Бэйлнинг "Тоттенхэм"дан "Реал"га ўтиши борасидаги хабарларнинг кети узилмаяпти. Хориж ОАВда тарқалган навбатдаги янгиликда лондонликлар ушбу трансфер учун мадридликлардан оладиган пулни қандай сарфлашлари ҳақида сўз боради.
Sunday Times`нинг ёзишича, "Тоттенхэм" Гарет кетганидан сўнг унинг ўрнини тўлдириш учун ўз сафига Луис Суарес ва Жексон Мартинесларни қўшиб олиш ҳаракатига тушади.
Клуб бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш испаниялик Роберто Сольдадо билан келишувга эришганидан сўнг, яна бир юқори савияли ҳужумчига эҳтиёж сезмоқда.
Суареснинг "Ливерпуль"дан "Тоттенхэм"га ўтиши ҳақида хабарлар аввалроқ ҳам бот-бот такрорланиб турган, аммо футболчининг ўзи Чемпионлар лигасида қатнашмайдиган бошқа инглиз клубига ўтишга рози бўлиши сўроқ остида қолганди.
Жексон Мартинес эса "шпорлар" ҳарид қилиши мумкин бўлган ва кўпроқ ҳақиқатга яқин вариант. Аммо бу ерда ҳам улар ўз мақсадларига осон етишишлари даргумон. "Тоттенхэм" бу трансфер масаласида "Наполи" билан рақобатлашишига тўғри келади. Эслатиб ўтамиз, "Порту" 26 ёшли ўйинчини 40 миллион еврога сотишга тайёр.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).