Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан олдинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Миржалол Қосимов ва ҳужумчи Фарҳод Тожиев иштирок этишди.
Миржалол Қосимов:
— Кўп гапиришнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман. Эртанги ўйин биз учун жудаям орзиқиб кутган кун бўлиши керак. Ўйинга тайёрмиз. Эртага чиройли ўйин кўрсатиб, чиройли ғалаба қозонамиз деб ўйлайман. Насиб қилса, ўйиндан кейин яхши кайфиятда учрашамиз.
Фарҳод Тожиев:
— Эртанги ўйинга тайёргарлигимиз аъло даражада. Эртага чиройли ўйнаб, Ўзбекистон халқига чиройли ғалаба тақдим этишга ҳаракат қиламиз.
— Асосий эътибор ҳужумкорликка қаратиладими?
— Асосий эътиборни ҳужумга, чиройли ўйинга ва мухлисларни хурсанд қилишга қаратамиз. Биз ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга чиқамиз. Ҳужумкор ўйин кўрсатиш билан биргаликда, ҳимояни ҳам унутмаймиз.
— Жамоа кеча "Бунёдкор" стадионида шуғулланди. Майдоннинг ҳолати қай даржада?
— Майдон ҳолати яхши.
— Эртага Фарҳод Тожиев асосий таркибда тушиб, 2009 йилги "хет-триги"ни такрорлашга имконият бериладими?
— Менга қолса, сафимизда бўлган 23 нафар футболчининг барчасини майдонга туширган бўлардим. Лекин футболни 11 киши ўйнайди. Қайсидир футболчи асосий таркибда ўйнайди, қайсидир бири захирада қолади. Бу футболнинг ўзгармас қонуни.
— Қатар терма жамоасидан эртага қандай ўйин кутяпсиз? Қатар терма жамоасида бир нечта йўқотишлар бор.
— Қатар ҳамиша яхши ўйин кўрсатиб келган. Асосий дарвозабон ва жамоа сардори сариқ карточкалар туфайли эртага майдонга туша олмайди. Шунингдек, яна бир неча футболчилар Тошкентга келмаганидан хабарим бор. Футболда ўйинчининг ўрнини тўлдирадиган футболчилар ҳамиша бўлади. Бу йўқотишлар жуда катта таъсир кўрсатмаса керак. Бошқа томондан рақибимизда ҳеч қанақа босим йўқ. Баъзи ҳолатларда бу нарса жамоанинг янада яхши ўйин кўрсатишига ёрдам бериши мумкин. Эртага биз Қатарнинг ўйинини йўққа чиқаришга ҳаракат қиламиз.
— Корея билан мағлубиятдан кейин футболчиларнинг кайфияти қанақа, айниқса, автогол муаллифи бўлган Акмал Шораҳмедовнинг руҳий ҳолати қай даражада?
— Кореядан яхши кайфиятда қайташни мақсад қилгандик. Аммо мақсадимиз амалга ошмади. Эртага бизни муҳим ўйин кутяпти. Шунинг учун футболчиларнинг кайфияти жанговар. Акмал эса кўп сиқиляпти, ўзини айбдордек ҳис қиляпти. Барчамиз унга далда бўлиб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Эртанги ўйинда бу нарса ўйинга таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман. Эртага қолган фтуболчилар Акмал учун ҳам майдонга чиқиб, ҳаракат қилишади.
— Эртага ўйин соат 17:00да, об-ҳаво ҳали иссиқ бўлган пайтда бошланади. Бунга жамоа қай даражада тайёргарлик кўрди?
— Бу ўйинда ҳеч қанақа тўсқинлик қилиши керак эмас. Йигитлар ўз даражасидан юқори даражада ўйнаши керак. Қолаверса, мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши уларга далда бўлади. Эртага майдонга чиқиб, халқимизга хурсандчилик тақдим этамиз, деган умиддаман.
— Гуруҳдаги нариги ўйин натижаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жанубий Корея - Эрон ўйинидан қандай натижа кутяпсиз?
— Мен ҳам барча кутаётган нарсани кутяпман. Жанубий Корея Эронни мағлуб этиши керак. Эртага Корея ўз даражасидан паст ўйнайди, деб ўйламайман.
— Футболчилар нариги ўйинга ҳам эътибор қаратиб, хаёлан чалғиб қолишмайдими?
— Аввало биз ўз ўйинимизни ўйлашимиз керак. Барча концентрация фақат ўз ўйинимизга бўлиши керак. Ўйин пайтида нариги ўйиндан маълумот олиб турамиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).