19 апрель куни Қўқонда водий дербиси доирасида “Андижон” клуби “Қўқон-1912”га қарши майдонга тушади.
Айни пайтда “Бургутлар” бўлажак баҳс учун астойдил тайёргарлик кўришмоқда. Жамоамиз аъзолари бунинг учун машғулотларда жиддий ишлашмоқда ва мураббийларнинг кўрсатмалари асосида шуғулланишяпти.
Жумладан, Пўлатхўжа Холдорхонов ҳам жамоадошлари қатори юқори суръатда тайёргарлик кўрмоқда.
Жамоамизнинг бугунги машғулоти олдидан клуб матбуот хизмати Холдорхонов билан қисқача мулоқот ўтказди.
— Пўлатхўжа, 19 апрель куни “Андижон”ни сафарда “Қўқон-1912”га қарши навбатдаги водий дербиси кутмоқда. Бўлажак ўйинга тайёргарлик қандай кетмоқда ва жамоанинг кайфияти қандай?
— Ассалому алайкум. Ўйинга тайёргарлигимиз яхши кетмоқда. Жамоанинг кайфияти яхши ва ҳамма ўйинга тайёр.
— Маълумки, кетма-кет муваффақиятсизликлардан кейин жамоамизда мураббийлар алмашди. Айтинг-чи, мураббий янгиланганидан сўнг жамоада қандай ўзгаришларни сезяпсиз?
— Биласизми, мураббий алмашгани билан жамоанинг мақсади ўзгармайди. Барча ўйинга ҳаммамиз майдонга фақат ғалаба учун тушамиз. Машғулотлар жараёнида шуни кўряпмизки, бизга доминант футболни олиб кирмоқда. Айнан машғулотларда шунинг устида кўпроқ ишлаяпмиз.
— Ҳар ўйинда жон-жаҳдингиз билан ўйнаётганингизга гувоҳ бўляпмиз. Олдиндаги ўйин учун қандай мотивация оляпсиз?
— Худо хоҳласа, бўлажак баҳсда жамоамга қўлимдан келганича ёрдам бераман. Албатта, менинг вазифам гол уриш, лекин гол уришдан ҳам кўра жамоамнинг ғалабаси муҳим. Мен ҳар бир учрашувда боримни беришга ҳаракат қиламан ва бунинг учун ҳамма вақт мухлислардан мотивация оламан.
— Жамоанинг мағлубиятли ўйинлар сериясига нима сабаб деб ўйлайсиз?
— Афсуски, ўйинларда бизга кўпинча омад етишмади, деб ўйлайман. Қаердадир ўзимизнинг хатоларимиз эвазига ютқаздик. Албатта, олдинги хато ва камчиликлардан етарли хулосалар чиқариб, бўлажак беллашувларда ишқибозларимизни ғалабалар билан хурсанд қиламиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).