Жорий мавсум бошида «Фенербахче» бошқарувини қўлга олган Жозе Моуриньо Истанбул ҳаётида ўзини қандай ҳис қилмоқда?
Португалиялик мутахассис яқинда Sky Sports каналининг YouTube тармоғидаги саҳифасида меҳмон бўлди ва турк клубидаги иши ҳақида батафсил сўзлаб берди. «Беназир» шунинг баробарида баъзи маълумотларни баён этди: сэр Алекс Фергюсон билан яширинча учрашгани, Португалия ҳамда Англия миллий жамоаларидан тушган таклифларни рад этгани ва ҳакозо...
— Жозе, Истанбулдаги ҳаёт ёқяптими, янги уйингизда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Ҳаммаси - зўр. Истанбул — ажойиб шаҳар. Ҳозир Европа ҳудудида яшайман ва ҳар куни машғулотлар учун Осиё томонга ўтаман. Истанбулнинг Европа ва Осиёдаги икки қисмини битта кўприк боғлаб туради. Аслида нариги қирғоққа ўтиш катта воқелик эмас. Бу Лондондан «Челси» машғулотлар базаси - Кобхэмга боришдек гап. Бордию, қандайдир воқеа туфайли кўприкдан ўтиш имкони бўлмаса, шундоқ қайиққа ўтириб, 10 дақиқада соҳилга етаман. Яна шунча вақтдан кейин машғулотлар базасига кираман. Тўғри, турк қиши тобора яқинлашмоқда ва энди барчаси бироз қийинлашса керак.
— Матбуотда ёзилишича, бўш вақтни асосан уйингизда ўтказаётган экансиз. Нима, кўчага чиқиш хоҳиши йўқми?
— Яхшики, ҳақиқатни ҳам ёзишаркан, лекин ёлғонлари кўп. Дейлик, одатда фақат газли сув ичаман, баъзи-баъзида «Кола» олишим мумкин, аммо матбуот мени алкоголга муккасидан кетган кишига чиқариши ҳеч гап эмас. Медиа баъзан машғулотларда қандай ишлаётганингни назардан четда қолдиради. Мисол учун, вазиятга қараб, тунги соат 1гача машғулотлар базасида қолишим ва тонгда ҳаммадан аввал у ерга қайтишим мумкин. Ҳатто айрим кунлар базада тунаб қолишимга ҳам тўғри келади. Бу - мураббийлар ҳаёти учун нормал ҳолат.
— Катта ютуқлар, шундай кошоналарда яшаш ва ғалабага нисбатан очликни сақлаб қолиш. Буларни қандай умумлаштиришга эришяпсиз?
— Мағлубиятни тан олишим мумкин эмас. Бир воқеа: «Реал»да ишлаганимда, «Олд Траффорд»га боргандик, адашмасам, ЧЛ чорак финал ўйинига. Катта жанг! Сэр Алекс кутилмаганда, мени ўз офисига чорлади. Бир-биримизга рўбарў ҳолда иккимиз ҳам ўзимизни сокин тутишга уринардик, лекин аслида вужудимиз ёнаётганди. Шунда Фергидан сўрадим: «Сэр Алекс, йиллар ўтиши билан иштиёқ ўзгарадими?» У эса кулиб турганча жавоб берди: «Йўқ, асло». Дарҳақиқат, ҳиссиёт ўзгармайди ва бу яхшиликка, албатта.
— Ихтиёрингизда ажойиб футболчилар гуруҳи бор, машғулотлар майдони яхши. Кўринишидан, мураббийлар штабида ўзаро тушуниш даражаси ҳам ажойиб.
— Туркия чемпионати қоидаларига кўра, жамоа фақат 14 нафар легионер олиши мумкин. 1та ўйинда эса улардан 12 нафарини қайдномага кирита оласан, холос. Хуллас, таркибнинг 50 фоизидан кўпини туркиялик футболчилар ташкил этишади. Бу ўзига хос балансни таъминлайди, мураббий сифатида ўзаро алоқа назоратини қўлдан чиқармайсан. Дейлик, академиядан чиққан маҳаллий йигитлар клуб нимани англатишини яхши билишади, миллий менталитетни ҳис қилишади. Иккинчи томондан, хил-хил маданиятларни кўрган ле-гионерлар бор. Қолаверса, штабимда португаллар, италь-янлар ва турклар жамланишган. Бундай тарзда ишлаш қизиқарли, клуб ҳам катта. Англияда «Фенербахче» нақадар йирик бирлашма эканлигини тасаввур қила олишадими-йўқ, билмадим, лекин жамоа Туркиянинг ўзида 35 миллион мухлисга эга. Дунё бўйлаб ҳам қанчадан-қанча турклар айнан «Фенер»ни ёқлашади. Шундай катта клуб нега 10 йилдан буён чемпионликни қўлга киритолмаяпти? Яхши президент ва ажойиб мухлислар бор, кўплаб мураббийлар ва юлдуз футболчилар келиб-кетишган, бироқ кубок йўқ. Лекин бунинг сабаблари ҳақида гапиришни хоҳламайман.
