Италиянинг олд клубларидан бири – «Милан»да қисқа, аммо мазмунли фаолият юритган Сержиу Консейсау «россонерлар» лагеридаги ишига доир фикрлари билан яна кўпчилик эътиборини тортди. Аниқроғи, португалия-лик мутахассис La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида клуб ичидаги муаммолар ҳамда раҳбарият билан муносабатлари ҳақида очиқ-ошкора гапирди. Демак, қуйида бугунги кунда Саудиянинг «Ал-Иттиҳод» клубини бошқараётган Консейсаунинг «Миланелло»даги 6 ойлик фаолиятига тааллуқли энг қизиқарли ва муҳим иқтибослари билан танишамиз.
– Келинг, суҳбатимизни «Милан»даги ишингизнинг илк кунларига боғлиқ хотираларингиз билан бошласак. Чунончи, «россонерлар» бошқарувида фаолиятингиз ёмон бошланмаганди…
– Ҳа, шундай. Ўша вақт жуда жадал жадвал бўйича ишлаганимизни яхши эслайман: видео-таҳлиллар, тактик ишланмалар, футболчиларга дарҳол таъсир кўрсатиш учун мотивацион нутқлар… Дейлик, Саудияда ўтказилган Италия суперкубоги ярим финалида таркибида ўғлим Франсишку ўйнаган «Ювентус»ни енгиб, финалда «Интер»дан ҳам устун келгандик.
– Кейин ғалабани ўша машҳур ҳаракат – сигара чеккан ҳолда нишонлаш…
– Бундан олдинроқ «Порту»да қўлга киритилган ҳар бир совриндан кейин шундай қилганман — жами 11 марта. «Милан» футболчилари эса катта муваффақиятлардан кейин ғалабани ўзига хос тарзда нишонлашимни билишарди. Хуллас, улар финалдан олдин агар ғалаба қозонсак, шу одатимни такрорлашимни сўрашганди.
– Умуман, шахсан ўзингиз «Милан» бош мураббийи ролидаги фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?
– Албатта ижобий. Чунончи, 2016 йилдан буён «Милан» билан фақат 2 нафар мураббийга соврин ютиш насиб этди, холос. Аниқроғи, Пиоли жамоани «А» серияда ғолиблик сари етаклаган бўлса, мен суперкубокни таъминладим. Қолаверса, ўша даврда тўпланган очколарни ҳисобласак, «Милан» бемалол ЕЛга йўлланма олган бўларди. Аммо «Милан дерби»сида қайд этилган 2та зафар, «Рома» билан баҳсда қўлга киритилган ёрқин ғалаба каби қувончли натижалар қатори кўнгилни хиралаштирадиган воқеликлар ҳам кузатилгани рост…
– Айнан қандай воқеликлар?
– Дейлик, клуб ичида деярли ҳар бир масала борасида беқарорлик бор эди. Бунинг оқибатида жамоа муҳити ҳам издан чиқди, энг ёмони, раҳбариятдан тўлиқ қўллаб-қувватланишни ҳис қилмадик. Оддий мисол, суперкубокни ютганимиздан кейин чемпионатда «Кальяри»га қарши ўйнадик, бу учрашув якунида эса мутасаддилар бошқа мураббий қидираётганлари ҳақида хабарлар урчиди. Охир-оқибат, барчамиз натижа босими остида қолдик ва эътиборни фақат иш ҳамда ғалабага қаратишнинг имкони топилмади…
– Агар ўзингизга қўйиб берилганида, жамоада қолармидингиз?
– Албатта, фақат маълум ўзгаришларга қўл уриш шарти билан.
– 6 ой давомида футболчиларнинг сизга хиёнат қилишгани бирор марта сезилдими?
– Йўқ асло. Аксинча, улар ҳамиша мен тарафда туришди – ғояларимга ишонишди, қўллаб-қувватлашди. Буни футболчиларнинг ўзларидан ҳам сўрашингиз мумкин. Қолаверса, жамоадан кетганимдан кейин ҳам кўплаб йигитлар алоқага чиқиб, ҳол-аҳвол сўраб туришди. Шундан ҳам билиш мумкинки, қўл остимдагилар билан алоқа ўрнатишда ҳеч қандай муаммога учрамаганман. Тўғри, жамоада барчадан интизомни қатъий талаб қилардим, фақат дам олиш вақтида енгиллик берганман. Агар кимдир танаффусдан ҳатто 1 килограмм ортиқча вазн билан келса ёки машғулотларга кеч қолса, уни жазолаганим ҳам рост. Мураббийлик фалсафам оддий – хоҳ асосий таркиб футболчиси, хоҳ захира вакили бўлсин, умумий қоидалар, тартиб-интизомга қатъий амал қилиши шарт. Қисқаси, «Милан»да ҳам барчага бир хил қараганман.
