Австриянинг «Рапид» футбол клуби аъзоси Маркус Ҳайкинен Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасига ўтиши мумкин. Бу ҳақда Австриянинг «Laola1.at» нашри маълумотларига таяниб «Kun.Uz» хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, «Рапид»да олти мавсумдан бери тўп сураётган 34 ёшли финляндиялик таянч яримҳимоячиси Маркус Ҳайкиненга «Пахтакор» қизиқиш билдирган. Бироқ «Пахтакор» матбуот хизмати бу хабарни тасдиқлаганича йўқ.
Асли Швецияда туғилган Маркус Ҳайкинен фаолияти давомида бир қатор фин клубларида, шунингдек, Англиянинг «Портсмут», «Лутон», Шотландиянинг «Абердин» клубларида тўп сурган. 2007 йилдан бери Австриянинг «Рапид» клубида ўйнаб келади.
Маркус Ҳайкинен ўз вақтида Финландия ёшлар ва олимпия терма жамоаларида ўйнаган, 2002-2011 йиллар давомида эса Финландия миллий терма жамоаси сафида 61 учрашувда майдонга тушган.
ЎзПФЛ регламентига кўра, футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида иштирок этаётган жамоалар таркибида 4 хорижлик (1 нафар осиёлик ва 3 нафар осиёлик бўлмаган) футболчи заявка қилиниши мумкин. 2013 йилги мавсум учун «Пахтакор» грузиялик Кахи Махарадзе, арманистонлик Жора Оганесян ва черногориялик Боян Миладиновични рўйхатдан ўтказган ва осиёлик бўлмаган хорижлик футболчилар лимитини тўлдириб бўлган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).