— Охирги 12та ўйинда 1та мағлубият. Жамоа ўйини эса худди «МЮ»даги ишингизни эслатмоқда. Таркибдан келиб чиқиб, шундай усулни қўллаяпсизми ёки...?
— Мавсум бошида «Лилль» майдонида ютқазиб қўйдик. Суперлигада эса «Галатасарой»га имкониятни бой бердик. Бу ерда ушбу ўйинда ютган жамоа дунё бўйича энг яхшиси, енгилгани эса энг ёмонига айланадигандек. Аслида ундай эмас. Италия, Португалия, Испанияда ҳам дербилар катта ўрин тутади. Англияда ҳам шундай, аммо бироз фарқли томонлари бор. Барчаси маданий қадриятларга бориб тақаладиган масала. Туркия лигасида 19та жамоа ўйнайди. Демак, ҳар турда қайсидир иштирокчи дам олади. Дербидан кейинги турда «Фенер» ўйини йўқ эди ва бу бўшлиқ мағлубият кўламини янада ошириб юборди. Дейлик, «МЮ»га қарши кўрсатган ўйинимиздан ғоят хурсандман, мураббий сифатида машғулотларда тайёрлаган ишланмаларингни майдонда кўришни хоҳлайсан, аммо ҳар доим бундай бўлавермайди. Шунда ўзингни яхши ишлолмаётгандек сезасан. «МЮ» билан баҳсда эса йигитлар кучли тайёргарликка яраша майдонда борларини беришди. Бу нуқтада лигалар ва жамоалар ўртасидаги фарқни ҳам унутмаслик керак. Режага мувофиқ, рақибга юқори зоналарда босим уюштирмоқчи эдик. Рэшфорд ва Гарначо каби футболчиларга эга жамоага қарши бундай йўл тутиш - катта таваккал. Лекин натижа йўлида шундай йўлдан боришимизга тўғри келди. Чунки ҳимоявий усулда ўйнолмаслигимизни билардик, зеро, бу ҳар ҳафталик ишимиз эмас. «МЮ»га қарши ҳимояни ушлаш «Фенер» қадриятлари ва фалсафасига ҳам мос келмасди. Очиғи, кийиниш хонасида футболчиларнинг натижадан норози кайфиятда ўтиришганини кўриб, бироз ажабландим. Ахир одатда «МЮ»га қарши ўйинда очко олиш бошқача кайфият улашиши керак.
— «Фенербахче»ни томошабоп футболга йўналтираётганингизни эътироф этишяпти...
— Биз хоҳлаётган нарса шу. Ҳали кўпчиликни яна ҳайратда қолдиришга қодирмиз. «Реал» бошқарувида 1 мавсумда 105та голни таъминлаганимда ҳам, бутун дунё менинг жамоам ҳимоявий футболга мойиллигини айтганди. Лекин биламизки, четдаги бундай гаплар аҳамиятсиз.
— Яна бир жиҳат шуки, «МЮ»да ишлари юришмаган футболчилар бу ерда ажойиб ўйин намойиш этиш-япти, хусусан, Фред...
— Чунки улар аслида яхши даражадаги ижрочилар. Мана, бой тажрибаларини ишга солиб, янги жамоанинг муҳим мурватига айланишди. «МЮ» чиқитга чиқарган футболчилар айнан шу клубга қарши баҳсда рақиблардан яхшироқ ҳаракатланишларини кузатиш ёқимли.
— Хўш, «Фенер» билан қаергача боришни мўлжаллаяпсиз?
