Бугун 9 октябрь, 2025 йил, пайшанба.

Турнир жадвали

Жамоа Ў О
1 Насаф 24 53
2 Нефтчи 24 51
3 Пахтакор 24 46
4 Динамо 23 44
5 ОКМК 24 40
6 Бунёдкор 24 40
7 Навбаҳор 24 37
8 Қизилқум 24 29
9 Сўғдиёна 24 28
10 Қўқон-1912 24 26
11 Андижон 23 25
12 Сурхон 24 25
13 Машъал 24 23
14 Хоразм 24 21
15 Бухоро 24 21
16 Шўртан 24 12

Ўтган ўйинлар. 24-тур

24-тур Хоразм 1-1 Навбаҳор
24-тур ОКМК 0-1 Қўқон-1912
24-тур Бухоро 0-4 Пахтакор
24-тур Сурхон 0-2 Динамо
24-тур Бунёдкор 2-2 Насаф
24-тур Нефтчи 2-0 Андижон
24-тур Шўртан 1-2 Сўғдиёна
24-тур Қизилқум 1-0 Машъал

Сўровнома

  • Суперлига мавсумида чемпионликка асосий даъвогар қайси жамоа деб ҳисоблайсиз?

  • Натижалар | Жами овоз: 6075 та.
  • Сўровномалар архиви

ТВ дастурлар

Блогдаги ўзгаришлар

Теглар булути

Хабарлар архиви

Самуэле Риччи: "Болаликдан "Милан" мухлиси эдим"

Баҳо:
+ | -
ЕВРОПА / Футболчилар / Фикрлар
Рукн: Интервьюлар
A A A

Янги мавсум олдидан таркибни янгитдан шакллантираётган «Милан» 3 июль куни «Торино» етакчиси Самуэле Риччи билан 4 йиллик шартнома имзолади. Италия терма жамоасининг 23 ёшли ярим ҳимоячиси «россонерилар» сафида ўзи учун қадрли 4-рақамда тўп сурадиган бўлди. Айни дам ҳафта сўнггида старт оладиган «А» Серия баҳсларига жиддий тайёргарлик кўраётган футболчи Gazzetta dello Sport ижодкорлари билан суҳбатда Миландаги ҳаёти ва келгуси режалари ҳақида гапириб берди.

- «Милан»га хуш келибсиз Риччи! Очиғи, сизни янги жамоадошларингиз билан бу қадар тез тил топишасиз деб ўйламагандик...

- Тўғриси, янги муҳитга жуда тез мослашувчан феъл-атворга эгалигим боис «Милан»да у қадар катта муаммоларга дуч келмадим. Гарчи адаптация жараёни давом этаётган бўлсада, клуб ходимлари ва кийиниш хонасидаги ижобий атмосфера туфайли янги жамоага имкон қадар тезроқ мослашиб олишга ҳаракат қиляпман.

- Жамоа бош мураббийи Массимилиано Аллегри билан муносабатларингиз қандай?

- Икковлон ҳам тосканаликмиз ва бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Бош мураббий машғулотларда ярим ҳимоячилардан ишончли ўйин талаб қилиш асносида техник жиҳатдан имкон қадар мукаммал ҳаракат қилишимиз ва тўпни тезроқ олдинги чизиқ вакилларига етказиб беришимиз кераклигини уқтирмоқда. Чунки қанотларда ҳаракатланадиган ижрочиларимининг савияси ва тезлигини яхши биламиз. Уларга рақибни безовта қилишга қанча кўп ёрдам берсак, ҳаттоки тактикани ўзгартирган пайтларда ҳам ҳужумда фаолроқ тўп сура оламиз.

- Мавсум олдидан клуб сафига келиб қўшилган дастлабки ойни қандай баҳолайсиз?

- «Милан»да аҳил жамоа, фантастик муҳит ва ажойиб мавсумни ўтказишга ҳар томонлама тайёр, жанговар кайфиятдаги футболчиларни учратдим. Қисқаси барчаси кўнгилдагидек. Зеро, бундан ортиғини орзу қилиб ҳам бўлмайди.

