Қозон-2013. Вакилларимиз бронза медалларидан қуруқ қолишди
Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган Универсиаданинг бугунги баҳсларида икки нафар спортчимиз бронза медали учун кураш олиб бориши ҳақида хабар бериб ўтгандик. Афсуски, ҳар иккала самбочимиз "бронза" учун баҳсда имкониятни бой беришди.
Эркаклар ўртасида 74 кг.гача бўлган вазнда иштирок этаётган Истам Қудратов Алехандро Клара (Аргентина) билан беллашди. Жанг давомида қўлга киритилган 1 очко аргентиналик самбочига бронза медалини келтирди.
Аёллар ўртасида 64 кг.гача бўлга вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Шохиста Сафарова бронза медали учун ўтиш баҳсида мўғулистонлик Ардахан Хуанбайни 13:0 ҳисобида енган бўлса, бевосита "бронза" учун беллашувда япониялик Акане Икутага 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Юнон-рум кураши баҳсида иштирок этаётган Бобурбек Зайлобиддинов (66 кг) нимчорак финалда украиналик Роман Гайдукни мағлуб этди. Энди у чорак финалда россиялик Ислам-бека Альбиев билан беллашади.
Киритилди: 15:41, 15.07.2013. Ўқилди: 4002 марта. Фикрлар: 1 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).