Бугун 13 июль, 2025 йил, якшанба.

Турнир жадвали

Жамоа Ў О
1 Насаф 15 33
2 Нефтчи 15 30
3 Динамо 15 29
4 Бунёдкор 15 27
5 ОКМК 15 27
6 Пахтакор 15 26
7 Навбаҳор 15 26
8 Сурхон 15 18
9 Андижон 15 17
10 Қизилқум 15 17
11 Сўғдиёна 15 16
12 Машъал 15 15
13 Хоразм 15 14
14 Бухоро 15 13
15 Қўқон-1912 15 12
16 Шўртан 15 9

Ўтган ўйинлар. 15-тур

15-тур Шўртан 1-2 Қизилқум
15-тур Сўғдиёна 2-1 Қўқон-1912
15-тур Сурхон 0-0 Бухоро
15-тур Андижон 0-1 Бунёдкор
15-тур Машъал 0-1 ОКМК
15-тур Пахтакор 2-0 Навбаҳор
15-тур Динамо 2-2 Насаф
15-тур Нефтчи 2-0 Хоразм

Сўровнома

ТВ дастурлар

Блогдаги ўзгаришлар

Теглар булути

Хабарлар архиви

Шерзод Жўраев: “Қайси йўналишда бўлса ҳам “Навбаҳор” муваффақиятларига ҳисса қўшиш мен учун шараф”

Баҳо:
+ | -
ЎЗБЕК ФУТБОЛИ / ПФЛ клублари / Навбаҳор
Рукн: Интервьюлар
A A A

Хабарингиз бор, маҳоратли мутахассис Шерзод Жўраев мураббийлик қилаётган «Навбаҳор-U-21» ёшлар жамоамиз U-21 Биринчилигининг биринчи давра баҳсларини 15 та ўйиндан 32 очко тўплаган ҳолда, пешқадам сифатида якунлади.

Шу муносабат билан клубимизнинг расмий – FCNAVBAHOR расмий телеграм канали учун Шерзод Жўраевдан интервью олдик.

— Ассалому алайкум! Шерзодбек, аввало Сизни U-21 жамоамизнинг биринчи давра якунидаги пешқадамлиги билан табриклаймиз.

– Ваалайкум ассалом, табрик учун раҳмат.

– Айтингчи, «Навбаҳор-U-21» жамоасига ўтишингиз қандай содир бўлганди?

– Жорий мавсум аввалида ўша пайтдаги «Навбаҳор» ПФК вице-президенти Отабек Саматов ҳамда жамоа бош мураббийи Сергей Лушанлар чақириб, бўлажак мавсумда “Навбаҳор – U-21” ёшлар жамоаси бошқарувига ўтишимни айтишди. Мазкур таклиф борасида кўп иккиланмадим ва янги чақириққа лаббай, деб жавоб бердим. Қайси йўналишда бўлса ҳам «Навбаҳор» муваффақиятларига ҳисса қўшиш мен учун шараф. Шунинг учун ушбу таклифга дарров рози бўлдим.

– Ёшлар жамоамизнинг биринчи даврадаги муваффақияти сири нимада?

— Наманган азалдан истеъдодли ҳамда иқтидорли футболчилар маскани ҳисобланади. Ўша истеъдодли болаларни тўғри йўлга йўналтирсангиз, улар билан кўпроқ ишлаб, керакли тавсияларни бериб, вақтида етарли ўйин амалиёти тақдим этиб турилса, ёшларнинг ўзларига бўлган ишончлари ортади. Йигитларнинг айримлари билан ўзаро суҳбат орқали, баъзилари билан эса индивидуал тарзда иш олиб бордик.

— Бу йилги U-21 мусобақасининг ўйинлари борасида фикрингиз қандай?

— Сўнгги йилларда юртимизда ўсмирлар ва ёшлар футболида катта ўсишга эришдик. Турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларимиз қитъа чемпионлигини қўлга киритмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, U-21 турнири ўйинлари томошабоп ҳамда юқори даражада ўтмоқда. Ушбу турнирда яхшигина ўсиш бор.

