Ўзбекистон Кубогидан ўрин олган “Машъал” – “Бухоро” баҳси якунига етганидан сўнг меҳмонлар устози Тачмурод Агамуродовдан интервью олдик.
- Тачмурод Шамакович, бугунги ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- “Машъал”га қарши ўйин осон кечмади. Тан олиб айтишим керак, бу учрашувда ғалабага бўлган иштиёқ кўпроқ майдон эгаларида бўлди. Натижада улар битта тўп киритиб, шунинг эвазига зафар қучишди. Шу ўринда бемалол “Машъал”ни ҳақли ғалаба билан табриклай оламан. Бугунги мағлубиятдан сўнг биз Кубок баҳсларини тарк этдик ва энди эътиборни фақат миллий чемпионатга қаратамиз. “Бухоро” жамоасига бу йил осон бўлмаяпти, чунки ўз уйимизда кечиши керак бўлган учрашувларни бетараф майдонда ўтказяпмиз. Гарчи бу вақтинча ҳолат бўлса-да, бизга қийинчилик туғдирмоқда.
- “Бухоро” намойиш этган футбол ҳақида фикрингиз?
- Биз ўз имкониятимиздан паст даражада ҳаракат қилдик. Ютқазишни асло хоҳламагандик, аммо шундай бўлиб қолди.
- Футболчилар ўйинга қандай муносабатда бўлишди?
- Ўйламанки, биздан ҳеч ким бу Кубок ўйини, бемалол тўп сурсак бўлаверади деган хаёлга бормади. Биз учун ҳар бир расмий баҳс муҳим. Мен шогирдларимни етарли даражада тайёрлай олгандим, аммо майдонда улар кўнгилдагидек ҳаракат қилишмади. “Қизилум” билан кечган беллашувда 1:3 ҳисобида имкониятни бой бераётиб, якунда ғалабани ўз томонимизга оғдириб олгандик. Бу сафар эса шу ишни бажара олмадик.
- Эшитишимизча, “Бухоро” биринчи давранинг уй учрашувларини Тошкентда ўтказар экан.
- Ҳозирча шундай бўлиб турибди, лекин биринчи давранинг уй ўйинларини тўлиқ бетараф майдонда ўйнаймизми ёки йўқми бу ҳақда бир нарса дея олмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Шуни айтишим мумкин, ҳар бир жамоа қатори биз ҳам уй учрашувларини ўзимизда ўтказишни хоҳлаймиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).