҳисобида маглубиятга учраб турган вақтида футболчилардан бири тўпни орқага узатди. Шарҳловчининг изоҳига қаранг: «Барселона»нинг ҳужумкор пасларидан бири. Яна бир ҳолатда меҳмонлардан бири голли вазиятдан фойдалана олмади ва жаноб Уткин худди «Милан» мухлиси каби қичқириб юборди ва вазият сўнгида енгил нафас олди. Бундан ҳолатлар жуда кўп бўлди. Шарҳловчининг мағлуб жамоанинг ҳолатидан тўла мамнунлиги ва бутунлай киноядан хомиладор сўзларни ишлатиши мағлуб жамоа мухлисларига ёқмагани аниқ. Узр жаноб Ўрдаков энди НТВ дан футбол кўрмайман…
Тиш оғриғи
Бир куни тиш оғриғидан қийналиб, кун бўйи ўзимни билмай юрдим. Дори дармон ҳам кўр қилмай Ибн Синонинг «Дарднинг оғири - бу тиш оғриғи» деган мисраларига яна бир бор ишониб юрдим. Ўша куни «Барселона»нинг ўйини бор эди. Ўйин бошланиши билан оғриқ ҳам унутилди. Чунки уларнинг бошни айлантирадиган паслари мен учун наркоз вазифасини ўтади. Бутун ўйинни караҳт ҳолатда кузатдим ва хулосага келдим: шундай жамоани ёмон кўриб бўладими?!
Мен барибир «барса»чиман!
Энди сарлавҳага келсак. Дардсиз инсонни севиш азоб дедик, мағлуб бўлмаган жамоани яхши кўриш айни ёқимсиз бир ҳолат. Жамоа ғалабасидан қувонсанг, мағлубиятдан, керак бўлса йиғласанг – мухлислик шуниси билан гўзалда. Балки «Барселона» чемпионлар лигасидан чиқиб кетар, балки секундада ҳам охирги ўринларда қолиб кетар, бир кун келиб Месси ҳам кетар, лекин мен барибир «Барселона»ни яхши кўравераман. Балки тишим тез-тез оғриб тургани учундир!
Ўткир Жалолхонов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).