— Ёшлар жамоамизнинг биринчи даврадаги энг ёрқин ва энг қийин ўйинлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

— Мен шогирдларимга ҳар доим юртимизнинг байроқдор жамоаларига қарши яхши ўйин намойиш этинглар, дея таъкидлайман. «Пахтакор», «Насаф», «Бунёдкор» жамоалари ўз академияларига эга ҳамда ушбу клубларнинг турли ёш тоифаларидаги жамоаларида истеъдодли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Ушбу клубларнинг ёшлар жамоаларига қарши кечадиган баҳсларда ижобий натижага эришсак, бу қолган беллашувларга мотивация бўлади.

Шундан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, «Бунёдкор-U-21» (10-тур, ёшлар жамоамиз 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган) ва «Пахтакор-U-21» (15-тур, ёшлар жамоамиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган) жамоалари билан бўлган учрашувларни бироз қийин, аммо ёрқин ўйинларимиз бўлди, дея оламан.

— Ёшлар жамоамизниг мақсади, асосий жамоага футболчилар етказиб беришдан иборат. Шундай экан. сиз ҳозирда “Навбаҳор— U-21” ёшлар сафидаги кимларни асосий жамоага тавсия қила оласиз?

— Тўғри айтдингиз, бизнинг асосий вазифамиз «Навбаҳор»нинг асосий таркибига маҳоратли футболчиларни етказиб бериш. Айни пайтда ёшлар жамоамиз таркибида ўйнаётган барча ўйинчилар юқори потенциалга эга ёшлар ҳисобланишади. Улар орасидан, шундай ўйин намойиш этишда давом этишса, вақти келиб, Озодбек Маърупов, Шерзодбек Абдулбориев, Алишер Миралиев, Исохон Мусохонов ва Ҳабибулло Жапаралиевлар асосий жамоада таркибидан ўрин олишади, деган умиддаман.

— Бир пайтлари «Навбаҳор»нинг асосий жамоаси мураббийлар штабида фаолият олиб боргансиз. БУ йилги Суперлига мусобақаси борасидаги фикрларингиз қандай?

— Суперлига мусобақаси ҳар доим қизиқ кечади. Бу йилги «Навбаҳор» янгиланиб, тубдан ўзгарди, дея оламан. Жамоа олдинги мавсумларга қараганда, томошабоп футбол намойиш этяпти ҳамда буни кўпчилик эътироф этмоқда. «Лочинлар»нинг ўйини ҳаммага ёқяпти, менинг назаримда.

Жорий мавсумда «Насаф», «Навбаҳор», «Пахтакор» ва ОКМК жамоалари иштирокидаги ўйинларни томоша қилиш мароқли бўляпти. Мазкур жамоалар рақибларнинг ўйин тактикасидан келиб чиққан ҳолда, турли услубларда ўйнамоқла. Улар қаторига «Динамо»ни ҳам қўшишимиз мумкин. Қолаверса, «Сўғдиёна» жамоаси амалга ошираётган трансферлардан келиб чиқиб, иккинчи даврада жиззахликлар ҳам кучлилар қаторидан ўрин олиш учун ҳаракат қилишса, мусобақа яна ҳам қизиқарли тус олади, деб ўйлайман.

— Жорий мавсум аввали сиз ва жамоангизга оғир келди. Дастлабки турдаги техник мағлубият, 2-турдаги Жиззахдаги аламли, йирик — 2:6 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин ёшлар жамоамиз футболчиларининг руҳий ҳолатлари жуда ёмон ҳолатга тушиб қолган эди. Ушбу вазиятдан қандай чиқиб кетдингиз? Шогирдларингизга қандай сўзларни топиб гапирдингиз?

— Жуда тўғри айтдингиз, мавсум старти жуда оғир бўлди, яъни, 2-турдан кейин жамоамизда аҳвол жуда танг эди. Ўша пайтда ичимдан ўтган ҳиссиётларни ўзим жуда яхши биламан. Лекин мазкур вазиятдан чиқиб кета олишга ишончим комил эди. Биз тўғри йўлда эканлигимиз, ҳеч нарсани ўзгартириш шарт эмаслигини билардим. Сабаби, «Навбаҳор-U-21» жамоасини қабул қилиб олганимдан сўнг, Фарғонада бўлиб ўтган “Ҳоким кубоги-2025” мусобақасида ҳам старт қийин бўлган, турнирни эрта тарк этишимизга оз қолган эди. Аллоҳга таваккал қилгн ҳолда, шогирдларим билан гаплашиб, уларга руҳий далда бериб, якунда кубокни қўлга киритгандик. Бу сафар ҳам танлаган йўлимиз тўғри эканлигини билардим ва ўша йўлдан қайтмадик. Буни амалга ошириш учун эса бироз кўпроқ ишладик, футболчилар билан бирга 3-4 соатлаб ўтириб, ўйинларни таҳлил қилиб, ўйинчиларнинг хатоларини айтдик.