- Сўнгги йилларда самарали узатмалар нисбати бўйича «А» Серияда энг яхши натижага эга бўлиб турибсиз...

- Ростини айтсам, аслида тўп билан ишлаш ва майдонда бор маҳоратимни намойиш қилишни яхши кўраман. Лекин жамоага ёрдам бериш учун тўғри позиция танлаш ҳамда ақили қарорларлар чиқариш лозим. Шундай экан, баъзида тўпсиз ўйнашни ҳам билиш керак. Бу борада мураббийлар кўрсатмасига амал қилишга интиляпман. Айниқса, Аллегри ҳар бир машғулотда ўз имкониятларимдан оқилона фойдаланиш учун нималарга эътибор қаратишим кераклигини тушунтириб бормоқда. Ўйлашимча, янги мавсум сиз айтган йўналишда янада яхшироқ натижаларга эришаман.

- Демак, футболчилик даврида ярим ҳимояда ўйнаган Аллегрининг маслаҳатлари сизга асқотади...

- Бўлмасамчи. Ахир у ҳам мен ўйнаётган амплуада тўп сурган ва ушбу чизиқда футболчи қандай ҳаракатланиши кераклигини яхши билади. Шундан бўлса керак Аллегри ўйинимдаги камчиликларни пайқаб, уларни бартараф этишда ўз ёрдами ва маслаҳатларини бериб бормоқда.

- «Милан»нинг ўртоқлик ўйинида «Ливерпул»га жиддий қаршилик кўрсата олишини кутганмидингиз?

- Олдинроқ, биз «Арсенал»га қарши ҳам худди шундай ўйин ўтказгандик. Фарқли томони лондонликлар билан беллашувда тўпга эгалик қилиш бўйича, айрим қийинчиликларга дуч келгандик. Гонконгдаги йиғин давомида ушбу камчиликлар қатори мураббий талаб қилган услубга мослашиш ва қарши ҳужумда ишончли ўйин намойиш этиш бўйича машғулотлар олиб борилди.

- Леаога қарши тўп сургандан кўра, у билан бирга ўйнаган маъқулроқ. Шундай эмасми?

- Албатта, сафимизда Рафадек ўйинчининг бўлиши ҳаммамиз учун фойдали. Чунончи, унинг қандай имкониятларга эгалиги ва нечоғлик сифатли футбол намойиш эта олишини барчамиз яхши биламиз. Ўйлашимча, Леао бу мавсум ҳужум чизиғимиздаги энг хавфли қуролимизга айланади. Чунки у кучли иштиёқ, ақлбовар қилмас тезлик ҳамда юқори иқтидор орқали майдонда кўп нарсани ҳал қилишига ишонаман.

- Лофтус ва Фофана билан ярим ҳимояда тандем ҳосил қилишга қандай қарайсиз?

- Улар майдонда кўп нарсаларга қодир бўлган юқори тоифали, серқирра ўйинчилар. Тўғриси, ёнимда шундай иқтидорли шерикларнинг бўлиши менинг ишимни анча осонлаштиради. Қисқасини айтганда, юқори мақсадларни кўзлайдиган жамоа учун бундай тоифадаги футболчилар жуда муҳим.

- Сизнингча, 2024/25 йилги мавсумдаги кўнгилсизликлардан кейин «Милан»да янги давр бошланмоқдами?

- Менимча, ўртоқлик ўйинларидаги натижаларга қараб хулоса қилиш бироз нотўғри бўларди. Чунки, бундай даражадаги учрашувларда асосий эътибор мавсумга муносиб тайёргарлик кўришга қаратилади. Бироқ, барибир чемпионат олдидан яхши таассурот қолдириш ҳамда имкон қадар оптимал спорт формасига кириб олиш фойдали эканини айтган бўлардим.

- «Торино»даги жамоадошларингиз билан ҳам гаплашиб турибсизми?

