“Андижон” клуби селекция ишларини қизғин давом эттирмоқда. Жамоа ўз сафига яна икки тажрибали футболчини ўз сафига қўшди — ҳимоячи Игор Голбан ва дарвозабон Раҳимжон Давронов билан шартнома имзоланди.
Тажрибали марказий ҳимоячи Игор Голбан 2026-йилги мавсумда “Андижон” шарафини ҳимоя қилади. 1990-йил 31-июлда Россиянинг Сочи шаҳрида туғилган футболчи фаолиятини ватанининг турли клубларида бошлаган. У “Жемчужина”, “Сочи”, “Локомотив”, “Шинник”, “Химки”, шунингдек Чехиянинг “Сигма” жамоасида тўп сурган.
Голбан 2015-йилдан буён Ўзбекистон чемпионатида фаолият юритиб келмоқда. У шу пайтгача “Қўқон-1912”, “Навбаҳор” ва “Насаф” таркибларида ўйнаган, мамлакат чемпиони бўлган ва икки карра Суперкубок соҳибига айланган. Умумий ҳисобда 420 та ўйинда иштирок этиб, 27 та гол урган ва 8 та голли пас берган.
Клубнинг яна бир янги трансфери — тажрибали дарвозабон Раҳимжон Давронов. У ўтган мавсумни “Локомотив” сафида ўтказиб, жамоанинг Суперлига йўлланмаси олишида муҳим роль ўйнади. 1996-йил 3-октябрда Муборакда туғилган Давронов фаолиятини “Машъал”да бошлаган. Кейинчалик “Бухоро”, “Навбаҳор”, “Турон”, “Металлург” ва “Локомотив” жамоалари дарвозасини қўриқлаган. Жорий йил “Локо” таркибида 23 та ўйинда майдонга тушди. У ўз вақтида Ўзбекистон U23 таркибида Осиё чемпиони ҳам бўлган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).