Ҳусниддин Алиқулов жароҳат сабабли Жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориши мумкин
Ўзбекистон терма жамоаси ва Туркиянинг “Ризеспор” клуби футболчиси Ҳусниддин Алиқулов жароҳат сабабли узоқ муддатга сафдан чиқди. Клуб матбуот хизмати унинг ҳолати юзасидан расмий баёнот эълон қилди.
Алиқулов 2026 йил 19 январь куни “Гёзтепе” жамоасига қарши учрашувда олган зарбаси оқибатида чап тиззасидан жароҳат олган ва ўйинни давом эттира олмаган.
“Ризеспор” клуби соғлиқни сақлаш комиссияси раиси, профессор Ҳасан Турутнинг маълум қилишича, ўтказилган тиббий кўрик ва текширувлар натижасида футболчининг чап тиззасида олдинги хочсимон боғлам узилиши, тизза косачасининг ярим чиқиши (пателлар сублуксация), бунга боғлиқ равишда МПФЛ (тизза косачаси боғлами) шикастланиши, шунингдек ички ва ташқи менискларда йиртилиш, қон кетиши ҳамда шиш аниқланган.
Шундан сўнг футболчини жарроҳлик амалиёти орқали даволашга қарор қилинган. Маълумотларга кўра, Ҳусниддин Алиқуловнинг майдонга қайтиш муддати 6 ойдан 9 ойгача вақт олиши кутилмоқда.
Шу тариқа, 26 ёшли ўзбекистонлик ҳимоячи 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок эта олмаслиги мумкин. Турнир 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади.
Манба: daryo.uz
Киритилди: 23:04, 21.01.2026. Ўқилди: 1582 марта. Фикрлар: 5 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).