— Биласизми, ҳеч қачон аутсайдер клубни бошқариш учун АПЛга қайтмайман. Умуман, еврофутбол билан ўз низоларим бор. «Лилл»га қарши ўйиннинг 90+4-дақиқасида белгиланган пенальтини VAR ҳам кўрди, лекин ўзим ҳалигача ўша вазиятдан бунга арзирли сабаб тополмаяпман. Шундай мағлубиятларни асло тан олмайман, аммо натижа минус. Бу ҳалигача оғриқ бермоқда. Куни кеча стадионда барча қатори соф пенальти сўраб қичқирганимда, менга қизил карточка кўрсатишди, ваҳоланки, бировни ҳақоратламадим. Биламан, бу курашда ҳеч қачон ютолмайман. Жабрдийдага яна зулм қилиш — адолатсизлик. Хоҳ Месси бўл, хоҳ футболга кеча кирган 18 ёшли йигитча бўл, қоидалар ҳаммага тенг. Дейлик, Анчелотти ёки бошқасига нисбатан ҳам қоидалар худди шундай, бир хил қўлланилиши шарт. Мен футболда хоҳлаётган нарса шу.
— Сизни Англия миллий жамоаси бош мураббийи ролига чорлашгани ростми? Музокара ўтказдингизми?
— Йўқ, ҳеч нима бўлмади. «Челси»дан биринчи марта кетаётганимда, столим устида Англия ассоциацияси таклифи турганди. Ҳозирчи, бундай чорловни ўйлаб кўрармидим? Йўқ.
— Португалия термасига чорлашса-чи?
— Бу борада 3 марта таклиф олганман ва барчасида рад жавоби берганман. Эҳтимол, кун келиб, ушбу жамоани бошқарарман. Ҳали энергиям бор, менга доимий ўйинлар керак. Ойига 1тагина учрашув билан қанақасига қаноатланишим мумкин?! Ҳа, вақти келиб, Португалия термаси ёки ўзимга яқин қайсидир мамлакат миллий жамоасини бошқариш, салоҳиятимни жаҳон ва Европа чемпионатида синаб кўриш иштиёқи бор, лекин ҳозир ҳар кунлик фаол ишни маъқул кўраман.
— Битта масалада мухлислар билан фикримиз муштарак: АПЛ — сизнинг футболдаги уйингиз. Бу борада нима дейсиз?
— Англияда 3та клубни бошқардим, жумладан, «Челси»ни икки марта. Асосийси, ҳар гал ишимни юракдан бажардим. Фаолиятим давомида ижтимоий томондан энг гўзал шаҳарларда яшадим: Рим, Мадрид, Милан, энди Истанбул... Лекин оилам ҳамон Лондонда, у ер — қадрдон уйим. Вақти келиб, қайтишим керак. Аммо гапларим нотўғри талқин қилинишини истамасдим - жорий мавсум ва кейингиси якунига қадар ҳеч ким мени «Фенербахче»дан кетишга мажбурлолмайди...
«Фенербахче» Туркия Суперлигаси 11-турида «Трабзонспор» меҳмони бўлди ва асосий вақтга қўшиб берилган 12-дақиқада урилган гол эвазига ғалаба қозонди - 3:2. Эътиборлиси, мезбонлар 2та голни ҳам пенальти воситасида уришди. «Беназир» эса учрашувдан кейин VAR тизимида ишлаган ҳакам - Атилла Караоглонни роса «тузлади». «Бу ҳакамни ўз ўйинларимизда ортиқ кўришни хоҳламаймиз. Майдонда ёш рефери ишлади, лекин унинг ортида турган Караоглон ҳеч кимга кўринмаган ҳолда, асосий «қаҳрамон»га айланди. «Фенербахчe» номидан гапиряпман - бу ҳакамни на VAR тизими ва на рефери ролида кўришни истаймиз. Бу ерда нафақат кучли рақиблар, балки VAR тизимига ҳам қарши ўйнаяпмиз. Курашнинг энг қийин томони шу. Мана, бугун VARга қарши муносиб турдик, шунинг учун ғалабани ўзгачароқ нишонладик. Ахир ўта кучли одамларни енгдик. Мени бу ерга таклиф этган кишилардан ҳам хафаман, улар ҳақиқатнинг ярмини айтишибди, холос. Агар барчасини борича айтишганида, балки келмасмидим... VAR тизими яхшироқ ишласа, ҳаммаси ўзгаради. Рақибнинг Брайтга нисбатан қўполлиги қизил карточкага тортмасмиди? Караоглон ўша паллада қаҳва ёки турк чойи ичаётганди ва буни кўрмади. Аммо у 2та пенальти учун асос топди. Тизим бизга ҳужум қилмоқда! Мен турк эмасман, бу ҳақда турклар баралла гапиришлари керак. Агар мен айтсам, дарров яна ҳужумга учрайман. Сизлар - турклар бу ҳақда гапиришингиз керак. Биз тозамиз!» - дея португалиялик мутахассис сўзларини келтирди Fanatik нашри.
Манба: skysports.com, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).