Йигитларни ушбу вазиятдан чиқиб кета олишларига ишонтира олдик. Натижада улар буни уддалашди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман. Қолаверса, мазкур муваффақиятга бир ўзим эришдим, деган фикрга умуман қўшилмайман. Футбол жамоавий ўйин. Шундай экан, оғир вазиятдан чиқиб кетишимизда ёнимизда бизни қўллаб-қувватлаб турган турган инсонларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Бу борада «Навбаҳор» ПФК раҳбарияти, жумладан, ўша пайтдаги клуб вице-президенти Отабек Саматов, жамоа бошлиғи Фарҳод Умаралиев, устоз мураббий, тажрибали мураббий Усмонжон Аҳмедович Асқаралиев ўз маслаҳатларини бериб турдилар, шунингдек, мураббийлар штабидаги ёрдамчиларим — Аъзам Ражаббаев, Алишер Маҳмудов ва Ҳасан Ризаевлар ҳам жуда катта ёрдам беришди, клуб ходимлари, ҳамда мухлислар ҳам барчаси олдинда эканлигини таъкидлаган ҳолда, руҳий жиҳатдан далда беришди.

Мазкур омиллар ўз мевасини бериб, ёшлар жамоамиз давралар оралиғидаги танаффусга пешқадам сифатида чиқиб кетди ва бундан жуда хурсандман.

— Сиз кўп йиллар давомида «Навбаҳор»нинг асосий жамоаси мураббийлар штабида фаолият олиб боргансиз. Айтингчи, мазкур жамоада олинган тажриба асқотяптими?

— Албатта, асосий жамоада олинган тажрибадан ёшлар жамоасидаги фаолиятимда фойданаяпман. Мен ўзига хос услубга эга мураббийлар билан бирга ишладим. Масалан, Андрей Канчелескис футболчиларнинг жисмоний ҳолатларига, Нўмон Ҳасанов эса тактик ҳолатларига, Самвел Бабаян эса тартиб-интизомга қаттиқ эътибор қаратишарди ва уларнинг барчалари футболчиларнинг руҳиятларини кўтариш борасида тенгсиз эдилар.

Марҳум Виктор Жалилов эса янги футболчиларни кашф этадиган мутахассис эди.

Айни пайтдаги «Навбаҳор» бош мураббийи Сергей Лушаннинг ҳам ўзига хос услуби бор, у ёшларга ишонч билдиришдан қўрқмайдиган, ҳужумкор тактика қўллайдиган мутахассис.

Юқорида номлари келтирилган мураббийлардан ўрганган билим ҳамда кўникмаларимни айни пайтда фаолиятимда қўлламоқдаман.

— Олдинлари «Навбаҳор»да битта камчилик кўзга ташланарди, яъни, ёш футболчиларнинг ўтиш даврида йўқолиб қолишларини кузатардик. Сўнгги йилларда ёрқин ўйинчилар етишиб чиқмаётган эди. Назаримда, сиз ушбу муаммони бартараф этишга эришаётгандексиз. «Навбаҳор-U-21» жамоаси сафида 18-19 ёшли юқори даражада ўйин кўрсатаётган футболчилар кўзга ташланмоқда. Қолаверса, ёшлар жамоамиздаги ўйинлари орқали асосий жамоа таркибидан ўрин олатганларни кўрмоқдамиз. Шу ҳақда ҳам тўхталиб oʻtsangiz...

— Бу ҳақда ҳозир бир нарса дейишга бироз эрта. Тўғри, ҳозирда истеъдодли ёшлар жуда кўп, аммо уларни асосий жамоага жалб этиб, Мирзоҳид Ғофуров, Азимжон Аҳмедов. Аббосжон Ғуломов, Русланбек Жиянов каби футболчилар қаторида асосий жамоа ҳавосидан нафас олиб, уларга 5 ёки 10 дақиқа бўладими, қисқа бўлсада, асосий жамоада имкон бериб турилса, авлодлар алмашинуви даврида қийналмаймиз, деб ўйлайман.

