АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган, жинсий жиноятлар учун судланган Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳужжатлар жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу материалларда илгари Эпштейн иши билан боғланмаган яна бир машҳур исм — Франция футболи юлдузи, собиқ футболчи Франк Рибери номи ҳам қайд этилган. Бу ҳақда Marca нашри хабар берди.
2026 йил бошида Epstein Files Transparency Act (Эпштейн ҳужжатлари бўйича шаффофлик тўғрисидаги қонун) асосида ошкор қилинган ҳужжатлар сабаб Адлия вазирлиги Эпштейн билан боғлиқ барча таснифланмаган ва таҳрир қилинмаган материалларни эълон қила бошлади. Мазкур тўплам ҳозиргача очиқланган энг йирик архивлардан бири бўлиб, унда 3 миллиондан ортиқ саҳифа мавжуд. Ҳужжатлар орасида тергов ҳисоботлари, электрон ёзишмалар, суд материаллари, шунингдек видео ва тасвирлар жамланган.
Ҳужжатларнинг аксариятида турли шахслар исмлари контексциз санаб ўтилган. Айрим файлларда эса аниқ гувоҳликлар ва даъволар келтирилган бўлиб, улар орасида Франк Риберига оид парчалар ҳам мавжуд. Ушбу маълумотлар дастлаб Reddit’даги р/соccер ҳамжамиятида муҳокама қилиниб, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Маълум ҳужжатларнинг бирида, хусусан 26-саҳифада, Рибери номи тилга олинади. Унда даъвогарлардан бири боғда юз берган можарони тасвирлаб, гўёки Рибери унга зарба беришга урингани ва воқеага полиция аралашгани ҳақида баён қилади.
Кейинги саҳифаларда эса Карим Бенземанинг адвокати сифатида таништирилган Силвен Корме номи келтирилиб, у Рибери билан бирга вояга етмаган қизларни излагани ҳақида даъво қилинади. Ушбу баёнотлар жиддий мазмунга эга бўлса-да, мутахассислар уларни эҳтиёткорлик билан талқин қилиш зарурлигини таъкидламоқда.
Контекст ва эҳтиёткорлик
Экспертлар ҳамда АҚШ Адлия вазирлиги қайд этишича, Эпштейн ҳужжатларида шахс номининг тилга олиниши жиноят айблови ёки тасдиқланган ҳуқуқбузарликни англатмайди. Ҳужжатларда юзлаб таниқли шахслар номи учрайди, бироқ уларнинг аксариятига нисбатан ҳеч қандай расмий айблов мавжуд эмас.
Мутахассислар ҳужжатларнинг катта қисми текширилмаган даъволар, иккиламчи манбалар ва контексциз қайдлардан иборат эканини таъкидламоқда. Шу боис, исмнинг ҳужжатда қайд этилиши автоматик тарзда айб исботи сифатида талқин қилинмаслиги лозим.
Мазкур ошкор этиш жараёни етарли даражада таҳрир қилинмагани сабабли танқидларга ҳам учради. Айрим қонунчилар ва жабрланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар шаффофлик адолат ва шахсий дахлсизлик ҳисобига амалга оширилмаслиги кераклигини билдирмоқда.
Франк Риберига нисбатан айтиладиган бўлса, ушбу ҳужжатлар унга қарши янги тергов ёки суд жараёнлари бошланганини англатмайди. Эслатиб ўтамиз, у 2010 йилда Карим Бензема билан бирга вояга етмаган қиз билан боғлиқ иш доирасида текширувдан ўтказилган, бироқ 2014 йилда Франция суди ушбу ишни ёпган.
Миллионлаб саҳифалар ҳали ҳам журналистлар ва тадқиқотчилар томонидан ўрганилмоқда. Рибери каби машҳур шахслар номининг Эпштейн ҳужжатларида тилга олиниши эса шаффофлик, жавобгарлик ва адолат ўртасидаги мураккаб мувозанатни яна бир бор намоён этмоқда.
Маълумот учун, 42 ёшли Франк Рибери ўз даврининг энг кучли футболчиларидан бири, шунингдек, футбол тарихидаги энг яхши вингерлардан бири сифатида эътироф этилади.
У футболчилик фаолияти давомида “Лилль”, “Мец”, “Галатасарой” ва “Марсель” клубларида тўп сурган. 2007-йилда Рибери Германиянинг “Бавария” клубига 25 миллион евро эвазига трансфер қилинган. Мюнхен жамоаси сафида у 12 мавсум давомида 9 марта Бундеслига чемпиони, 6 марта Германия кубоги соҳиби, шунингдек, Европа Чемпионлар Лигаси ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолибига айланган. Умуман олганда, Рибери “Бавария” билан 24 та совринни қўлга киритган.
2012/13 йилги мавсумда “Бавария” билан тарихий “требл” қайд этган Рибери “Олтин тўп” соврини учун Лионель Месси ва Криштиану Роналду билан бирга якуний номзодлар рўйхатига киритилган. У Арен Роббен билан бирга ҳосил қилган тандеми туфайли мухлислар орасида “Робберй” лақаби билан машҳур бўлган.
2019 йилда Рибери “Бавария”ни тарк этиб, Италия клуби “Фиорентина”га ўтди. Кейинчалик “Салернитана” сафида тўп суриб, 2022 йилда профессионал футболчилик фаолиятини якунлади.
Франция терма жамоаси сафида 2006–2014 йиллар оралиғида 81 та ўйин ўтказган Рибери икки марта Жаҳон чемпионатида (2006, 2010) ва икки марта Европа чемпионатида (2008, 2012) иштирок этган. У уч бор Францияда йилнинг энг яхши футболчиси деб топилган, 2013 йилда эса УЕФА томонидан Европанинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган.
Ҳозирда Франк Рибери Италия Б серияси вакили ва футболчи сифатидаги сўнгги клуби — “Салернитана”да техник ҳамкор сифатида фаолият юритмоқда.
Шунингдек, у 2025 йил август ойида Дида, Роберто Карлос, Фабио Каннаваро, Марко Матераци, Майкон, Клод Макелеле ва Сержиньо каби жаҳон футболи юлдузлари билан биргаликда Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).