- Яширмайман собиқ жамоадошларим билан телефон орқали тез-тез мулоқот қилиб турибмиз. Масалан, улардан янги мураббий билан ишлари қандай кетаётганини сўрадим ва тиббиёт ходимларининг айрим аъзолари билан ҳам гаплашдим. Хуллас, «Торино»дагилар билан яхши муносабатдаман ва у ерда биргаликда ўтказган бахтли дамларни ҳеч қачон унутмайман.

- Демак «россонерилар» либосини кийганингиздан хурсандсиз, лекин «Торино»ни ҳам унутмайсиз...

- Худди шундай. Аслини олганда «Милан»дек буюк тарихга эга жамоа аъзосига айланганимдан фахрланаман. Шу билан бирга менга ўз ўғлидек муносабатда бўлган ва «Миланелло»га бориш имконияти пайдо бўлгач дарҳол қўйиб юборишга рози бўлган президент Каирога, собиқ жамоадошларим ва бутун Турин клуби ходимларига миннатдорчилик билдираман. Ўз навбатида, «россонерилар» раҳбариятига билдирилган қизиқиш ва ишонч учун алоҳида ташаккур изҳор этаман.

- Болалигингизда қайси жамоага мухлислик қилардингиз?

- Балки кимгадир бу гаплар эриш туюлиши мумкин, лекин тўғрисини айтсам, азалдан «Милан» мухлиси эдим.

- Игли Таре ва Аллегри бу йилги устувор вазифа «Милан»ни Чемпионлар лигасига қайтариш эканлигини айтишди...

- Ҳа албатта, раҳбарият томонидан жамоанинг аввалги мавқеини тиклаш ва юқори ўринлар учун курашиш асосий вазифа сифатида белгиланган. Ўйлайманки, ҳозирги «Милан» бунга эриша олади. Биз қадамма-қадам олға боришимиз ҳамда ўйиндан-ўйинга ривожланишимиз лозим. Лекин айни дамда бор эътиборни бўлажак учрашувларга қаратиш ҳамда узоқ келажак ҳақида камроқ гапириш тўғри бўлади, деган фикрдаман.

- Лекин сиз ҳам Чемпионлар лигаси мадҳиясини майдонда эшитишни хоҳласангиз керак?

- Албатта. Нафақат мен балки «Милан»га алоқадор ҳар бир инсон «Сан-Сиро»да ЕЧЛ мадҳияси янграшини орзиқиб кутмоқда. Аммо бунга эришиш учун ниҳоятда машаққатли йўлни мардонавор босиб ўтиш лозим. Демоқчи бўлганим, ҳозирги кунда жамоани яна чўққига олиб чиқиш учун ишлашда давом этишимиз ҳамда ҳар бир ўйинга руҳан ва жисмонан тўғри ёндашишимиз керак.

Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади

Манба: Интерфутбол газетаси
Киритилди: 23:55, 24.08.2025. Ўқилди: 607 марта. Фикрлар: 0 та.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).


Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Биласизми, Англиялик футболчи Кевин Киган жаҳон чемпионатлари ўтказилган йилда унда иштирок этмасдан «Олтин тўп»ни қўлга киритган ягона футболчи

Тўпурарлар жадвали

Футболчи Гол
1 Пахтакор Игорь Сергеев 16
2 Насаф Ҳусайн Норчаев 13
3 Сўғдиёна Люпчо Дориев 13
4 Навбаҳор Аббос Ғуломов 10
5 Динамо Анваржон Ҳожимирзаев 8
6 Бунёдкор Луис Качорри 8
7 ОКМК Хуршид Ғиёсов 8
8 Навбаҳор Руслан Жиянов 8
9 Машъал Ҳумоюн Муртазоев 7
10 Бунёдкор Темурхўжа Абдухолиқов 7

Сўнгги хабарлар

Бошқа хабарлар →

Конференция

Қаҳрамон Асланов

Онлайн савол-жавоб


Шуҳрат Шокиржонов

Фақат футбол ҳақида


Шерзод Ражабов

Кучли Бешлик


Ҳасанали Қодиров

Онлайн савол-жавоб


барча конференциялар »
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.