— Сиз аввалги мавсумларда асосий жамоада футболчиларнинг жисмоний тайёргарликлари бўйича фаолият олиб боргансиз. Ўша вақтда асосий жамоада жароҳатлар нисбатан камроқ кўзга ташланарди. Энди шу ҳолат «Навбаҳор-U-21»да ҳам кўзга ташланмоқда. Кўз тегмасин, футболчиларнинг жароҳатланишлари деярли кузатилмаяпти. Бу борада қандай ишларни амалга оширяпсиз?

— Ҳар доим ўз устимда ишлашга ҳаракат қиламан. Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, ўз услубим ва мавсумий режаларим, дастурим мавжуд. Шу дастур асосида иш ташкил қиламан. Худога шукр, ҳозирча жароҳатлар камроқ кузатиляпти. Спортчининг биринчи рақамли душмани — бу жароҳат ҳисобланади. Шунинг учун шогирдларимни жароҳатдан узоқроқда ушлашга ҳаракат қиламан.

— Ёшлар жамоамизнинг асосий рақиблари – “Бунёдкор U-21” (10-тур, 4:3), «Насаф-U-21» (12-тур, 2:0) ва «Пахтакор-U-21» (15-тур, 3:1) жамоалари сафарда мағлубиятга учратилди. Бунга қандай эришилди?

— Юқорида таъкидлаганимдек, сиз санаб ўтган жамоалар кучли академия ва истеъдодли футболчиларга эга ҳисобланади. Биз барча ўйинларга жиддий қараймиз ҳамда яхши тайёргарлик кўрамиз. Аммо санаб ўтилган жамоаларга қарши кечадиган учрашувларга нисбатан бошқачароқ ёндошиб, рақиб ўйинларини ўрганиб, шунга яраша тайёргарлик кўрамиз.

— Рақибни ўрганиш ишлари қандай кечади?

— Бу борада ёрдамчи мураббий Аъзам Ражаббаев бизга катта ёрдам беради. У рақибнинг жамоамиз билан бўладиган баҳслардан олдинги 2-3 та ўйинлари видеоёзувини олиб келади. Биз мураббийлар штаби вакиллари бирга ўтириб, рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини таҳлил қиламиз ҳамда шундан келиб чиққан ҳолда, рақибга нисбатан тактика қўллаймиз.

— Сизнинг бошқарувингизда ёшлар жамоамиз алоҳида футболчи атрофида ўйин қурмаяпти. Ўтган мавсумда биз кўпроқ Наврўзбек Иминжанов атрофида ўйин қуришга уринишларни кўрардик...

— Биз қайсидир футболчига боғланиб қолиш услубидан тўлиқ воз кечдик. Бизда ҳамма футбол ўйнаши керак. Замонавий футболнинг талаби — 11 нафар ўйинчи ҳужум қилишни ҳам, ҳимояланишни ҳам билиши керак. Вазият тақозо этса, дарвозабон ҳам гол уриши мумкин ёки ҳужумчимиз дарвозамизга тўп киришининг олдини олиши мумкин. Мен бирор футболчига боғланиб қолишни тўғри деб, ҳисобламайман. Жамоамизда кимдир хато қилса, жамоадошлари унинг хатосини тўғрилаш учун ўйнайди. Футбол бу — жамоавий ўйин. Масалан, Жиянов ва Одиловлар майдонда ранг-баранг футбол ўйнашади, жуда тез фикрлашади. Мен ҳам шогирдларимга тезроқ қарор қабул қилиш ҳамда фикрлашни таъкидлайман.

— Яқин ўтмиш футболчиси сифатида шогирдларингиз ёмон ва зарарли иллатлардан нари бўлишлари учун қандай йўл тутасиз?

— Мен шогирдларим билан доимо биргаман. Кези келганида оғайни, ака, ука бўламан. Ҳеч қачон футболчиларга тўсиқ қўйишга уринмаганман. Йигитлар билан бирга овқатланамиз. Мен фақат майдонда қаттиққўллик қилишим, учрашувлар давомида асабийлашиб, бақиришим мумкин. Майдон ташқарисида эса дўстона фикр алмашиб, барча билимларимни беришга ҳаракат қиламан. Шогирдларим учун доим очиқман. Агар мен уларга ёпилиб олсам, футболчилар дардларини кимга айтишади? Ахир, улар ёшлар жамоамиз юзи ҳисобланишадику!