– Бутун фаолиятингиздаги энг муҳим нутқни эслай оласизми?
– Албатта. 2012 йили «Ольяненсе»да ишлаганимда, йигитларнинг нималарга қизиқишларини обдон ўргандим. Умуман, ҳар доим шундай қиламан. Хуллас, бир куни ўйин олдидан шогирдларимга оталар ўзлари ҳақида гапирган видеони кўрсатдим. Йигитлар «Оталар куни» муносабати билан қўйилган видеолавҳадан ниҳоятда таъсирланишди. Ҳатто айримлари йиғлаб юборишди. Аксига олиб, ўйиннинг биринчи бўлимида 2та гол қўйиб юбордик. Табиийки, бундан жаҳлим чиқди ва кийиниш хонасида яна «сержант»га айланиб, жиддий оҳангда гапирдим. Якунда 0:2 ҳисобини 2:2га айлантира олдик.
– Бундай қатъий ишонч қаердан келади?
– 16 ёшда мотоцикл ҳалокати туфайли отамни, 18 ёшда эса узоқ давом этган хасталик оқибатида онамни йўқотдим, кейинроқ акамни ҳам. Кетма-кет келган оғир жудоликлардан ғоят эзилдим, фақат эътиқод берган куч, ички хотиржамлик эвазига йиқилмадим. Лекин баъзан ҳамон қаттиқ эзиламан. Айниқса, ота-онамга барча орзуларимга эришганимни кўрсатмоқчи бўламан. Қалбим тубидаги қандайдир соя ҳаётимда бир кемтиклик борлигини эслатиб туради. Айниқса, ёлғиз қолганимда…
– Барча ҳаракатларингиз йўқотганларингиз туфайли ҳосил бўлган кемтикликни тўлдириш учунми?
– Айнан шундай. Ота-онамнинг суратларини доимо ёнимда олиб юраман, улар учун ҳар куни ибодат қиламан. Тўғри, бугун энг бахтли инсонлардан бириман. Зеро, 5 нафар фарзандим бор, севган ишим билан шуғулланиб, катта муваффақиятларга эришдим. Аммо ота-онамсиз ҳеч қачон тўлиқ бахтни ҳис қилмаганман, барибир. Энг оғир дардим шу.
– Ҳа, оғир дард, лекин бўшлиқни фарзандларингиз тўлдиришаётгандир қайсидир маънода…
– Фарзандларим – энг катта қувончим ва суянчиғим. Айниқса, Франсишкунинг «Ювентус»даги муваффақиятларини кўриб, бошим осмонга етади.
– «Порту» билан 7 йилда 11та соврин ютган мураббийсиз – фахрланишга арзийдиган натижа…
– «Порту» бошқарувини қўлга олганимда, жамоа охирги 4 йилда ҳеч қандай соврин ютган эмасди. Клуб президенти да Кошта билан муносабатларим мукаммал эди ва келишган ҳолда, таркибни тубдан янгилаганмиз. Асосийси, трансферлардан 600 миллион евро ишлагандик. Таркибдаги йўқотишларга қарамай, ЧЛда барқарор ўйин намойиш этиб, ҳар сафар гуруҳдан чиққанмиз. «Порту» айниқса, Италия жамоалари – «Ювентус», «Рома» ва «Лацио»га чинакам бош оғриғи бўлганди.
– «Милан»дан кетгач, Италиянинг қайсидир клубидан таклиф олганингиз ҳақида гаплар чиққанди…
– Ҳа, бу рост. «Ал-Иттиҳод» билан шартнома имзолашимдан олдин «Лацио» ишга чорлади. Аммо Саудия лигаси ҳам анча рақобатбардош, амбициялар юқори, машғулотлар эрталаб эмас, кундузи ўтказилади. Шунингдек, бу ерда маданий хусусиятларга мослашиш керак. Мен эса табиатан шундай чақириқларни яхши кўраман.
– Вақти келса, Италияга қайтишингиз мумкинми?
– Ҳа, албатта. Умид қиламанки, қачондир яна шу гўзал мамлакатда ишлаш имконияти пайдо бўлади…
ХУРШИДБЕК тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).