— Намангандан кўплаб таниқли футболчилар етишиб чиққан, аммо вилоятимиздан олий ва Суперлигада ишлаган саноқли мураббийлар бор, холос. Усмон Асқаралиев шулар жумласидан. Кўп йиллардан буён Намангандан яхши мутахассис етишиб чиқмаяпти. Сизнинг бунга муносабатингиз қандай?

— Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша қийинчилиги, пасту баландликлари bor.Balki, бунинг вақти-соати бўлмаётгандир. Ҳозир мураббий сифатида ишлаш қийин.

— Сизга Суперлига жамоаларидан таклиф бўлса, қабул қиласизми?

— Кўп йиллардан буён жуда кучли мутахассислар билан бирга фаолият юритш насиб этди. Ўтган давр давомида шунчаки вақтни зое қилиб юрмадим. Ҳар бир ишлаган мутахассисларимдан ниманидир олишга ҳаракат қилиб, ўзимга яраша билим ва кўникмаларга эга бўлдим. Билганларимизни амалда синовдан ўтказяпмиз, билмаганларимни эса ўқиб ўрганяпман. Бордию Суперлигада ишлаш имконияти туғилса, ўзимда ишонч бор, албатта бунга тайёрман. Юқорироқдан келган чақирувга тайёр бўлмасам, фаолиятимни шу нуқтада якунлаганим яхши. Барча мутахассислар ўсишни исташади ва шунга интилишади. Мен ҳам шунга аракат қиляпман, ҳали яна тажриба орттиришим керак.

— Ортда қолган биринчи даврадаги қайси ўйинни имкони бўлса, бошқатдан ўйнар эдингиз?

— «Сўғдиёна-U-21» жамоасига қарши кечган беллашувни. Боиси, ўша учрашувда йирик ҳисобда имкониятни бой бергандик (2-тур, 2:6).

— Биринчи даврадаги ёшлар жамоамиз учун энг энг қийин кечган ўйин қайси бўлди?

— «Хоразм-U-21» (9-тур, 1:1) билан бўлган учрашув. Ўша баҳсда урганчликлар шогирдларимга муносиб қаршилик кўрсата олишганди.

— Мухлисларга тилакларингиз...

— Аввало, ёшлар жамоамизни қўллаб-қувватлаб туришгани учун мухлисларга раҳмат айтаман. Уларнинг оилалари тинч-тотув бўлсин. Ишқибозлар доимо U-21 жамоамизнинг ўйинига ҳам келиб, энг оғир дамларда қўллаб-қувватлаб туришди. Бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қолаверса, бизга кўмак ва ёрдам бераётган барчага раҳмат айтаман. «Навбаҳор» жамоамиз ҳам бу йил чиройли ўйинлар намойиш этмоқда. Илоҳим, асосий жамоамизга жорий мавсум якунида совриндорлар сафидан жой олиш, Ўзбекистон кубогини қўлга киритиб, барчани хурсанд этиш насиб этсин.

«Навбаҳор» ПФК матбуот хизмати.

Манба: @fcnavbahor
Киритилди: 23:56, 12.07.2025. Ўқилди: 354 марта. Фикрлар: 0 та.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).


Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Биласизми, Лионель Месси Аргентина терма жамоаси сафида дебют ўйинида майдонга тушганидан сўнг 44 сония ўтиб қизил карточка олиб майдонни тарк этган

Тўпурарлар жадвали

Футболчи Гол
1 Пахтакор Игорь Сергеев 11
2 Сўғдиёна Люпчо Дориев 9
3 Бунёдкор Луис Качорри 8
4 Насаф Ҳусайн Норчаев 8
5 Навбаҳор Аббос Ғуломов 7
6 ОКМК Хуршид Ғиёсов 6
7 Навбаҳор Руслан Жиянов 6
8 Динамо Анваржон Ҳожимирзаев 5
9 Нефтчи Зоран Марушич 5
10 Машъал Ҳумоюн Муртазоев 5

Сўнгги хабарлар

Бошқа хабарлар →

Конференция

Қаҳрамон Асланов

Онлайн савол-жавоб


Шуҳрат Шокиржонов

Фақат футбол ҳақида


Шерзод Ражабов

Кучли Бешлик


Ҳасанали Қодиров

Онлайн савол-жавоб


барча конференциялар »
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.